ЙИҒЛА ЭЙ КЎЗИМ
ЙИҒЛА ЭЙ КЎЗИМ
Айман Сомий
Менинг ўзим билан бирга саёҳатга отланган бир тўда ҳамроҳларим бор. Улар пухталик билан сафар тадоригини кўрдилар. Бозорларни айланиб сафар учун энг яхши ва энг фойдали нарсаларни дид ва фаросат билан танлаб, харид қилдилар. Мен эса: “Ҳа-а, ҳали жўнайдиган кунгача анча вақт бор-ку, ўлар жойдамасман, улгураман-да”, – деган важ билан сафарга унчалик ҳафсала билан тайёргарлик кўрмадим. Балки ҳамма вақтимни ўйин-кулгию харала-тарала билан ўтказдим. Улар йўл учун кўп яхши нарсаларни ўзлари билан олдилар, менинг эса… бу нарса хаёлимга ҳам келмади. Йўқ, йўқ, балки менинг ҳам елкамни оғирлаштириб, қаддимни букиб қўяёзган зилдай оғир бир юким бор. Бироқ чуқур хўрсинаман, у фойда ўрнига зарар берадиган кераксиз юк…
Эҳ, кошки нима сабабдан фойда ўрнига зарар берувчи юкни елкамга ортганимни билсам эди!
Кошки теграмдаги йўлдошларим яхши, ёқимли ва ҳушбўй нарсаларни жабдуқ қилганликлари сабаб, сафар ниҳоясида саодатга эришганликларини билсам эди!
Уларнинг кўнгиллари хотиржам, қарашларида мамнунлик бор. Менинг нафсим эса изтиробда, юзимга аллақандай безовталик ифодаси ўрлаган.
Неча марта нафсим улар билан бирга бўлишимни истаган эди-я!!! Лекин қадамларим оғирлигидан улар томонга силжий олмади.
Шунда нафсимга хитоб қилдим:
– Эй нафс, ҳамонки ўзингга нафи тегадиган нарса учун ҳаракат қилмас экансан, лоақал кўтариб олганинг зарардан халос бўлсанг-чи!
– Эй нафс, кўтарган нарсанг сени қанчалар оғирлаштирди-я!
– Эй нафс, устингга олган юкинг фойда бермади, билъакс, қанчалар зиён келтирди-я сенга!
– Хўш, нима учун уни устингдан қўймайсан, токай уни кўтаришда давом этасан?!
Ундан ҳеч қандай садо чиқмади.
Шунда мана бундай нидо қилдим:
– Йиғла, эй кўзим… йиғла!!!
Жўнаш вақти тобора яқинлашиб келар, бекат борган сари шиддат билан тўпланаётган йўловчилар билан тиғизланиб борарди. Атрофимдагилар сафар учун бамисоли меҳнаткаш асаларилар каби қунт ва тиришқоқлик билан ҳозирлик кўриб, тинимсиз саъй-ҳаракат ва меҳнат қиларди.
Ҳа, зеро, бу оддий сафар эмас, шунчаки муҳим бир сафар ҳам эмас, балки барчамиз сафар қилажагимиз энг муҳим, энг аҳамиятли сафар. У умр сафари, охират сафари эди… Айтинг-чи, бундан-да муҳимроқ сафар бўлиши мумкинми дунёда?!..
Йўқ, минг бора йўқ!!! Бу – онамиз қорнидан туғилиб, заминга оёқ қўйган онимиздан бошлаб йўлга чиққанимиз энг буюк сафар. Қайтиб келмасга кетиладиган сафар. Шу боис ҳам у ҳаётимиздаги энг муҳим сафар деб аталишга лойиқдир.
Шундай бўлса-да, минг ажаблар, минг ёзиқлар бўлсинки, буларнинг ҳеч бири менинг танбал нафсимни жунбушга келтира олмади. Шунда нақадар бечоралигимни, ожизу нотавонлигимни англаб, нолаю гирён қилдим:
Эй кўзим, сен йиғлагин,
Дарё бўлсин ёшларинг…
Кунлар ойларни, ойлар эса йилларни қувалашиб ўтар экан, ўтаётган ҳар бир кун мени сафар учун белгиланган муддатга бир поғона яқинлаштирарди. Лекин, бугун (!) бошқа кунларга ўхшамасди. Бугун бошқача эди. Гарчи буни ич-ичимдан, юрак-юрагимдан ҳис қилиб турсам-да, бироқ нега ундайлигини билмайман.
Кўраётганим мудҳиш нарсалардан ўтакам ёрилиб кетди. Ким бу? Анавилар ким ўзи? Уларга нима керак?
Бу чиндан ҳам ниҳоями, а?! Сафар бошландими, а?..
Ажабо, оёқ-қўлларимга не бўлдики, музлаб бораяпти?
Ахийри, бу интиҳо эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Ҳа, саёҳат бошланди. Лекин… озуқа қани?! Қани озуқа?! Наҳот, озуқасиз сафар қилсам?..
Лекин шу ерда бошқа бир нарса мени бир зумга алаҳситиб қўйди. Қарасам, йўл озуқаси ўрнига ёмон бир юкни кўтариб олган эканман. Ҳозир ундан қутулишнинг айни пайти. Ҳозир бу зормандани елкамдан улоқтираману енгил нафас оламан. Мана… ҳозир… Ие, менга нима бўлди, ҳатто шу ҳам қўлимдан келмаса-я?! Нима қиламан энди?
Яна: “Йиғла, эй кўзим, ёш тўк!” дея фарёд соламанми, а?.. Бироқ бу сафар ҳатто шу ҳам қўлимдан келмади.
Тилим қимирламас, жасадим совиб, бутунлай жонсиз бўлиб қолган эди… Лаа илааҳа иллаллоҳ!!!
“Дарҳақиқат, жон ҳалқумга келган, (халос қилувчи) “бирон дам солувчи – табиб борми?” деб қолинган, инсоннинг ўзи бу ҳақиқий фироқ эканини англаган ва оёқлар бир-бирига чалишган бир вақтда фақат Раббингиз ҳузуригагина ҳайдалиш бордир!!!”. (Қиёмат сураси, 26-30-оятлар)
“Бас, вақтики, жон ҳалқумга келса ва сизлар унга қараб турсангиз, ана ўшанда Биз унга сизлардан кўра яқинроқ ҳолда бўлурмиз ва лекин сизлар кўрмассиз…”. (Воқеа сураси, 83-85-оятлар)
Мана шу лаҳзада тавба қабул бўлурми? Ҳайҳот!!!
Бу ёғига ҳолим не кечади энди? Бу ёғига йўл қаерга энди? Бу ёғи умуман янги олам. Бу оламга қадам қўйган ҳар бир жон ўзида мавжуд бўлган йўл озуқаси ва зоди роҳиласи билан тарозуда тортилади.
Ёру дўстларимдан, жигарпораларимдан айро тушиб, ёлғиз ўзим совуқ ва зимистон гўрда, илон-чаёнлар ва бошқа газандалар билан ҳамхона бўлиш мени даҳшатга солди. Аммо буларнинг бари мезон олдида арзимас бўлиб қоларкан. Мезонга нимани қўяман энди?… Шўрим қурсин, дастмоям ҳам, озуқам ҳам йўқ-ку!
Озуқам йўқлиги бир томон-у, лекин унинг ўрнига кўтариб олган машъум юкимдан ҳолимга войлар бўлсин! Наҳотки, тарозуга шуни қўйсам?!
Яна нолаю фиғон қиламан:
– Эй кўзим, йиғла! Ёш тўк!
Токи Аллоҳнинг иродаси билан “Хақ-рост Рўй Берувчи” (Ал-Ҳааққа – Қиёматнинг исмларидан бири) рўй бериб, бутун борлиқ қулоқларни қоматга келтирувчи нафха билан гумбурлаган дамда Замин ўзининг энг даҳшатли зилзиласи билан бир силкинди-ю, бағридаги бор “юк”ларини юзага чиқариб ташлади. Шунда мен ҳам қабридан турганлар қаторида бош кўтариб, онадан янги туғилгандек ялангоёқ, яланғоч ва хатнасиз бир ҳайъатда Маҳшаргох сари судрала бошладим.
Ё Аллоҳ!!!
Кўраётган нарсаларим бунчалар мудҳиш, бунчалар қўрқинчли бўлмаса! Кимдир қабридан туролмай саранг, энди тураман деса худди жин чалган кишидек тутқаноқ бўлиб, типирчилаб, яна қайтиб қабрга йиқилиб тушаяпти, кимнингдир юзида бир парча ҳам гўшти йўқ, юз ўрнида қуруқ суякнинг ўзи – ҳақиқий мурда юриб келяпти! Бошқа биров эса чумолидай кичрайиб қолган, одамларнинг оёғи остида қолиб, хору зор бўляпти.
Уларнинг ичида ярим белигача қаро терга ботиб кетганлари бор, бошқаси эса терга бутунлай кўмилган. Тер унга бамисоли юган солган. Кимдир тоғдек-тоғдек келадиган баҳайбат гуноҳларни устига ортиб олган кўйи кетяпти. Бечора қани энди уни устидан туширолса. Қани энди ўзини бу машъум юкдан халос қилолса!
Яна бошқа бир бечора эса бўйнидан бўйинтуруқдек чамбарак қилиб ўтказилган баҳайбат занжир билан масофаси фақат Раббимгагина аён бўлган бутун бошли ерни судраб кетаяпти. Лекин, у қандай ер? Бу дунёда ноҳақ ўзлаштириб олинган бир қарич ер, Қиёмат кунида етти қават ердек улкан ҳолатга келтирилиб, уни ўзлаштириб олган одамнинг бўйнига илинган ва Маҳшар томон судраб боришга мажбур қилинган.
Мен-чи?.. Мен ҳам қанчалар оғир юкни кўтариб юрибман-ку!!!
– Эй кўзим, йиғлагин энди, ёшлар тўк ҳолимга!!!
Одам алайҳиссалом яратилгандан бери то Қиёмат қоим бўлгунга қадар ер юзига келган жамики халойиқ Аллоҳнинг амрига хоҳ кўнгилли, хоҳ кўнгилсиз равишда бўйсуниб, шу зайлда Маҳшаргоҳга тўпланди. Одам зоти борки, таърифлаб бўлмайдиган даражада оғир мусибатга кўмилган бу дамда қуёш тўпланганларга яқин келтирилди. Бутун халойиқ тамом терга ботди. Йилт этган соянинг ўзи йўқ. Жуда узоқ вақт шу алфозда қуёшнинг тиғи остида турилгандан сўнг, Аллоҳнинг иродаси билан амал дафтарлари ўчирилди. Кимдир ўнг қўли билан ўз номасини “илиб” олса, кимдир чап қўли билан оларди.
Ўнг қўли билан олганлар қаёққа-ю чап қўли билан олганлар қаёққа?
Ўнг томон аҳли доимий неъмат ичрадирлар. Қани энди тасаввур аталмиш учқур отингнинг тизгинини бўшатгин-да, бу неъматларни томоша қилиш учун хаёлот осмонига парвоз қил! Учқур уловингни яхшилаб қамчила, токи у хаёлот осмонининг энг охирги чегарасигача борсин. Бироқ, бу кунда бу неъматлар сенинг фаразинг етиб борган жойдан минг-минг чандон баландроқда эканига амин бўласан. Нега ундай бўлмасин, ахир улар кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва биронта башар аҳлининг хаёлига ҳам келмаган мислсиз неъматлар-ку!!!
Сўл томон аҳли эса “Самум (ҳавоси) билан ҳамим (ичимлиги) ичрадирлар ва на салқин берадиган, на зарардан тўса оладиган (балки турган-битгани зарар бўлган) қора тутун сояси остидадирлар”… (Воқеа сураси, 42-44-оятлар)
(Самум – ўта иссиқ шамол, инсон терисидаги барча тешикларгача кириб, куйдирадиган шамол бўлганидан “самум” деб аталган. Ҳамийм – жаҳаннамийлар ичадиган ниҳоят даражадаги қайноқ сув).
Уларнинг бирига мана бундай ҳукм ўқилади: “(Эй жаҳаннам посбонлари!) Тутинглар уни ва кишанланглар! Сўнгра оловда куйдиринглар! Сўнгра уни (жаҳаннам қаърида) узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солинглар!”. (Ал-Ҳааққа сураси, 30-32-оятлар)
Жаҳаннам азоблари ақл бовар қилмас даражада даҳшатли, аламли ва оғриқли экан. Унинг забония (азоб берувчи фаришта)лари улкан ва баҳайбат, ваҳимали ва шиддатли, шафқат нималигини билмайдиган махлуқлар эди. Уларга қарашнинг ўзи азоб. Бу азобдан кўзлар ўйилиб тушади, қалблар парча-парча бўлади, терилар йиртилиб, пўстлоқдек кўчириб олинади. Лекин… қани, шугина билан азоб тўхтаб қолса, йўқ!!! “Ҳар қачонки, терилари куйиб битганда, ўрнига бошқа (янги) териларни алмаштириб турурмиз, токи азобни тўлиқ тотсинлар!”. (Нисо сураси, 56-оят)
Бас, афв эт бизларни, эй оламлар Хожаси!
Эй мусулмон биродарим, менинг ҳабибим, зинҳор базинҳор: “Эй кўзим йиғла!” – дея нидо қилувчилардан бўлиб қолмагин! Бу галги таътил (ёхуд хизмат) сафарингдан иншоаллоҳ ибрат билан қайтганингдан сўнг, ҳақиқий ва боқий сафарга яхшилаб тайёрлан. Солиҳ амаллар билан хуржунингни тўлдир.
Ўнг томон аҳли ичида кўришгунча.