Ислом тарихиМақолалар

АБДУЛЛОҲ ИБН АВН

Абдуллоҳ ибн Авн ибн Артабон Музаний Басрий. (ваф. 151/768). Ҳадис олими.

Ҳижрий 66 (милодий 685) йилда Басрада туғилганлар. Баъзи манбаларда 64 (683) йилда дейилган. Боболари Музаний қабиласининг мавлоси – озод қилинган қули бўлгани учун Музаний деб танилган. Саҳоблардан Анас ибн Моликни кўрганлар, Самома ибн Абдуллоҳ ибн Анас, Зиёд ибн Жубайр ибн Ҳайва, Қосим ибн Муҳаммад, Саид ибн Жубайр, Иброҳим Нахаъий, Шаъбий, Мужоҳид, Ато ибн Абу Рабоҳ, Ҳасан Басрий ва Ибн Сирин каби бир қанча машҳур кишилардан ҳадис тинглаганлар.

Ҳадис жамлаш учун Макка, Мадина, Куфа, Басра ва бошқа юртларга саёҳат қилганлар. Аъмаш, Довуд ибн Ҳинд, Суфён Саврий, Шўъба ибн Ҳажжож, Абу Яҳё ибн Саид Қаттон, Абдуллоҳ ибн Муборак, Вакиъ ибн Жарроҳ, Муоз ибн Муоз, Азҳар ибн Саъд, Ҳушайм ибн Башир, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ансорий кабилар ҳамда кутуби ситта муаллифларининг барчаси Абдуллоҳ ибн Авндан ҳадис ривоят қилишган. Ҳадис олимлари Ибн Авнни ишончли деб иттифоқ қилганлар, Яҳё ибн Маъин ҳам ҳар томонлама ишончли эканликларини айтиб, “сабт” ва “сиқа” деб таърифлаган. Шўъба эса, тенги йўқ киши, деб таърифлаган Ибн Авндан ҳар куни ҳадис ўрганганини, ҳадис тадлис қилишдан холи бўлган икки кишидан бири эканликларини айтиб, Ибн Авннинг шубҳали маълумотларини бошқаларнинг аниқ маълумотларидан устун қўйишини таъкидлаган. Суфён Саврий, Ҳишом ибн Ҳассон, Усмон Баттий, Муоз ибн Муоз, Абдуллоҳ ибн Муборак каби олимлар ҳам уларнинг ўхшашини кўрмаганларини, Абдурраҳмон ибн Маҳдий эса Ироқдан суннатни улардан яхши биладиган кишининг йўқлигини таъкидлаган.

Буюк олим Қурро айтади: “Биз Ибн Сириннинг тақвосига ҳайрон қолардик. Аммо Абдуллоҳ ибн Авн буни бизга унуттирди. Унинг тақво борасида мартабаси анча баланд эди”.

Замондошларидан Бикар  ибн Абдуллоҳ Сириний шундай дейди: “Ибн Авннинг бирор  киши билан тортишганини кўрмадим. Чунки у доим ўз ҳоли ва нафси билан машғул бўлганлари сабабли ички гўзалликлари тараққий этиб, тасаввуфда юксак даражаларга эришар эдилар”.

Ҳар куни бомдод намозини талабалари билан бирга ўқиб бўлгач, қуёш чиққунча ҳеч ким билан гаплашмай, қиблага юзланиб, Аллоҳни зикр қилар эдилар. Қуёш чиққандан кейин талабаларига юзланиб дарсни бошлаб, панду насиҳат қилардиларҚуръони каримни кўп ўқир, жамоатда бардавом эдилар. Асло ғазабланмас, ғазаблантирганларни эса, дуо қилиб қўярдилар. . Тилга эътибор қаратганлари боис, ҳеч қачон ёмон сўз айтмасдилар. Беҳуда ва фойдасиз гаплардан сақланиб, доимо инсонларга фойдали бўлган гапларни гапирардилар. Таналаридан хушбўй ҳид тараларди. Тоза ва чиройли кийинардилар. Маълум вақтларда уйларига кириб, сукут ва тафаккурга киришиб кетар эдилар. Қилган яхшиликларини доимо сир сақлаб, амалларини ҳеч ким билишини истамасдилар. Ота-оналарига ҳар доим яхшилик қилар, ҳатто улар таомланган идишда бирга овқатланмаганлар. Бунинг сабабини сўраганларга: “Мен еяётган луқмада уларнинг истаклари бўлиб, билмасдан еб қўйишдан қўрқаман”, деб жавоб берганлар. Кунларнинг бирида оналари чақирганида, шиддат билан жавоб бердилар. Сўнг бу ишларига пушаймон бўлиб, қилган ишларининг каффорати сифатида иккита қул озод қилдилар. Бир нечта уйлари бўлиб, муҳтож мусулмонлар бу уйларда бепул истиқомат қилганлар. Пул сўрасам, уларга оғир ботмасин деб ижара ҳаққи олмасдилар.

Замондош олимлардан Равҳ: “Унингдек ибодат қиладиган бирор кишини кўрмадим”, дейди.

Ибн Муборак: “Унингдек намоз ўқиган бирор кишини кўрмадим”, дейди.

Яҳё ибн Қаттон: “Абдуллоҳ ибн Авннинг устунлиги – инсонлар орасида энг кўп тарки дунёчилигидан эмас, балки, тилига эътибор қаратганидандир. У инсонларнинг тилига энг эътибор берганларидан бири эди”, деган.

Муҳаммад ибн Фузола айтади: “Расулуллоҳ (с.а.в.)ни тушимда кўрдим. У зот: “Ибн Авнни зиёрат қилинг. Чунки, Аллоҳ таоло ва Расули уни яхши кўради”, дедилар.

Бикар ибн Абдуллоҳ Сириний Абдуллоҳ ибн Авннинг бир кун рўза тутиб, бир кун тутмасликларини айтади.

Ибн Авн шундай дер эдилар: “Эй биродарларим! Сизлар учун учта нарсани тавсия қиламан: Қуръони каримни кечаю кундуз тиловат қилишингизни, жамоатда бардавом бўлишингизни ва ёмон ишларга монеълик қилишингизни”.

Ибн Авн шундай дер эдилар: “Ақл соҳиби бўлган кишининг хатоси учун озор бериш дуруст эмас. Бугунги кунда ҳолат мана шундай. Ким бирор кишига озор берса, ўзи ҳам бошқа кишидан бундан ҳам қаттиқ озор кўради”.

Ҳадис ривоятида ўта эҳтиёткор ва диққатли бўлган Ибн Авн Басрада қарийб етмиш йил бу илм соҳасининг етукларидан бўлганлар. Айюб Сохтиёний ва Юнус ибн Убайдга ҳурматлари юксаклигидан улар вафот этгунга қадар ҳадис ривоят қилмаганлар. Қироат ва фиқҳдаги илмларининг юксаклиги билан танилган Ибн Авн Ражаб ойида (768 йил, август) Басрада вафот этдилар. Бу сана баъзи манбаларда 150 ва 152 йил деб ҳам кўрсатилган. Ибн Авннинг жаноза намозларини Басра волийси Жамил ибн Маҳфуз Аздий ўқиди.

Абдуллоҳ ибн Авн Ибн Сириндан қуйидаги ҳадисларни ривоят қилганлар: “Жума куни бир соат борки, намоз ўқиётган киши шу соатга тўғри келиб қолса ва яхшилик сўраса, албатта Аллоҳ таоло унга сўраганини беради”.

“Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Банда биродарининг ёрдамида бўлган муддатгача Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади. Аллоҳ таоло қийин аҳволга тушган бандасига ёрдам беради”.

“Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таолонинг бир фариштаси бўлиб, ҳар намоз вақтида: “Эй Одам боласи, нафсларингиз билан ёққан оловларга қарши туринг. Уларни намоз билан ўчиринг”.

Расулуллоҳ (с.а.в.) биринчи луқмани қўлга олганларида: “Эй мағфирати кенг Аллоҳим, мени мағфират қил”, дер эдилар”.

 

Олимжон Аллоҳқули

 

Теглар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг