ТАВҚИ ЛАЪНАТГА УЧРАГАН ФИРЪАВН
(Қуръони каримда баён этилган мўъжиза)
…Мана, дунёда бошқа ўхшаши йўқ ўша мўъжиза. Британия мўзейида сақланаётган 3500 йиллик бу жасад инсон ақл-идрокини титратиб юборади, лол қолдиради…
Кўҳна дунё тарихига қизиқувчилар қадим Мисрда ўзини худо деб эълон қилган Фиръавннинг қилмишларини яхши биладилар. Қуръони каримда, жумладан, “Юнус” сурасида бу ҳақда махсус маълумот ва ҳукмлар ҳам бор. Уч минг йил муқаддам юз берган даҳшатли воқеаларнинг садоси ашёвий далил сифатида… Инглизистондаги музейлардан бирида сақланаётгани ҳар қандай одамнинг ақлини лол қолдиради!
Лондондаги машҳур Британия музейини томоша қилганларни ҳайратга соладиган ва эътиборини тортадиган бир кўргазма бор. У – ойна ичида сақланаётган сажда ҳолатида қотган бир инсоннинг жасадидир. Шуниси ҳайратланарлики, бу жасад бўлимдаги бошқа жасадлардан кескин фарқ қилади: мўмиёланмаган, дориланмаган, шунга қарамай, барча аъзолари ўз ҳолича сақланган. Ҳатто жасаднинг сарғайган сочлари ва соқоллари ҳам бемалол кўринади.
Жасадларнинг бир неча ҳафтадаёқ батамом бузилиши маълум ҳақиқат, бироқ, ажабо, орадан уч ярим минг йил ўтган бўлишига қарамай бу жасад нега чиримаган, бузилмаган? Ҳатто мўмиёланган жасадлар ҳам маълум вақт ўтгач бузила бошлайди – буни фан исботлаган. Унда бу жасаднинг бузилмагани сири нимада?
Бу сирни бизга муқаддас китобимиз – Қуръони карим оятлари очиб беради. Шу аснода Қуръонимизнинг бетакрор, муқаддас мўъжиза эканлиги яна бир бор исботланади.
Қуръони каримдаги оятлар Ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавн билан олиб борган курашларини ибратли тарзда тушунтириб беради.
Ҳазрати Мусо алайҳиссалом милоддан 1200 йиллар, яъни, бундан уч ярим минг йиллар аввал яшаганлар. Ўша пайтларда ҳам яхшилик билан ёмонлик ўртасида кураш давом этган. Маълумки, Фиръавн Мусо алайҳиссаломнинг энг ашаддий душманларидан эди. Туғилажак бир ўғлон улғайгач, уни ўлдириши ва салтанатни йиқитажаги тушида аён бўлган Фиръавн, янги туғилган ҳамма ўғил чақалоқларни ўлдиришга буйруқ беради. Аммо Аллоҳ таоло ўша пайтда туғилган Ҳазрати Мусо алайҳиссаломни ўз ҳимоясига олади ва уни ўзининг расули деб эълон қилади.
Фиръавнинг у зотга қаршилиги Мусо алайҳиссалом пайғамбарлик мақомига кўтарилганларидан кейин янада кескинлашади ва тезлашади.
وَأَوْحَيْنَا إِلَى مُوسَى أَنْ أَسْرِ بِعِبَادِي إِنَّكُم مُّتَّبَعُونَ فَأَرْسَلَ فِرْعَوْنُ فِي الْمَدَائِنِ حَاشِرِينَ
“Фиръавн Мусо алайҳиссаломга ва у кишига эргашган Бани Исроил қабилаларига қаттиқ бир зулм ўтказа бошлаган бир пайтда Аллоҳ таоло ўз расулига ва унга эргашганларга Мисрдан чиқиб кетишга ваҳий орқали рухсат беради. Мусо алайҳиссалом қавмлари билан йўлга чиққанидан хабар топган Фиръавн катта бир қўшин билан уларни таъқиб этади”.
قَالَ كَلَّا إِنَّ مَعِيَ رَبِّي سَيَهْدِينِ فَأَوْحَيْنَا إِلَى مُوسَى أَنِ اضْرِب بِّعَصَاكَ الْبَحْرَ فَانفَلَقَ فَكَانَ كُلُّ فِرْقٍ كَالطَّوْدِ الْعَظِيمِ وَأَزْلَفْنَا ثَمَّ الْآخَرِينَ وَأَنجَيْنَا مُوسَى وَمَن مَّعَهُ أَجْمَعِينَ ثُمَّ أَغْرَقْنَا الْآخَرِينَ
“Ҳазрати Мусо алайҳиссалом ва у кишининг одамлари бу таъқибдан қутулиш учун Аллоҳнинг изни билан Қизил денгиз қирғоғигача келишади. Олдинда душман каби денгиз, ортда эса денгиз каби душман. Шундай бир оғир вазиятда илоҳий ваҳийга биноан Ҳазрати Мусо ҳассаларини денгизга урадилар. Шу вақт Аллоҳнинг иродаси ила сув иккига бўлиниб, ўртада йўлак ҳосил бўлади ва Мусо алайҳиссалом одамлари билан бу йўлдан соғ-омон ўтиб олишади.
Фиръавн ва унинг қўшини денгиз сувининг айрилганлиги мўъжизасини даҳшатли ҳайронлик билан кўради. Лекин барибир кин ва адоват ғолиб чиқиб, улар денгиздан очилган “йўл”дан таъқибни давом эттирадилар. Лекин қўшин “йўл”нинг ярмига етганда денгиз суви Аллоҳнинг амри билан қайтадан бирлашади ва тўлқин бутун бошли қўшини ва Фиръавнни ўз домига тортади”
“Юнус” сурасида бу ҳодиса қуйидагича баён этилган:
وَجَاوَزْنَا بِبَنِي إِسْرَائِيلَ الْبَحْرَ فَأَتْبَعَهُمْ فِرْعَوْنُ وَجُنُودُهُ بَغْيًا وَعَدْوًا حَتَّى إِذَا أَدْرَكَهُ الْغَرَقُ قَالَ آمَنتُ أَنَّهُ لا إِلِـهَ إِلاَّ الَّذِي آمَنَتْ بِهِ بَنُو إِسْرَائِيلَ وَأَنَاْ مِنَ الْمُسْلِمِينَ
“Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму-зўравонлик қилиш учун Фиръавн ва унинг лашкари қувиб етди. Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш пайти етганида эса, у деди: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Бани Исроил иймон келтирган зот – Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман – Аллоҳга бўйинсунувчилардандирман”.
Лекин Ҳақ таоло шу пайтгача ўзини “Худо” деб даъво қилиб келган Фиръавннинг бу иймонини, тавба-тазаррусини қабул қилмайди.
Кейинги ояти каримада шундай дейилади:
“Энди-я! Ахир сен илгари (яъни, шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!” Ва сувга ғарқ қилиб юборилади.
Шу суранинг ўзида воқеанинг давоми бундай баён этилади. Яъни, сувга ғарқ бўлган Фиръавнга Аллоҳ таоло:
قَالَ لاَ تَثْرَيبَ عَلَيْكُمُ الْيَوْمَ يَغْفِرُ اللّهُ لَكُمْ وَهُوَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ
“Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун сенинг жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар (яъни, улардан ибрат ололмайдилар)”, деб хитоб қилади.
Ҳа, Қуръони карим ҲАҚдир ва ҲАҚИҚАТдир. Ва ундаги бирорта ҳукм ҳозиргача ўз кучини йўқотмаган. Оятларда ғоят аниқ баён этилган Фиръавн ҳодисаси бунга яққол мисол ва кишини лол қолдирадиган исботдир. Чунки орадан неча асрлар ўтгач, ўхшаши йўқ бу жасадни – 3000 йиллик бир мўъжизани Аллоҳ таоло ибрат сифатида бизга кўрсатиб, асримиз соҳилларига (юқоридаги оятда кўрсатилганидек) чиқариб қўйибди!
Жасад топилган жой ҳам кишини ниҳоятда ҳайратда қолдирадиган мўъжизанинг буткул исботига етарли далилдир. Гап шундаки, жасад ҳодиса бўлиб ўтган Қизил денгиз соҳилидаги Жабалайн деган жойдан топилган. Ва инглиз тадқиқотчилари уни қизиган қумлар орасидан чиқариб олиб, ўз ўлкаларига олиб кетганлар.
Жасаднинг ёшини аниқлаш учун олиб борилган тадқиқотлар натижасида бу жасад энг камида уч минг йиллик тарихга эга эканлиги аниқланди. Бу эса, у одам Ҳазрат Мусо алайҳиссалом даврларида яшаб ўтганини кўрсатади.
Айни чоғда, оятлар ва уларга берилган тафсирлар моҳияти ҳам ҳодисанинг ҳақиқат эканлигини очиқлайди. Масалан, 1144 йили вафот этган аз-Замахшарий “Юнус” сурасининг 92-оятини қуйидагича тафсир қилади ва ўзидан саккиз аср кейин топиладиган жасадни худди кўриб тургандай тасвирлайди:
فَالْيَوْمَ نُنَجِّيكَ بِبَدَنِكَ لِتَكُونَ لِمَنْ خَلْفَكَ آيَةً وَإِنَّ كَثِيرًا مِّنَ النَّاسِ عَنْ آيَاتِنَا لَغَافِلُونَ
“…Сени денгиз қирғоғидаги бир гўшага отамиз… Жасадингни қеч бир нуқсонсиз ва бузилмаган, яланғоч ва кийимсиз ҳолда сендан бир неча аср кейин келадиганларга ибрат бўлсин, деб қўриқлаймиз”.
Оят ва тафсирда Фиръавн жасадининг “бус-бутун” қолишининг таъкидланиши уни мўмиёланмаган ҳолда эканини исботлайди. Чунки, одатда, жасадлар мўмиёланса, айрим ички аъзолари олиб ташланади.
Демак, дунёда мисли кўрилмаган бу жасаднинг ҳолати оят ва тафсирларга бу жиҳатдан ҳам уйғун келяпти. Бу жасадни уч минг йил қўриқлаш муқаддас китобимиз Қуръони каримни нозил этган Парвардигоримиз учун мушкул иш эмас.
Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани
“Ислом ота”жоме масжиди имом хатиби
Жасурбек РАУПОВ