Мақолалар

ШАВВОЛ ОЙИ РЎЗАСИ ВА ҲИКМАТИ

Мусулмон банда учун Аллоҳ таолонинг раҳматлари кенг. Аллоҳ бандани бирор ибодатга амр этганда, албатта, унинг учун яхшилик ва манфаатни мақсад қилади. Унинг амрларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари билан кўрсатиб берадилар, ўрнак бўладилар. Мана шундай ибодатлардан бири рўза ибодати. Рамазоннинг фарз рўзасидан аввал суннатда Шаъбон ойининг рўзаси ҳақида Расулуллоҳнинг тавсиялар жуда кўп келтирилади. Бу ўз навбатида Рамазон рўзасига одатланиш, унга тайёр бўлиб киришни таъминлайди. Бир ой давомида рўза тутиб, инсон танаси очликка одатланганидан сўнг, бирданига ейишга киришиб кетса, зарар етиши эътиборидан Шаввол ойидан ҳам олти кун рўза тутиш билан зарарни даф қилиш имкони туғилади. Бунинг маънавий ва руҳий манфаатлари эса ундан ҳам зиёдадир.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кейин Шавволдан олти кунни зиёда қилса, у бутун умр рўза тутгандек бўлади”, деганлар”. (Имом Термизий ривояти).

Мазкур ривоятдан Рамазон рўзасини тўлиқ тутгандан кейин Шаввол ойида ҳам яна олти кун рўза тутишга тарғиб қилинмоқда. Бунинг ўзига яраша ҳикматлари бор.

Жумладан:

– бандаларни Рамазон ойидан бошқа вақтларда ҳам рўза тутишга тарғиб қилинмоқда;

– мўъмин-мусулмонларнинг янада кўпроқ савоб олишларини таъминлаш;

– Шаъбон ойида секин-аста рўза тутишга одатланилгани каби Рамазон ойида ҳам бир ойлик рўза тутишга ўрганган ички аъзоларни секин-аста таом истеъмолига мослаштириш.

Уламолар Рамазон ойи ва Шавволдан олти кунлик рўзанинг бутун умр тутилган рўзага тенг эканини қуйидагича изоҳлашган:

“Ҳар бир яхшилик ўн баробар қилиб кўпайтирилади. Рамазон ойининг ўттиз кун рўзаси – ўн ойлик, Шавволнинг олти кунлик рўзаси эса икки ойлик рўзага тенг. Шунда 360 кун – ўн икки ойлик рўза бўлади”.

Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Ҳурайра ва Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумлардан ҳам ривоятлар келтирилган.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши шундай дедилар:

“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Рамазон ойи ва Шавволдан олти куннинг рўзасини тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, деб айтганларини эшитганман” (Имом Аҳмад “Муснад”да ва Табароний “Авсат”да ривоят қилганлар).

Демак, мазкур ҳадисдаги жумлаларга эътибор қилинадиган бўлса, йил бўйи рўза тутганлик савобини олиш учун банда Рамазон рўзасини тўлиқ қилган бўлиши ёки бирор узрли сабаб билан фарз рўзани қазо қилган бўлса, аввало уларни мукаммал қилиб етказиши, сўнг Шаввол ойининг олти кунлик рўзасини тутиши керак.

Шаввол ойининг олти кунлик рўзасини Рамазон ҳайити ўтгандан кейин ойнинг 2-кунидан 8-кунигача орасини узмасдан кетма-кет тутиши ёки орасини узиб, алоҳида-алоҳида тутиш ҳам мумкин. Қандай тарзда тутилса ҳам, ривоятда айтилган фазилатга эришилади. Сабаби ҳадисда ушбу олти кунлик рўзанинг пайдар-пай тутиш лозимлиги айтилмаган. Абдуллоҳ ибн Муборак бу рўзани Шаввол ойининг бошида тутиш яхшилигини айтган.

Савбон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким Рамазон ойи ва Шавволдан олти куннинг рўзасини тутса, йил бўйи рўза тутибди”, (Ибн Ҳиббон ривояти).

Юқорида Шаввол ойида тутиладиган олти кунлик рўза фазилатлари ҳақида тўхталдик. Уламолар бу рўзанинг ҳукми ҳақида асосан икки хил фикрни айтадилар. Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва Абу Довудга кўра, Шаввол ойининг олти кунлик рўзаси мустаҳаб саналади. Шаввол ойининг олти кунида рўза тутиш ҳақида саҳиҳ ҳадисларда янада кўпроқ маълумотлар келган.

 

Абулҳаким қори Комилжон ўғли

“Ислом ота” жомеъ масжиди имом-хатиби

Теглар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг