ЭЙ АТО, ҲОЛИНГГА ВОЙ!
Бугунги кунда маънавиятимиз, руҳий тарбиямиз учун манфаатли жуда кўп китоблар нашр қилинмоқда, таржима қилинмоқда. Маълумингиз, сайтимизнинг телеграм ижтимоий тармоғи орқали тузилган сўровномада аксарият инсонларнинг китоб ўқишга ҳафсаласи йўқлигини баён қилганларининг гувоҳи бўлдик. Инсон қорни, бадани, танасининг соғлиги ва қуввати учун ҳар нарсадан кечиб ҳаракат қилади-ю, аммо руҳий озуқани унутиб қўяди. Бу жуда афсусланарли ҳолат. Чунки, танамиз биз дунёдан ўтганимиздан кейин тупроққа қоришиб кетади. Қилган амалимиз, ибодатларимиз, саховатларимиз эса ўзимиз билан охиратимиз озуқаси бўлиб қолади.
Баъзида, муаммолар гирдобига, тушкунликларга тушиб қолганимизда бизни “туртиб” турадиган, “ўзимизга келтириб” қўядиган китобларга, сўзларга ёхуд инсонларга эҳтиёж сезамиз.
Мана шундай китоблардан бири бўлган “Солиҳлар гулшани”да бир қанча ибратли, манфаатли мақолаларни бериб бормоқдамиз. Қуйида бугунги кунда биз учун зарур бўлган бир мақолани баён қилмоқчимиз:
Абу Синон Қасмалий айтади: «Ваҳб Ато Хуросонийнинг олдига бориб, шундай деди:
«Эй Ато, ҳолингга вой! Илмингни подшоҳлар ва дунёга қул бўлганлар эшиги олдига олиб боряпсан!
Эй Ато, ҳолингга вой! Сен учун эшиги ёпиқ бўлган, бойлиги сенга маълум бўлмаган, аммо камбағаллиги сенга аниқ кўриниб турганларнинг олдига боряпсан-у, лекин эшиги сенга очиқ, бойлиги маълум бўлган, «Менга дуо қилинглар, ижобат қиламан», деган Зот томон бормаяпсан.
Эй Ато, ҳолингга вой! Мол-дунёдан озига рози бўлавер, агар илму ҳикмати билан бирга бўлса. Бироқ илму ҳикматнинг озига рози бўлма, мол-дунёси бўлса ҳам.
Эй Ато, ҳолингга вой! Аллоҳ сени бой қилиб қўйса, дунёнинг энг ками ҳам сенга кифоя. У Зот сени бой қилмаса, дунёдаги ҳеч бир нарса сенга етмайди.
Эй Ато, ҳолингга вой! Қорнинг денгиздек, водийдек. Уни фақат тупроқ тўлдиради».
“Солиҳлар гулшани” китобидан
Олимжон Аллоҳқули тайёрлади
www.islomota.uz