МУЛОЙИМЛИЛИК ВА КЕЧИРИМЛИЛИК ҲАҚИДА
Аллоҳ таоло инсонларнинг сурат ва шаклини гўзал қилиб яратган. Агар инсон сийратини, ички дунёсини ҳам чиройли қилса, шунда у комиллик даражасига етишиши мумкин. Кишининг комиллик сифатларидан бири мулойимлик ва кечиримлилик саналади. Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзида мужассам этган жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) ушбу фазилатларда ҳам энг гўзал намуна эдилар. Ул зотга эргашган саҳобаи киром, тобеин, табаа тобеин ва улуғ авлиё ҳамда фузалолар ҳам бу сифатларда Пайғамбаримиз (сав)га эргашганлар. Шу сабаб ҳам комиллик чўққиларини эгаллаган эдилар.
Бугун жаноби Пайғамбаримиз (сав)даги мулойимлик, кечиримлилик, ҳалимлик каби сифатлари ҳақида сўз юритамиз!
Ҳалим ва мулойимликлари ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ (سورة آل عمران/159)
яъни: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар”.
Пайғамбаримиз (сав)нинг ўзлари ҳам марҳамат қилиб айтидилар:
” إنَّ اللهَ رَفِيقٌ يُحِبُّ الرِّفقَ وَيُعْطِي عَلي الرِّفق مَالاَ يُعْطِي عَليَ العُنْفِ وَما لاَ يُعْطِي عَليَ مَا سِوَاهُ “ (رواه مسلم)
яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло мулойимдир ва мулойимликни яхши кўради ҳамда мулойимлик учун қўполлик ва бундан бошқа хислатларга бермайдиган савобни унга беради”.
Бошқа бир ҳадисда, бир киши Расулуллоҳ (сав)га: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга васият қилинг” – деганида, у зот: “Ғазаб қилма” – дедилар. Бу киши бир неча марта сўраганида ҳам Расулуллоҳ (сав): “Ғазаб қилмагин” – дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Авф бу содир этилган гуноҳини ўз вақтида тан олган ва ундан вақт ўтказмай тавба қилган мўмин кишидир. Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қилганларидек: “Одам боласининг ҳар бири ҳам гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари, қилган гуноҳларига тавба қиладиганларидир”.
Албатта, Аллоҳ бандасининг тавбасини қабул этувчи зотдир. Шундан ўрнак олган ҳолда, инсонлар ҳам бир-бирларидан кечирим сўрашликка имкон беришлари, узрини қабул этишлари ва гуноҳини авф қилишлари лозим.
Кўп ҳолларда инсон ўзининг қилаётган ишини тўғри деб билиб, хато ва гуноҳларга йўл қўяётганини эътироф этгиси келмайди. Шундай ҳолатларда унга ўз хатосини тан олмай адашаётганлигини эслатиб қўйиш мусулмончилик ҳақ-ҳуқуқларидан эканлиги Қуръони каримда баён этилган. Ғазабни ютиш энг қийин ишлардан бўлиб, уни жиловлаб олиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин қалбида тақвоси бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ғазаблари келганда уни ичига ютадиган, одамларни афв қиладиган кишиларни мақтаб, улар ҳақиқий тақводор эканликларини ва улар учун кенглиги осмонлар ва ерга қадар бўлган жаннатлар тайёрлаб қўйилганлигини баён қилган. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби бўлган Муҳаммад (сав)ни ҳам кечиримли бўлишга буюрган. Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ (сав) Тоиф шаҳрига у Сақиф қабиласини Ислом динига чақириш мақсадида борганларида, улар Аллоҳнинг Расулига имон келтириш ўрнига, у зотни тошбўрон қилиб хайдайдилар. Муборак бошларидан оёқларигача қонга беланган Муҳаммад (а.с.) ҳузурларига Жаброил (а.с) келиб: “Аллоҳ бу қавмнинг сизга етказган азияти эвазига ўч олиш учун менга нимани буюрсангиз шунга итоат этишимга амр этди” – деганида, Расулуллоҳ (сав): “Эй Аллоҳ, қавмимни ҳидоят қил. Улар буни билмай қилдилар” – деб дуо қилдилар. Шунда Жаброил (а.с.): “Аллоҳ таоло сизни марҳаматли ва меҳрибон деб рост айтган экан” – дедилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб:
خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ… (سورة الأعراف/199)
яъни: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг…” – деган.
Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлиши билан бирга унинг мартаба ва даражасини яна ҳам зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Убода ибн Сомит (рз.) ривоят қилишларича, Расулуллоҳ (сав) саҳобаларга: “Мен сизларга Аллоҳ бандасининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” – дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, айтинг” – дейишди. Шунда Он ҳазратлари: “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни афв қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг” – деб марҳамат қилдилар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз (сав)нинг ахлоқи ҳамидалари билан яхши сифатланиб боришимизни насибу рўзий айласин! мулойимлик, ҳаё, қаноатлик, кечиримли солиҳ бандалардан бўлишимизга муваффақ айласин! Омин.
Жасурбек РАУПОВ
Тошкент шаҳар “Ислом ота” жоме масжид имом-хатиби