Тошкент ислом университетида Қуръон қироати мусобақаси ўтказилди. Ғолиблар билан танишинг!
13 декабрь куни Тошкент ислом университетида “Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедраси томонидан ташкил этилган қорилар мусобақаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Исломшунослик илмий тадқиқот маркази хабар бермоқда.
Юртимиз азалдан барча соҳаларда пешқадам даҳоларни дунёга тақдим қилган. Асрлар давомида ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмларидан ташқари, юртимиздан Қуръон ҳофизлари, қироат илмини эгаллаган уламолар етишиб чиққанлар. Истиқлол йилларида, айниқса сўнгги даврларда бу соҳага катта эътибор қаратилмоқда. Юртимиз қорилари минтақа ва жаҳонда бўлиб ўтаётган мусобақаларда қатнашмоқдалар.
Тошкент ислом университети талабалари ҳам республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритмоқдалар. Бу сафарги мусобақа иккита – ҳифз ва тиловат йўналиши бўйича бўлиб ўтди. Унда жами 18 та талаба иштирок этди. Мусобақа Қуръон тиловати билан очиб берилди. Сўнгра Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 сентябрь – Қурбон ҳайити куни Ҳастимом даҳасига ташрифлари ва унда Қуръон қироати мусобақаларини янгича тартибда ўтказиш бўйича билдирган фикрлари ёритилган видеоролик намойиш қилинди. Кейин Университет ректори Р.Абдуллаев табрик учун нутқ сўзлаб, иштирокчиларга омад тилади.
Ҳифз йўналиши бўйича Ғайбуллаев Саидаҳмад биринчи ўрин, Умаралиев Шерзодиккинчи ўринга муносиб бўлди.
Тиловат йўналишида ўғил болалардан Янгибоев Адҳам биринчи, Саминов Муҳаммадсодиқ иккинчи, Ўлжабоев Муҳаммадюнус учинчи ўринни эгаллади.
Тиловат йўналишида қиз болалардан Обиджонова Нилуфар биринчи, Мирзакаримова Нодира иккинчи, Юсуфхожиева Сохиба учинчи ўринга сазовор бўлдилар.
Мусобақа асносида томошабинлар ҳам Қуръон илмлари бўйича викторина савол-жавобларида иштирок этдилар. Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирландилар.