Мақолалар

БУХОРОНИНГ “ОЛТИН ҲАЛҚАСИ”-2

Хожа Ориф Ревгарий. Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳоту-л-унс”асарида ёзилишича, Хожа Ориф Ревгарий Ревгар қишлоғида туғилган. Бу манзил Бухородан 36-38 чақирим масофада жойлашган. Ревгар қишлоғини ҳозир Ревгарий деб аташади. Бу манзил Шофиркон шаҳрига қарайди.

Мақомоти Абдулхолиқ Ғиждувоний” ва “Орифи Ревгарий” асарида келтирилишича, Хожа Ориф ҳазрат Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ҳузурида узоқ йиллар хизмат қилган, унинг қобил ва садоқатли шогирдларидан бири бўлган. Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тоат-ибодати, маърифати ва риёзатларининг моҳиятини теран англаб, уларни пухта ўзлаштирган ва устозининг таълимотини янада такомиллаштирган. Хожа Ориф Ревгарий инсонни қутқарадиган ва гўзал қиладиган фазилатлар ҳақида ўз қарашларини баён қилган буюк алломалардан ҳисобланади.

Хожа Ориф Ревгарий ўз қарашларини “Орифнома” асарида баён қилган ва тасаввуфнинг асосларини белгилаб берган. Хожа Орифнинг “Тадбирга боғлиқ, тақдирга мункир киши дўзахий, илоҳий тақдирга таслим бўлган киши эса жаннатийдир” деган ҳикмати машҳурдир.

Хожа Ориф Ревгарий чин дилдан қилинган тавбага алоҳида тўхталиб, “агар киши йўл қўйган гуноҳларига чин дилдан тавба қилиб, кейинги умри давомида гуноҳдан йироқ юрса, унинг тавбаси ижобат бўлади” деган фикрни илгари сурган. Шу боис, у “тавба исломнинг туғидир”, деб ҳисоблаган. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир инсонни гуноҳлардан халос бўлиб, ботинан покланишга ундайди. Бугунги зиёратчиларнинг кўнглида ҳам шундай рағбатлар пайдо бўлса ажаб эмас. Зотан, ҳар биримиз Ревгарий ҳазратларининг хоки-покларини зиёрат қилар эканмиз, ана шу ҳикматлар бизга куч-қувват бергандай бўлади. “Моҳитобон”, “Пешвойи орифон” сифатлари билан таърифланган ҳазрати Хожанинг муборак қабри Ревгарда зиёратгоҳдир.

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий — XII асрнинг охирида Вобкент туманига қарашли Анжир Фағнав қишлоғида туғилган. Шу ерда 1286 йилда вафот этган. Бу жой ҳозирги вақтда «Анжир боғ» қишлоғидеб аталади. Ҳазрат мозорининг ёнида масжид ва тошқудуқбор. Хожа Ориф Ревгарий ҳазратлари хизматида бўлган. Комил муридлардан, суюкли халифалардан эди. Хилват ибодатга майли баланд эди. Зикри жаҳрияни жамоа тарзда қилинса маъқул, аммо шахс учун хуфия зикр афзал дерди ва шу қарашни тарғиб қилди. Кун кечириш учун оддий яшади, ўзини бошқалардан фарқ қилдирмади, дурадгорлик боғбонлик қилган, тижорат билан шуғулланган. Хожаган тариқатининг Ревгарий ҳазратларидан кейин пири-муршиди бўлган. Фағнавий ҳазратлари ҳаёти ва таълимотида инсон ўз пешона тери билан, кибрга берилмай яшаши керакўзини бошқалардан устун қўймаслиги шарт, Яратган олдида хамма тенгдир, ким чин дилдан ибодат қилса ва сўраса, дуоси соф бўлса, ижобат бўлади, сўраганда тоза қалб билан, тоза амал билан сўраш керак деган маъно ётади. Умуман, будаъватлар хожагон-нақшбанд тариқатининг барча намояндаларига хос бўлган, қолаверса, ҳозир ҳам ўз аҳдмиятини йўқотмаган ҳикматлардир.

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий Хожа Али Ромитаний ҳазратларининг устозларидир.

Хожа Али Ромитаний 588/1191 йили дунёга келган. У Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга холис ният ила сидқидилдан хизмат қилган “муриди мутлақ”ларидан биридир. У фақирлик сулукини танлаб, қаерда бўлишидан қатьи назар барчага бир хил муносабатда бўлган ва айтганларига ўзи амал қилиб, ибрат кўрсатган. Айнан шунинг учун у “азизон” лақаби билан эъзозланган. Матоҳ тўқиш билан кун кечирган. Меҳнат орқасидан келмаган неъматни ҳаром деб билган. Маноқибларда қайд этилишича, ҳазрат доимо “зоҳирда халқ билан, ботинда эса Ҳақ билан” бирга бўлганлар.

Бу фикр ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг “Дил ба Ёру, даст ба кор” деган ҳикматига анча яқин. Кўриниб турибдики, силсилага алломалар қўшилган сайин “олтин ҳалқа” тобора халқчиллик тусини ола бошлаган. Хожа Али Ромитанийнинг “Рисолаи Азизон” асари машхур. Хожа Али Ромитанийнинг қабри кўҳна Урганчда, Ромитанда эса қадамжолари мавжуд.

Хожа Муҳаммад Бобоий Самосий. Бу зоти шариф Ромитаннинг Самос қишлоғида туғилган. У Хожа Али Ромитанийдан таълим олган. Ромитаний ҳазратларидан кейин “олтин халқа”ни давом эттирган ва Мир Сайид Кулолга таълим берган. Боғбонлик қилиб, оддий ҳаёт кечирган. У кулоҳини ёш Баҳоуддинга берган. Ҳазрат Нақшбанд ана шу кулоҳни кийгани учун Бобойи Самосийдан “балогардон” хислатини қабул қилган. Ҳазрат Муҳаммад Бобойи Самосий 1354 йилда вафот этган, қабри Ромитан туманининг “Ўзбекистон” жамоа хўжалиги ҳудудидаги Сайос қишлоғида. Бу зиёратгоҳнинг атрофи боғ, масжид, тошқудуқ ва кўркам ҳужралар билан қуршаб олинган.

Хазрат Сайд Мир Кулол. У тахминан 1287/1288 йили Бухоро яқинидаги Сухор қишлоғида туғилган. Асосан кулолчилик билан шуғуллангани сабабли Мир Кулол номи билан машҳур бўлган. Ҳазрат Амир Кулол 1372 йилда вафот этган. Қабри Когон туманидаги “Янги ҳаёт” жамоа хўжалиги ҳудудида жойлашган. Ҳозирги вақтда бу ерда обод зиёратгоҳ барпо этилган.

“Олтин халқа”даги 7-пир хазрат Баҳоуддин Нақшбанд бўлиб, у ҳақда кўп китоблар нашр этилган. Шу боис, бу зотнинг исми шарифларини зикр этиш билан чекланамиз.

Мустақилликдан кейин бу пирларнинг қадамжолари батамом қайта тикланиб, гўзал ва маҳобатли, ҳавас қилса арзигулик гўшаларга айлантирилди. 2003 йил 27 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Бухорои шариф заминида қад ростлаган икки муборак қадамжо – АбдулхолиқҒиждувоний ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари зиёратига келганларида: «Мен Ўзбекистон тарихидаги шу каби олийжаноб инсонларни халқимизнинг нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёда ислом динини асраш ва ҳимоялашга қўшаётган ўзига хос ҳиссаси, динимизга нисбатан турли бўҳтонлар уюштираётган, унинг обрўсини тўкишга уринаётган кучларга қарши аниқ ва амалий жавоби, деб қабул қилишингизни истардим», – деган эдилар. Зотан, ана шу авлиёлар маънавий пирларимиз бўлиб, маънавий дунёмизнинг қандай мустаҳкам устунларга таянганини ва кимлардан ўрнак олмоғимиз лозимлигини кўрсатиб турибди.

Тошкент шаҳар, «Ислом ота» жомеъ
масжиди имом хатиби

Жасур РАУПОВ

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг