“ЎЗБЕКИСТОН ОБИДАЛАРИДАГИ БИТИКЛАР” КИТОБ-АЛЬБОМИ СОВҒА ҚИЛИНДИ
«Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» лойиҳасининг 3.250 дона китоб-альбомини ўз ичига олган 250 та тўплам юртимиздаги илмий-таълим муассасалари, маҳаллий ва жаҳон кутубхоналари ҳамда музейларига ҳадя сифатида тақдим этилиши режалаштирилган эди.
Жорий йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, ЎзРФА ҳузуридаги Шарқшунослик институти, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Тошкентда бўлиб ўтган «Узоқ ўтмишдан мактублар: таълим, маърифат, тинчлик ва бунёдкорлик ўзбек халқининг абадий қадриятлари сифатида» мавзуидаги халқаро медиа-анжуманда тўпламларни ҳадя сифатида олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар кутубхона ва музей вакиллари, дипломатик миссиялар раҳбарларига тантанали топширилган эди.
Мазкур китоб-албомнинг бир тўпламни олиш сертификати “Ислом ота” жомеъ масжидига ҳам брилган эди. Бугун 17 июль куни китоб-альбомнинг бир тўплами масжидимиз кутубхонасига ҳам тақдим этилди.
Кутубхонамизга ташриф буюрганлар “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” номли китоб-альбом билан танишишлари мумкин.
«Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» номи остида китоб-альбомлар чоп этилиши давом этмоқда. Ўтган йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Қашқадарё вилоятлари, Хива ва Тошкент шаҳарлари, шунингдек, Самарқанднинг икки йирик тарихий меъморий мажмуаси – Регистон ва Шоҳи Зинда битикларига бағишланган жами 13 та китоб-альбом тақдим этилди. Кейинги китоб-альбомлар Ўзбекистон бўйича дастлабки жилдларга киритилмаган обидалардаги битикларга бағишланади. Умумий ҳисобда 25 жилдли китоб-альбомлар нашр этилиши режалаштирилган.