Мақолалар

КАРЗОНИЙ АЛЛОМАЛАР

Самарқанд суғдига қарашли ҳудудда жойлашган қадимий қишлоқларидан бири Карзон қишлоғи бўлиб, манбаларда уни “Коразни”[1] деб ҳам аталгани қайд этилган. Ўрта асрларда Карзон қишлоғи Буюк Ипак йўлининг ёнида жойлашган Рабинжон шаҳрига қарашли бўлган.

Бу қишлоқ ҳозирги кунда ҳам мавжуд бўлиб, “Хўжакарзон” номи билан юритилади. У Нарпай туманидаги Хўжакарзон МФЙга қарашли Хўжакарзон қишлоғидир. Ҳозир у ерда “Хўжакарзон ота” жомеъ масжид ва зиёратгоҳи фаолият олиб бормоқда. Халқ оғзидаги оғзаки ривоятларга кўра бу қишлоқни “Хожа Корзан” деб номланишига, XIX аср охирларида яшаб ўтган довюрак, ватанпарвар ва паҳлавон Хожа Қосим Корзанурони жойнамоз устида, саждага бош қўйиб турган фурсатда пичоқлаб ўлдирилиши, яъни “Хожа Корзан” – “пичоқлаб ўлдирилган Хожа” талқинидаги номлар бора-бора эл тилида Хўжакарзон атамасининг юзага келишига асос бўлган, – дейишади. Қуйида келтириладиган маълумотлар – IX-X асрларда ҳам кўплаб “Карзоний” нисбаси билан ижод қилган ҳадис ровийлари етишиб чиққани бу маълумотни асоссиз эканини кўрсатади.

Ўрта асрларда бу қишлоқда деҳқончилик, суғориш тизимлари, савдо-сотиқ ва ҳнарманчилик анча ривожланган. Шу билан бирга суғднинг илм-маърифат ўчоқларидан ҳисобланган. Ёзма манбаларда қайд этилишича бу қишлоқдан кўплаб Карзоний нисбаси билан машҳур бўлган ҳадис ровийлари етишиб чиққан.

Ана шундай алломалардан бири Муҳаммад Карзоний бўлиб, унинг тўлиқ исми Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Мусо ибн Рижъа ибн Ҳаниш Карзонийдир. У IX аср охири ва X аср бошларида шу қишлоқда яшаган. У ҳадис ривоят қилиш ва ҳадис айтишда ўз замонасининг фозил ва адолатли ровийларидан бири бўлган. У аксарият ҳадисларни устози Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр Зуҳрийдан ривоят қилинган. Бундан ташқари Муҳаммад Карзоний Яҳё ибн Актум Қозий, Исҳоқ ибн Абу Исроил, Солиҳ ибн Мусмор Кушмиҳаний, Ҳаннод ибн Сарий, Муҳаммад ибн Башшор ва Ҳусайн ибн Ҳарис Марвазий каби ўз даврининг таниқли алломаларидан таълим олган ва ҳадислар ривоят қилган.

Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавийнинг “Муъжам ал-булдон” ва Абдулкарим Самонийнинг “Ансоб” номли асарларида келтирилишича Муҳаммад Карзонийдан Абу Саъд Идрисий, Абу Саъд Абдуаҳмон ибн Муҳаммад Самарқандий, Аҳмад, Мутҳир исмли ўғиллари ва Абу Бакр Муҳаммад ибн ибн Аҳмад Карзоний исмли набираси ҳамда Абу Бакр Муҳаммад ибн Усама Муқри Самарқандийлар ҳадис ривоят қилган[2]. Манбаларда қайд этилишича Муҳаммад Карзоний 330/941 йилдан олдин вафот этган.

Муҳаммад Карзонийнинг Мутҳир исмли ўғли ҳам ҳадис ровийларидан бири бўлиб, унинг тўлиқ исми Абулҳасан Мутҳир ибн Муҳаммад ибн Мусо ибн Рижъа ибн Ҳаниш Карзонийдир. У X асрнинг ўрталарида яшаб ўтган. У бошланғич таълимни отаси Муҳаммад Карзонийдан олган ва ундан ҳадислар ривоят қилган. Ўз навбатида Мутҳир Карзонийдан эса акасининг ўғли Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Мусо Карзоний вижода[3] йўли билан ҳадис ривоят қилган[4].

Карзоний алломалардан яна бири Абу Бакр Карзоний бўлиб, унинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мусо ибн Рижъа ибн Ҳаниш Карзонийдир. Абу Бакр Карзоний Корзон қишлоғида туғилган ва шу ерда деҳқончилик қилиш билан бирга бошқа деҳқонларга раҳбарлик (раислик) ҳам қилган. Абу Бакр Карзоний ҳадис ровийлари авлодидан бўлган. Чунки унинг отаси ҳам бобоси ҳам ўз замонасининг машҳур ровийларидан бўлган. Абу Бакр Карзоний бошланғич таълимни туғилиб ўсган қишлоғи Карзонда отаси Аҳмад ва бобоси Муҳаммадлардан олган.

Ўз навбатида Абу Бакр Карзонийдан эса Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али Дабусий ва Абу Саъд Идрисийлар ҳадис эшитган ва ривоят қилган. Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавийнинг “Муъжам ал-булдон” ва Абдулкарим Самонийнинг “Ансоб” номли асарларида шундай келтирилади: Абу Саъд Идрисий айтади: “Биз Арбинжонга борганимизда Абу Бакр Муҳаммад Карзонийдан ҳадис ёзиб олдик”[5].

Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавийнинг “Муъжам ал-булдон” асарида ва Суюндик Мустафо Нуротоийнинг “Хатирчилик табаррук сиймолар” китобчасида келтирилишича Муҳаммад Карзоний 370/980-981 йилдан олдин Арбинжон қишлоғида вафот этган[6].

 

Имом Бухорий халқаро маркзи
Ҳадисшунослик бўлими бошлиғи Й. Исаев


[1] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжам ал-булдон. Ж. 4. – Байрут, 1979. – Б. 428.
[2] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжам ал-булдон. Ж. 9. – Байрут, 1979. – Б. 344; Абдулкарим Самоний. Ансоб. Ж. 4. – Байрут,  1988. – Б. 406.
[3] Таълим олмай, оғиздан эшитмай, ижоза олмай фақат китобдан ўқиб олиш.
[4] Абдулкарим Самоний. Ансоб. Ж. 11. – Байрут,  1988. – Б. 17.
[5] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжам ал-булдон. Ж. 4. – Байрут, 1979. – Б. 428; Абдулкарим Самоний. Ансоб. Ж. 3. – Байрут,  1988. – Б. 27.
[6] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжам ал-булдон. Ж. 9. – Байрут, 1979. – Б. 344; Суюндик Мустафо Нуротоий. Хатирчилик табаррук сиймолар. – Т.: Муҳаррир, 2010. – Б. 31.

Теглар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг