Ислом динининг Қуръони каримдан кейинги иккинчи манбаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари эканлигига шак-шубҳа йўқ. Мана шунинг учун ҳам, ушбу суннатни ўрганиш ҳар бир мусулмон инсоннинг зиммасидаги муқаддас бурчдир. Чунки, Суннатни – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, амаллари ва иқрорларини – билмай туриб Исломни билдим, унга амал қилдим дейиш мумкин эмас.
СУННАТ НИМА?
Суннатни ўрганишдан аввал «Суннат» ўзи нима эканини билиб олиш керак. Аввало Суннат ва Ҳадис бир-бирининг ўрнида ишлатилиб юрган истилоҳлар эканини айтиш лозимдир. Уларни диққат билан ўрганилганда эса, ҳадис хосроқ, Суннат умумийроқ эканини тушуниб оламиз.
«Ҳадис» – араб тилида «гап-сўз» маъносини англатади. Демак, ҳадис деганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади.
Ҳадис илми билан шуғулланувчи олим эса, муҳаддис дейилади. Муҳаддислар – асосан, ҳадисни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайси йўллар билан, кимлар орқали ривоят қилиниб ўзларигача етиб келганини аниқлайдиган олимлардир. Улар бу улкан масъулиятли ишни амалга оширишда жуда ҳам аниқ ва ишончли йўлларни танлашган. Мазкур услуб ва илмий йўллар инсоният тарихида инсоний (гуманитар) илмларга асос бўлган.
«Суннат» сўзи эса, араб тилида «тариқат – маънавий йўл» маъносини англатади. Фалончининг суннати дегани унинг ҳаётий йўли, деганидир. Шундан келиб чиқиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, деганда тарийқатлари, йўлларини тушунамиз.
Суннат муҳаддислар истилоҳида, қуйидагича таъриф қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар «Суннат» дейилади».
Ушбу таъриф Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган ва ишончли манбаълар орқали ривоят қилинган бир неча хил нарсани ўз ичига олмоқда ва ўша нарсаларнинг тўплами «Суннат», деб номланишини англатмоқда. Ана ўша таърифда зикри келган нарсаларга биттадан мисол келтирайлик.
- «Гап» – бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда гапирган гаплари киради.
Мисол учун «Албатта ишлар ниятга боғлиқдир»-деганлар.
Ушбу муборак гапни эшитган одамлар, омонат билан уни эшитмаганларга етказганлар. Шу тарийқа авлоддан-авлодга ўтиб муҳаддис олимгача етиб келган. Муҳаддис эса илмий йўллар билан текшириб, унинг ҳадис эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг китобига ёзган. Буни «қавлий (гап) суннат» дейилади.
- «Иш» – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш – амалларидир. Мисол учун таҳорат қилиш, намоз ўқиш, ҳаж қилиш ва бошқа ишларни олиш мумкин. Шунга ўхшаш амалларни кўрган кишилар бу ҳақда кўрмаганларга айтиб, кўрсатиб берган. Бундай маълумотлар шу тарийқа ҳадис олимига етиб келган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари сифатида асар бўлиб қолган. Буни, «амалий (иш) суннат» дейилади.
- «Тақрир» – бир нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш-маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларидан иборатдир. Бунга мисол: Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз юборган бир тўп лашкарга бош эди. Борган жойида жунуб бўлиб қолди ва совуқдан қўрқиб ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқиди. Унинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қилган ишини маъқуллаганлар. Маъқуллаш, гап билан маъқул, деб айтиш ёки инкор қилмай, индамай қўйиш билан ҳам бўлади Буни «тақририй суннат»-дейилади.
- «Халқий» – тана тузилишидаги сифатлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар У зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари сочлари, кўзлари ва бошқа аъзоларини батафсил васф қилиб берганлар. Бу маълумотлар ҳам ривоят бўлиб муҳаддисларга, улар орқали Ислом умматига етиб келган. Масалан, Имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» асарлари, айнан шу масалага бағишланган алоҳида китобдир. Барча муҳаддисларимиз ҳам алоҳида китоб таълиф қилмасаларда, ушбу маънодаги ҳадиси шарифлардан ўзларига етганларини ривоят қилиб қолдирганлар.
- «Хулқий-Ахлоқий сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, саҳийликлари каби барча ахлоқий фазийлатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради.
- «Таржимаи ҳол». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, У зот таваллуд топганларидан бошлаб, то Роббиларига мулоқот бўлгунларича таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган. Бу бобга тегишли ривоятлар тўпламини «Сийрат», ҳам дейилади.
Муҳаддис уламоларимиз ушбу олти бандга тегишли ҳар бир маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, сўнгра ўз китобларига киритганлар.
Ўз-ўзидан маълум бўлмоқдаки, Суннат Ислом учун, мусулмонлар учун ўта муҳим манбадир. Чунки, у Ислом Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг – Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал динини ўз ҳаётларида тўлиқ татбиқ қилиб кўрсатган муборак зотнинг – гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари тўпламидан иборатдир.
Илоҳий, абадий ва мўъжизакор дастур Қуръони Каримни ҳаётга татбиқ қилиш йўллари ва услубларини ҳам Суннатдан ўрганамиз. Чунки, Қуръони Каримни қабул қилиб олган, одамларга етказган ва ўз ҳаётида татбиқ қилиб кўрсатган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
www.islomota.uz