“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га бағишлаб
Аллоҳнинг марҳамати ва инояти билан ватанимизнинг мустақиллиги туфайли диний қадриятларимизда мислсиз ижобий ўзгаришлар бўлди. Бизнинг диний қадриятларимиз миллий қадриятларимизга шу қадар уйғунлашиб кетдики, эндиликда давлатимиз сиёсати ҳам азал-абад минг йиллар давомида шаклланиб келган қадриятларимизга, урф-одатларимизга ва удумларимизга хос бўлиб келаётганига Аллоҳга шукроналар айтамиз. Мухтарам президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2017-йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилганларини фикримизни яққол далили деб билдик.
Муқаддас диний манбааларимизга назар ташлайдиган бўлсак Ҳадиси шарифларда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга фарз ибодатлардан кейинги энг маҳбуб амал мусулмон кишини қалбини хурсандчиликка тўлдирмоқликдир” – деб марҳамат қиладилар. Яъни, Аллоҳ бандаларига буюрган фарз ибодатлардан кейин турадиган энг катта савобли иш бу мусулмонни хурсанд қилиш, қалбини ҳушнуд этишдир. Демак, бунинг зидди кимнидир хафа қилиш, қалбига шикаст етказиш, дилозорлик энг ёмон амаллардан ҳисобланади. Бунинг акси ўлароқ бир ғамгин, айниқса бошига ташвиш тушиб хафа бўлиб турган кишининг қўнглига шодлик ва хурсандчилик бахш этиш бу айни фарздан кейин турадиган юқори даражали савобли ишлардан ҳисобланар экан. Шунингдек президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг халқ ичида юриб, уларни дардларини ва қийнаётган муаммоларини ўрганиб, ҳамда уларни ечимини топиш борасидаги қилаётган хизматлари ҳар қандай таҳсинга лойиқдир. Инсонни кўнглини кўтармоқ, унга тўғри йўлни кўрсатмоқ ҳар биримизнинг бурчимиз экан, бу борада имом-хатиб ва отинойиларимиз ҳам маҳаллаларда юриб диний ва маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида кўплаб ишларни амалга оширмоқдалар. Жумладан, Рамазон ойи муносабати билан маҳаллалардаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, кекса ва беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда.
Ушбу “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да буюк Аллоҳдан юртимизга тинчликни,осмонимизга мусаффоликни, ватанимиз обод бўлишини ҳамда халқимизга кўплаб яхшиликларни сўраб қоламиз.
Тўтинисо Масаитова
Яшнобод тумани бош имом-хатибининг
аёл-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси