ЮРТИМИЗ УЛАМОЛАРИ СИЙМОСИ
Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди деганларидек, собиқ тузум даврида оммавий саводсиз деб топилган халқ аслида дунёда фан ва маданият соҳасини ривожлантиргани, ҳозирги кунда юксак технология ва асбоб ускуналар билан эришилган кўп кашфиётларни бу юрт ўғлонлари бундан минг йиллар аввал кашф этиб қўйганлари тан олинди.
Ҳадис илми бўйича Имом Бухорийнинг Ислом оламида Қуръондан кейинги энг ишончли манбаа “Ал-Жомеъ-ас-Саҳиҳ” ва “Адаб ал-муфрад” асарлари, “Сиҳоҳ ас-Ситта” (олти ишончли) ҳадис китоблардан бири Имом Термизийнинг “Сунан ат-Термизий”, “Шамоил ан-Набавия” асарлари,.Фиқҳ илми йўналишида “Дин ва миллатнинг ҳужжати” номини олган Бурҳониддин Марғинонийнинг Ислом фиқҳи соҳасига улкан ҳисса қўшган “Ал-Ҳидоя”, Содруш-шаръиййа Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Мухтасар ул-Виқоя” асарининг ўзбекча шарҳи Мансурхўжа ўғли Мақсудхўжанинг “Мажмаъул-мақсуд” шунингдек Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбиҳ ул-Ғофилийн” асари, Маҳмуд Замахшарийнинг “Атвоқуз-Заҳаб” асари ва Шайх Абдуссалом Муборакфурийнинг ҳадис илмининг султони буюк ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратлари ҳақида ёзган “Имом ал Бухорий” асарлари нашрдан чиқарилди. Халқимиз Қуръони карим, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадислари, Ислом фиқҳи асослари, шонли тарихимиз ва одоб-ахлоқ борасида ёзилган мумтоз адабиёт билан бевосита ўз тилимизда танишиш имкониятига эга бўлди.
Ҳадис илмининг ривожида олтин давр ҳисобланган ҳижрий учинчи (мелодий тўққизинчи) асрда бу борада мислсиз натижаларга эришилган. Чунончи, мусулмон оламида энг нуфузли манбалар деб тан олинган олтита ишончли ҳадислар тўплами (Ас-сиҳоҳ ас-ситта) муаллифлари ҳам мана шу асрда яшаб ижод қилганлар. Яна шуниси диққатга сазоворки ушбу олтита муҳаддиснинг деярли барчаси Марказий Осиёдан етишиб чиқди. Улар – Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (194/810-256/870), Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож (206/819-261/874), Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (209/824-279-892), Имом Абу Довуд Сулаймон Сижистоний (202/817-275-888), Имом Аҳмад ан-Насоий (215/830-303-915), Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Можа (209/824-273/886) каби сиймолардир.
Аммо бу зотлар ичида “Ҳадис илмида амирул мўминин” (мўминларнинг амири), “Имомуд дунё” (Дунё имоми), “Имомул муҳаддисин” (барча муҳаддисларнинг имоми) каби шарафли номлар билан сифатланган Имом Бухорий ҳазратлари ҳадис илмида алоҳида мақомга эга бўлганлар.
Буюк бобокалонимиз Имом Бухорий тўғрисида Имом Термизий айтади: “Мен ул каби бошқа бирор алломани учратмадим. Худо уни Пайғамбар умматларининг безаги қилиб яратгандир”.
Абдуллоҳ ибн Ҳаммод Айлий: “Мен Муҳаммад ибн Исмоилнинг баданларида бир тук бўлсайдим”, деб орзу қилурман“,-дедилар.
Ибн Ҳузайма айтади: “Осмон гумбази остида Муҳаммад ибн Исмоилдан устунроқ ҳадис олими йўқдур”.
Имом Бухорий биринчи бобни Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони каримдаги бир ояти карима билан номлаган. Бошқа муҳаддисларнинг ҳам одатлари шундай, ҳар бир бобни бошлашдан аввал шу бобга тааллуқли бир оят келтиради. Аллоҳ таоло ушбу оятни “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик”, деган. Демак, биринчи боб ота-онага яхшилик қилиш тўғрисида. Имом Бухорий мусулмон одоби, маданияти, яъни инсонларни бир-бирига бўладиган муомала одоби рўйхатининг биринчи сатрида ота-онага яхшилик қилишни ва бу қанчалар аҳамиятли олиймақом иш эканини баён қилганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадилар: Аллоҳ учун энг маҳбуб иш қайси? Пайғамбаримиз айтдилар: Вақтида ўқилган намоздир. Ундан сўнг қайси амал? Пайғамбаримиз айтдилар: “Ота-онага яхшилик қилиш”, – дедилар.
Исломда намоз ўқиш динни устуни эканини ҳаммамиз биламиз. Ана шу динимиз устуни бўлган намоз ибодатидан кейин энг афзал ишлардан бири ота-онага яхшилик қилишдир. Ота-она ҳар-бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли кишидир. Ислом дини ота-она ким бўлишидан қатъий назар, уларни ҳурмат эҳтиром қилишга буюради. Ота-она мўмин бўлсалар ҳам, кофир бўлсалар ҳам уларга яхшилик қилиш мусулмоннинг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш ҳам фарзандлик вазифасимиз ҳисобланади.
Жасурбек Раупов
Тошкент шаҳар бош имом-хатиб ўринбосари,
«Ислом ота» жомеъ масжиди имом-хатиби