Ислом тарихиМақолалар

АЛ-ЯСАЪ АЛАЙҲИССАЛОМ

Ал-Ясаъ алайҳиссалом Бани Исроилга юборилган пайғамбарлардан. Илёс алайҳиссаломдан кейин пайғамбар қилиб юборилганлар. Ҳар икковлари ҳам Мусо алайҳиссаломнинг динларини тарғиб қилганлар.

Илёс алайҳиссалом Бани Исроилни Аллоҳ таолога иймон келтириш ва Унга ибодат қилишга даъват қилдилар. Улар итоат қилмадилар ва юртидан қувиб чиқардилар. Баъл номли бутга сиғинишда давом этдилар. Уларниг бу осийликлари сабабли Аллоҳ таоло уларга бало ва мусибат юборди. Улар турли азоблар ва мусибатлар билан жазолантирилдилар. Юртларидан барака кўтарилди, ёмғир ёғмай қўйди, қўрғоқчилик бошланди ва деҳқончиликларидан ҳосил ололмадилар. Озиқ-овқатлари ҳам тақчил бўла бошлади. Очарчилик шу даража етдики, натижада ўлимтикларни ейишга мажбур бўлдилар. Халқ бу мусибатларга бардош бера олмай, Илёс алайҳиссаломни излаб топдилар ва насиҳатларига қулоқ солиб, иймон келтирдилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло улардан мусибатларни кўтарди. Аммо бироз муддат ўтиб, яна динларидан қайтдилар ва бутга сиғинишга ва турли гуноҳлар қилишга бошладилар. Куфр келтириб, қайта иймон келтирмадилар.

Илёс алайҳиссалом Аллоҳнинг изни билан Баълбакдаги бу қабиладан чиқиб кетдилар. Бошқа юртдаги инсонларни Аллоҳ таолога иймон келтиришга, Унга ибодат қилишга даъват қила бошладилар. Даъват қилиб юрганларида бир қишлоқ аҳли Илёс алайҳиссаломни ҳурмат қилиб, ўз юртларида қолишини сўрадилар. Бироз вақт шу юртда бир қари кампирнинг уйида истиқомат қилиб қолдилар. Бу аёл Ал-Ясаъ алайҳиссаломнинг оналари эди. Ал-Ясаъ алайҳиссалом ўша вақтда ёш ва касал эди. Онаси Илёс алайҳиссаломдан фарзандининг шифоси учун дуо қилишни сўради. Илёс алайҳиссалом дуо қилдилар ва ёш Ал-Ясаъ касалликдан фориғ бўлиб, шифо топди. Ҳаётини Илёс алайҳиссаломнинг ёнларидан ўтказиб, ундан Тавротни таълим олдилар.

Илёс алайҳиссаломдан кейин Ал-Ясаъ алайҳиссалом Аллоҳ таоло томонидан пайғамбар қилиб юборилдилар.

Ал-Ясаъ алайҳиссалом Бани Исроилни тўғри йўла даъват қилиб, уларга насиҳатлар қилдилар. Ҳаддан ошган ва адашган бу қавм Аллоҳ уларга юборган китоб йўлидан адашиб кетдилар. Қабилаларлар подшоҳлик, мансабпарастликка киришиб кетдилар. Тарафкашлик, парокандалик ва бошқа давлат сабабидин бир-бирларига душман бўлдилар. Бани Исроилнинг ички низолари, ўзаро фитналар, жангу-жадал тобора ортиб борди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло улар устига Асур давлатини ҳукмрон қилди ва улар асирга тушиб, хор бўлдилар. Бу ҳодисалар бўлиб турган даврда Юнус алайҳиссалом Асурийларнинг пойтахти Нинова шаҳрида дунёга келган эдилар.

Ал-Ясаъ алайҳиссалом Қуръонда номи  зикр қилинган пайғамбарлардан бири бўлиб, ҳаёт ва фаолиятлари ҳақида батафсил ва алоҳида оятлар нозил бўлмаган,  балким  иймон келтириш лозим бўлган бир гуруҳ пайғамбарлар жумласида зикр қилинган.

Исмоил, ал-Ясаъ ва Зул-Кифлни ҳам эсла. Барчалари ахёрлардандир. (Сод сураси, 48-оят).

Ва Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам. Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик.”. (Анъом сураси, 86-оят).

Ал-Ясаъ алайҳиссалом вафотлари яқинлашганда Зулкифл алайҳиссаломни ўзларига ўринбосар қилиб тайинладилар. Ал-Ясаъ алайҳиссалом тахминан милоддан аввалги 840 йилларда вафот этган. Туркиянинг Урфа вилоятида уларга нисбат берилган қабр бор.

Р у б о и й:

Илёс чу Алясаъни волий этти,
Ҳақдин анга анвори нубувват етти.
Гар ул қочиб эл малолатидин кетти,
Ул кетгондек бу доғи кетмай нетти.

Мўъжизалари:

  1. Арийҳа шаҳри аҳолисининг ичимлик сувлари айниганда улар ҳолатни Ал-Ясаъ алайҳиссаломга билдириб, ёрдам беришларини сўрадилар. Ал-Ясаъ алайҳиссалом сувга бир оз туз ташлаб: “Ширин бўл!” дедилар. Аллоҳнинг изни билан айниган сув чучук сувга айланди.
  2. Қарздор ва бева бир аёл Ал-Ясаъ алайҳиссалом ҳузурларига келиб, камбағаллигидан шикоят қила бошлади. Ал-Ясаъ алайҳиссалом: “Уйингда нима бор?” деб сўраганда у: “Бир қошиқ ёғим бор”, деди. Ал-Ясаъ алайҳиссалом аёлга: “Бориб ўша ёғни бир идишга сол”, деди. Аёл шундай қилди. Мўъжиза сабабли ўша ёғ шунчалик кўпайдики, ҳатто уйдаги жуда кўп идишлар ёғ билан тўлди. Камбағал аёл қарзларини тўлаб, ҳатто бойиб кетди.

 

МАНБАЛАР:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси”, Тошкент, “Шарқ” НМАК, 2007. 286-бет.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръони карим суралари маъноларининг таржимаси”, Тошкент, “Шарқ” НМАК, 2007.

Табарий, Жомиъул байан, 12-жилд, 106-109.

Ибн Касир, ал-Бидоя ван-ниҳоя, I-жилд;

Ибн Касир, Қисасул анбиё, 308-309

Алишер Навоий, “Тариху анбиё ва ҳукамо”, 28-бет.

 

Олимжон Аллоҳқули

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг