Мақолалар

МИСРДАГИ ХАЗИНА

    Бағдодда катта меросга эга бир одам бор эди. Қисқа вақтда бойлигини елга совурди; йўқсил бўлиб қолди. Зеро, бойликни ҳеч заҳмат-машаққатсиз қўлга киритган эди.

    Танг аҳволда қолгач, қўл очиб, Аллоҳ таолога ёлвора бошлади. Бир неча кун дуо-илтижолар қилди. Ниҳоят, бир оқшом тушида: “Мисрга боришинг керак, у ерда катта бир хазинага эга бўласан”, дейилди. Одам уйғонгач, вақтни ўтказмай, Миср йўлига тушди. Узоқ сафар уни қийнаб қўйди. Оч, ташна, чарчаган эди. Бир неча кун паришон Миср кўчаларида тентираб юрди. На бир бурда нон топди, на хазинанинг изини. Ниҳоят, тиланчилик қилишга мажбур бўлди. Уялганидан кечаси тиланарди. Ўша кунлари Қоҳирада ўғрилар кўпайиб қолишган эди. Миршаб уни тутиб олди, ўғри деб ўйлаб, роса калтаклади. Шунда уқувчиз тиланчи бечора йўқсил: “Илтимос, урма. Мен ўғри эмасман. Сенга ҳақиқатни айтаман!” деб фарёд солди.

    – Қани айт-чи, ярим кечада нима қиляпсан? – деди миршаб. – Балки бегонадирсан. Аммо ёлғон гапира кўрма, менга тўғрисини айт!

    Одам қасам ичиб, бошидан ўтган воқеаларни айта бошлади:

    – Мен на ўғри, на киссавурман, бир ғариб бағдодликман, – дея кўрган тушини ва хазина қидираётганини айтди.

    Миршаб унинг гапларига ишонди ва:

    – Ҳой, сен қандай ақлсиз одамсан, бир тушга ишониб, хаёлга берилиб, шу ерларга келдингми? Мен неча йилдир, Бағдодда, фалон маҳалланинг фалон кўчасидаги фалон уйнинг фалон жойида бир хазина яширинганини тушимда кўраман. Шунга ишониб бўларканми? Қани, тезроқ бу ердан туёғингни шиқиллат-чи. Йўқса, қўлимдан қутулолмайсан, – деб бақирди.

    Бу гапларни эшитган одамнинг севинчи ичига сиғмасди. Чунки, миршаб айтган жой Бағдоддаги ўзининг уйи эди. Шоша-пиша Бағдодга йўл олди. (“Маснавийи маънавий”, 4-жилд, 4206-байт).

Бўлди сархуш бу хабардин, кетди дард,
Тангрига тилсиз, дудоқсиз айтди ҳамд.

Деди: шу калтак менга нуқлу навот,
Чун дўконим ичрадир оби ҳаёт.

Бир буюк ризққа етишдим, бўйлаким,
Кўрлигимдин ваҳм аро муфлис эдим.

*         *         *

    Аслида хазина бир мажоздир, эришилмоқчи бўлган нарса ишқ, илоҳий хазинасидир. Бу асл хазина ўзимизда. Ўз ичимиздаги хазинага етишмоқни мақсад қилишимиз керак. “Бир мен бордир менда мендан ичкари” сири бу хазинага ишорат қилади. Ишқ хазинасини топган шоир Юнус Эмронинг қуйидаги шеъри ҳикоя шарҳига ёрдам беради:

Севарман мен сени жондан ичкари,
Йўлим бордир бу аркондан ичкари.
Мени менда деманг, менда эмасман,
Бир мен бордир менда мендан ичкари…

У дилбардурур, йўқдир нишони,
Нишон бўлурми, нишондан ичкари.
Мени сўрма мендан, менда эмасман,
Қадам ким босар, султондан ичкари.

Шариат, тариқат йўлдир борганга,
Ҳақиқат, маърифат ундан ичкари.
Сулаймон қуш тилин билар дедилар,
Сулаймон бор Сулаймондан ичкари.

    Ҳазрат Навоий шундай дейдилар:

Ўз вужудингга тафаккур айлагил,
Ҳар не истарсан, ўзингдан истагил.

    Инсон табиати қизиқ. Баъзан у хом хаёл ортидан қувлашдан ўзини тиёлмайди. Кимлардир қўлидаги имконият, уйи ичидаги хазинадан бехабар диёрма-диёр кезишади, аниқроғи, сарсону саргардон юришади.

    Мавлоно Румий хазина ортидан югураётган одамни бундай гапиртиради: “Хазинанинг бошида туриб, йўқсилликдан ўляпман-у, хабарим йўқ. Чунки зулматда, ғафлат пардаси ортида экан”.

Деди шўрлик ганж эрур хонамда чун,
Мен фақирмен йўқсилу зормен нечун?
Бўйла бир йўқсил гадо ганж узрамен,
Чунки зулмат ичра, ғафлат ичрамен.

    Ҳикоятда англатилгани каби баъзан жуда яқиндаги неъмат ва имкониятларга қанча кўп заҳмат ва қийинчиликлардан сўнггина эришилади.

Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий”си ва унинг шарҳи асосида тайёрланди.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг