РАМАЗОН – ҚУРЪОН ОЙИ
Рамазон Қуръон ойидир. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи Рамазон ойи кирса, ҳадисни ва илм аҳли мажлисини қўйиб, мусҳафдан Қуръонни тиловат қилишга киришар эканлар. Аллоҳу акбар! Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойида Қуръон тиловатига киришганидан ҳатто илм музокараларида ҳам қатнашмас эканлар.
Бизни бу ойда Қуръон тиловатидан нима чалғитяпти?
Телевизор кўришми? (футбол, кино ёки сериаллар)
Интернетда беҳуда ўтиришми?
Ошналаримиз билан ҳангома қилишми?
Ортиқча уйқуми?
Ёки шунга ўхшаш бошқа ишларми?
Рамазон ойида ҳатто мубоҳ амалларни ҳам имкон қадар камайтириш лозим. Кўпроқ Қуръон тиловатига киришмоқ керак. Қуръон ўқиганда ҳам муҳаббат билан, шошмасдан ўқишлик керак.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Сизларнинг мақсадингиз суранинг охири бўлмасин.” Яъни, малолланиб, суранинг тугашини кутиб, қачон тамом бўларкин, деб ўқиманглар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганлар: “Менга Бақара сурасини тартил билан, тадаббур қилиб ўқишим Қуръоннинг ҳаммасини тез ўқиб чиқишдан кўра маҳбуброқдир.”
Баъзи салафлар айтган эканлар: “Англамай, қалбим унда бўлмай ўқилган бирорта оят учун савоб бор деб ўйламайман.”
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу айтганлар: “Агар қалбларингиз пок бўлганда эди, Роббингизнинг каломига тўймаган бўлар эдингиз.”
Қудратуллоҳ Сидиқметов