ҚОЯ УСТИДАГИ ГУМБАЗ МАСЖИДИ
Қоя устидаги гумбаз масжиди
Қуддусдаги Ибодат тоғида қад кўтарган бу қоя чўққисини баъзан «Қоя устидаги гумбаз масжиди» дея аташади. У ислом меъморчилик маданиятининг илк ёдгорликларидан бири ҳисобланиб, дунёдаги қадимий масжидлардан бўлган ал-Ақсонинг шундоқ ёнида жойлашган.
… Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга кўтарилган ушбу қоя (баъзи мутахассисларнинг фикрича, айнан шу қоядан кўтарилганлар)ни зиёрат қилишга келганларнинг оқими жуда катта бўлган.
Масжид гумбази VII асрнинг охирларида, ҳозирги замон масжидлари ҳақидаги тушунчалар ҳали шаклланмаган даврда қурилган. Гумбазни қуришдан мақсад ибодатхона барпо этиш эмас, балки зиёратчиларни бошпана билан таъминлаш бўлган…
Қуббат ас-Саҳро (Қоя гумбази) ва халифа Умар масжиди – ал-Ақсо умуман ҳар хил масжидлар бўлса-да, бир бутун ҳисобланмиш меъморий мажмуа – Ҳарам ал-Шарифни ташкил этади.
Масжид биноси 687-691 йилларда Уммавийлар халифаси Абдул Малик (ҳижрий 65–86 йиллар) буйруғи билан, қуддуслик уста Язид ибн Салом ҳамда Байт-шеаналик уста Ражи ибн Ҳайва бошчиликлари остида барпо этилган. Масжид гумбази Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга кўтарилган дея ривоят қилинган қоянинг туртиб чиққан жойи устига қурилган. Шу сабабли масжид Қуббат ас-Саҳро, яъни Қоя гумбази номини олган.