МақолаларҲадисЯнгиликлар

ҲАДИС ИЛМИГА ДОИР ИСТИЛОҲИЙ ЛУҒАТЛАР

Ҳадис илмига доир истилоҳий луғатлар

  1. Мусталаҳул ҳадис илми – бир неча усул ва қоидаларни ўргатадиган илмдир.
  2. Ҳадис – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), хулқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар.
  3. Хабар – ҳадиснинг муродифи (синоними). Хабар ҳам, ҳадис ҳам бир хил маънодаги нарса, яъни, уларнинг орасида фарқ йўқ.
  • Асар – ҳадисга тескари бўлиб, у ҳадис билан бир хил маънони ифода этмайди. «Асар» деганда, саҳоба ва тобеъинларга нисбат берилган сўзлар ва феъллар тушунилади.
  • Иснод – бир сўзни унинг айтувчисига нисбат бериш, суяб қўйиш, бу гапнинг эгаси фалончи, дейиш.
  • Санад – матнга олиб борувчи кишиларнинг силсиласи.
  • Матн – каломнинг санади етиб борган нарса.
  • Муснад –«санад» маъносида ҳам ишлатилади. Бунда муснад «масдари миймий» («мим»ли масдар) маъносини ифода қилган бўлади.
  • Муснид – ҳадисни санади билан ривоят қилувчи шахсдир. У ўзи ривоят қилган ҳадисни илм тарзида биладими ёки ёдлаб олиб гапиряптими, фарқи йўқ.
  • Муҳаддис– ҳадис илмининг ривояти ва дирояти билан машғул бўлган кишидир.
  • Ҳофиз – бу нарсада яна ҳам кенг кўламга эришиб, шайхлари ва шайхларининг шайхларини табақама–табақа яхши биладиган ва ҳар бир табақада билгани билмаганидан кўп бўлган киши.
  • Ҳоким – ҳадисга боғлиқ ҳамма илмни иҳота қилиб олган одам. Унинг билмаган нарсаси жуда оз бўлади.
  • Амирул мўъминийн– ҳадис илмида энг пешқадам олимлардан бўлиб, ўз асрларининг кўзга кўринган шахслари саналганлар.
  • Мутавотир хабар муайян адад билан чегараланмаган йўллар билан бизга етиб келган хабар.
  • Оҳод хабар бизга етиб келгунча бўлган йўллари муайян адад билан чегараланган хабар.
  • Машҳур ҳар бир табақада уч ва ундан ортиқ одам ривоят қилган, аммо тавотур даражасига етмаган ҳадис.
  • МустафийзМустафийз машҳурдан кўра хосроқдир. Чунки мустафийзда санаднинг икки тарафида (бошидан охиригача) ровийлар сони бир хил бўлиши шарт қилиб қўйилган.
  • Азиз – ровийлари барча табақаларида иккитадан кам бўлмаган ҳадис.
  • Ғарийббитта ровий ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадис.
  • Сиқа ишончли ровий.
  • Мақбул хабар хабар берувчисининг содиқлиги устун келган хабар.
  • Мардуд – рад қилинган, қабул қилинмаган хабар. У хабар берувчисининг содиқлиги устун бўлмаган, яъни унинг ростгўй эмаслиги аниқланган хабар.
  • Саҳиҳ ҳадис – санади бошидан охиригача адолатли ва зобтли киши ўзига ўхшаган адолатли ва зобтли кишидан муттасил (узлуксиз) санад ила нақл қилган ҳамда шозз ва иллатли бўлмаган ҳадис.
  • Муттафақун алайҳи имом Бухорий ва имом Муслимнинг бирор бир матнга иттифоқ қилганидир.
  • Ҳасан ҳадис санади муттасил бўлиб, зобти енгилроқ одил киши ўз мислидан охиригача ривоят қилган ҳамда шузуз ва иллати бўлмаган ҳадис.
  • Муҳкам мақбул ҳадис бўлиб, ўзига ўхшаган бошқа бир ҳадисга тескари бўлишдан саломат.
  • Мухталифул ҳадис – мақбул ҳадис бўлиб, ўзига ўхшаган ҳадисга зоҳиран қарши маънода келади. Уларнинг иккисининг маъносини қўшиб, жамлаш мумкин.
  • Насх – шариат соҳибининг аввал содир бўлган ҳукмни ундан кейин келган ҳукм билан кўтариши.
  • Мардуд – хабар берувчининг содиқлиги устун бўлмаган хабардир.
  • Заиф ҳадис ҳасан сифатини унинг шартларидан бирининг йўқолиши туфайли ўзида тўлиқ жамламаган нарса.
  • Муаллақ ҳадис – санадининг аввалида битта ёки ундан кўп ровий кетма–кет тушириб қолдирилган ҳадис.
  • Мурсал ҳадис – санадининг охиридан тобеъиндан кейин бирорта ровий тушиб қолган ҳадис.
  • Мўъзал ҳадис – санадидан икки ва ундан ортиқ ровий кетма–кет тушиб қолган ҳадис.
  • Мунқотеъ ҳадис – санади муттасил бўлмаган, яъни уланиб келмаган, кесилиши бор ҳадис.
  • Мудаллас – санаддаги айби махфий тутилган ва сиртдан кўринишини яхшилашга уринилган ҳадис.
  • Махфий мурсал – ровийнинг ўзи мулоқотда бўлган ёки бир асрда яшаган одамдан бевосита ўзи эшитмаган нарсани ривоят қилиши.
  • Муъанъан хабар – ровий ривоятни «ан фулан ан фулан» деб келтириши.
  • Муаннан – ровий «Фалончи бизга «албатта (анна – أنَّ) фалончи…» деб ҳадис айтди» деб ривоят қилган ҳадис.
  • Мавзуъ хабар – тўқилган ёлғон бўлиб, сунъий равишда келтирилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган хабар.
  • Матрук ҳадис – санадида ёлғончиликда айбланган ровийси бор ҳадис.
  • Мункар – санадида катта хатоси бўлган ёки ғафлати кўпайган ёҳуд фисқи зоҳир бўлган ровий бор ҳадис.
  • Маъруф ҳадис – заиф ровий қилган ривоятга мухолиф тарзда ишончли ровийнинг қилган ривояти.
  • Шозз ҳадис – ҳадиси мақбул бўлган одам ўзидан кўра яхшироқ ровийга мухолиф равишда ривоят қилган ҳадис.
  • Маҳфуз – сиқалиги ўта кучли одам оддий сиқа одамга хилоф равишда ҳадис ривоят қилиши.
  • Муъаллал – сиртдан қаралганда иллати билинмайдиган, лекин саҳиҳлигига футур етказадиган иллати топилган ҳадис.
  • Мудраж – иснодининг сиёқи ўзгартирилган ёки матнига ўзидан бўлмаган нарса (ундан эмаслиги кўрсатилмасдан) киритилган ҳадис.
  • Мақлуб – ҳадис санадида ёки матнида бир лафзнинг ўрнига бошқасини келтириш, аввал ёки охирига суриб қўйиш ва шунга ўхшаш ишлар.
  • Музториб ҳадис – турли йўллар ила баён қилинган ва қуввати тенг бўлган ривоят.
  • Мусаҳҳаф – ҳадисдаги сиқа ровийлар ривоят қилган бир сўзнинг лафзини ёки маъносини алмаштириб қўйиш.
  • Бидъат – дин тугал бўлганидан сўнг унга бир янгилик киритиш. Ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳавойи нафсга берилиб, шариатда бўлмаган баъзи бир амалларни янгидан пайдо қилиш.
  • Ҳадиси қудсий – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган ва Аллоҳ таолога иснод берилган ҳадис.
  • Марфуъ ҳадис – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга изофа қилинган сўз, феъл, тақрир ёки сифатдан иборат.
  • Мавқуф ҳадис – саҳобийга изофа берилган сўз ёки феъл ёки тақрир.
  • Мақтуъ– тобеъинга ёки ундан паст даражадаги ровийга изофа қилинган гап ёки амал.
  • Муснад – санади Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтариб етказилган хабар.
  • Муттасил хабар – марфуъ бўладими, мавқуф бўладими, кимга етказилишидан қатъий назар, санади уланган, кесилмаган хабар.
  • Эътибор – битта ровий ривоят қилган ҳадисни бошқалар ҳам ривоят қилган ёки қилмаганлигини билиш учун шу ҳадиснинг йўлларини излаш.
  • Мутобеъ – ровийнинг якка ўзи ривоят қилган ҳадисининг лафзига ва маъносига ёки фақат маъносига мувофиқ тарзда келган бошқа бир ҳадисдир. Фақат иккала тараф ривоят қилаётган саҳобий бир киши бўлиши керак.
  • Шоҳид– ёлғиз ровий ривоят қилган ҳадиснинг лафзига ва маъносига ёки фақат маъносига мувофиқ тарзда келган ҳадисдир. Фақат мазкур икки ҳадисни ривоят қилаётган саҳобийлар бошқа–бошқа бўлиши керак.
  • Таҳаммул шайхлардан ҳадисни қабул қилиб олиш йўллари.
  • Ижозат – шайх шогирдининг ҳадисларни оғзаки ёки ёзма равишда ривоят қилишига рухсат бермоғи.
  • Муновала шайх китобини толиби илмга тутқазиб: «Бу менинг фалончидан қилган ривоятим, уни мендан ривоят қил», дейди. Шайх уни толиби илмга мулк қилиб ёки вақтинчаликка, кўчириб олиши учун беради.
  • Эълом – шайхнинг толибга «Бу ҳадис ёки бу китоб эшитган ривоятларимдан» деб билдириб қўйиши – маълумот бериши.
  • Васият шайх ўлимидан ёки сафаридан олдин бирор кимсага ўзи ривоят қилиб юрган китобларидан бирини васият қилиши.
  • Вижода толиб ўзи эшитмаган, ижозати ҳам бўлмаган бир шайхнинг қўлёзмасини топиб олади ва унинг дастхатини танийди.
  • Олий иснод – ривоят қилган ровийларнинг сони бошқа иснодга қараганда оз бўлиши.
  • Нозил иснод бир ҳадисни ривоят қилган ровийларнинг санаддаги сони худди шу ҳадисни ривоят қилган бошқа санаддан кўпайиб кетган бўлиши.
  • Мувофақа мусаннифлардан бирининг шайхига унинг йўлидан бошқа, унинг йўли билан ривоят қилгандагидан камроқ адад билан етиб бориши.
  • Мусава ровийни машҳур китобларнинг иснодидан бошқа иснод топиши ва икки иснод куч ва сон жиҳатидан баробар бўлиши.
  • Мусофаҳа – иснод ададининг (санаддаги ровийлар сонининг) биринчи ровийдан шу санаднинг охиригача бир мусанниф шогирдининг исноди билан бир хил бўлиши.
  • Мусалсал – ҳадиснинг ровийлари санаддаги ровийларнинг ёҳуд ривоятнинг сифати ёки ҳолатини бирин–кетин такрорлаб келишлари.
  • Ақрон – ёши тенг, исноди бир хил бўлиб, бир–бирига яқин бўлган одамлар.
  • Мудаббаж ҳадис– ҳамма тарафдан ўхшаш бўлган икки тенгдош кишиларнинг бир–бирларидан қилган ривоятлари.
  • Собиқ ва лоҳиқ – вафот тарихларида катта фарқ бўлган, лекин бир шайхдан ривоят қилган икки киши.
  • Абодила исми Абдуллоҳ бўлган кишилар.
  • Муҳазрамун жоҳилият ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида яшаб, мусулмон бўлган, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаган кишилар.
  • Муттафиқ – ровийларнинг исмлари бир–бирига ўхшаш келиши, уларнинг оталарининг исмлари ҳам мувофиқ бўлиши, бу ҳолат ёзишда ҳам бир хил, талаффузда ҳам бир хил бўлиб, шахслари турлича бўлиши.
  • Муъталиф – ровийларнинг исмлари, лақаблари, кунялари ва насабларининг ёзувда бир хил бўлиши
  • Мухталиф – ровийларнинг исмлари, лақаблари, кунялари ва насабларининг ўқишда ҳар хил бўлиши.
  • Муҳмал – исмлари, оталарининг исмлари ёки исми ҳам, отасининг исми ҳам бир хил бўлган икки кишидан ҳадис ривоят қилиб туриб, уларни бир–биридан ажратиб турадиган хусусиятларини айтмай кетиш.
  • «Ундан бир кишидан ортиқ одам ривоят қилмаган ровийлар «вуҳдон» дейилади».

Манба: hadis.islom.uz

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг