ДУБАЙ «ИНТЕРНЕТ ОРҚАЛИ ҚУРЪОН ТАЪЛИМИ» МАРКАЗИГА АЙЛАНАДИ
Дубайдаги «Муҳаммад ибн Обид» Қуръон маркази энг замонавий ва энг илғор технологияларни қўллаган ҳолда масофавий таълимга йўналтирилган халқаро Қуръон таълими марказини ишга туширмоқчи, дея хабар беради islom.uz сайти. Хабарда шундай дейилади:
БААда нашр этиладиган “Ал-Баён” газетасининг ёзишича, ташкил этилганига эндигина бир йил бўлган ушбу марказ Қуръони карим таълими борасида катта ишларни бошлаб юборган. Ҳозирда марказ томонидан Қуръони каримни ёд олиш, тиловатини ўрганиш ва Қуръоний билимлар ўзлаштирилишини янада кенгроқ ҳамда самарали йўлга қўйишга жиддий киришилган. Яқин келажакда ишга туширилиши режалаштирилаётган интернет орқали масофавий “Қуръон таълими халқаро маркази” лойиҳаси шулар жумласидандир.
Марказ раҳбари Надо Муҳаммад ибн Обид ал-Фаласийнинг изоҳ беришича, марказ фаолияти асосан ҳофизи Қуръонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Унинг айтишича, марказ ўзининг биринчи йилдаги фаолиятида асосан қизлардан иборат бўлган 290 нафар Қуръон ўрганувчиларини таҳсил олишга жалб қилган.
Манба: islom.uz