Мақолалар

МАЗҲАББОШИ ИМОМЛАР НАЗДИДА ҲАДИСЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ

    Мужтаҳид уламолар ва мазҳаббоши имомларнинг ҳадисларга эътимодлари ва  рағбатлари, ҳадисларга амал қилишдаги жидду-жаҳдларини тушуниш учун уларнинг наздларида ҳадисларнинг қай даражада аҳамиятли эканлигини ўрганиш лозим бўлади. Чунки, бирор нарсага боғланиш учун ўша нарсанинг қадр-қиймати ва даражаси таъсирли бўлади.

Абу Ҳанифа раҳматлуллоҳи алайҳ (80-150) шундай дейдилар:

“Ораларида ҳадис билан шуғулланадиганлар бўлган муддатча инсонлар омонликда бўладилар. Қачонки илмни ҳадисдан ташқарида излай бошласалар, ўша вақтдан бошлаб адашадилар”.[1]

“Аллоҳнинг дини ҳақидаги бирор масалада ўз раъйингиз билан ҳукм чиқаришдан сақланинг, суннатга эргашинг. Кимки суннатдан узоқлашса адашади”.[2]

Имом Шофеъий раҳматлуллоҳи алайҳ (150-204) шундай дейдилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис ривоят қила туриб, ўша ҳадисдан бошқа ҳукм чиқарсам, мен қайси осмон остида омон қоламан, қайси ер кўтараркин?”.[3]

Бир куни Имом Шофеъий бир ҳадисни ривоят қиладилар. Ал-Ҳумайдий (ваф. 219, Бухорийнинг (194-256) шайхларидан): “Шу ҳадисни қабул қиласанми?, дейди. Имом Шофеъий: “Сен мени белига зуннор боғлаб ибодатхонадан чиққан ҳолда кўрдингми (мен мусулмон эмасманми)ки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини эшитиб, уни қабул қилмасам”, деб жавоб бердилар.[4]

Имом Молик раҳматлуллоҳи алайҳ (95-179)нинг суннат ҳақидаги қуйидаги сўзлари нақадар ажойиб:

“Суннатлар Нуҳнинг кемасига ўхшайди. Ким бу кемага чиқса, нажот топади, чиқмаганлар эса, ғарқ бўлади”.[5]

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматлуллоҳи алайҳ (164-241) шундай дейдилар:

“Кимки Расулуллоҳ с.а.в.нинг суннатларини рад қилса, унинг ҳалок бўлишига ромақ[6] қолибди”.[7]

Яна шундай дейдилар: “Инсонларнинг ҳозирги замондагидек ҳадис талабига муҳтож бўлган даврни билмайман. Асҳобларидан бир киши: “Нима учун бундай?” деганда, Имом Аҳмад: “Жуда кўп бидъатлар чиқди. Кимки ҳадисни билмаса, бидъатга дучор бўлади”, деб жавоб бердилар.[8]

Юқоридаги сўзлар мазҳаббоши имомларнинг маноқиб ва таржимаи ҳолларига доир асарларда келтирилган ҳадисларнинг аҳамияти ҳақидаги сўзларининг баъзиси холос. Бу сўзлар фақат биргина иборага асосланган. У ҳам бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишнинг муҳимлиги.

Кимки суннатни ўрганиб, унга амал қилса, у нажот топганлардан бўлади. Аксинча, кимки суннатдан юз ўгирса, у зарарга учрайди, тўғри йўлдан адашади.

 МАЗАМОВ ОЛИМЖОН

(2013 йил, май)


[1] Аш-Шаъроний, “ал-Мийзанул-кубро”, 1 ж. 51 саҳ.

[2] Ўша асар, 1 ж. 51 саҳ.

[3] Имом ас-Субкийнинг “Маънаа қовлил-имамил-Муттолибий: Иза соҳҳал-ҳадису фаҳува мазҳабий” номли асарининг муқаддимасидан. Бундан ташқари яна бир қанча манбаларда ҳам зикр қилинган.

[4] Ўша асар.

[5] Ҳофиз Суютийнинг “Мифтаҳул-жаннати фил-иҳтижажи бис-суннати” номли асарининг хотимасидан.

[6] Ромақ – жони узилаётган кишининг сўнгги нафаси.

[7] Ибнул-Жавзий, “Маноқибул-Имом Аҳмад”, 182 саҳ.

[8] Ўша асар, 183 саҳ.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг