РАМАЗОНГА МАЪНАВИЙ ТУҲФА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Қудрат ва Ҳикмат соҳиби Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати ила #Рамазон2017 туҳфаси ўлароқ Қуръони каримга кириш учун манба бўлган “Мuallimi soniy” китобининг Янги таҳрир ва тажвид асосидаги лотин алифбосидаги нашри чиқди. Ушбу китобни барча халқимиз ва мусулмонларга манфаатли қилсин. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи йўлидаги хизматларни бардавом айласин!
Мазкур мўъжаз рисола узоқ йиллар давомида Қуръони каримни ўрганиш учун хизмат қилаётган асарлардан биридир. Унинг содда, ўзлаштиришга осонлиги сабабли ҳозиргача жуда кўп мусулмон ўлкаларида талабалар ундан таълим олиб келмоқдалар. Бизнинг диёримизда ҳам мазкур қўлланма қайта-қайта нашр қилинди. Натижада асл нусхадан кўчирилган нусхалар тобора хиралашиб, ҳарфлари ва ҳаракатлари чалкашиб борди. Мана шуни эътиборга олиб, қўлланманинг матнлари қайта териб чиқилди, бугунги куннинг талаби асосида жузъий ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳам киритилиб, қайта нашрга тайёрланди. Қўшимча тарзда тажвид қоидалари ҳам киритилди. Шунингдек, ўқувчига янада қулай бўлишини кўзлаб, оятларда кўп такрор келадиган мадлар, истеъло, идғом, ихфо ва қалқала каби тажвид қоидалари махсус ранглар билан ажратиб ёзилди.
Умид қиламизки, қулайликлар яратиш мақсадида тайёрланган ушбу қўлланма Қуръони каримни тўғри ўқишни ўрганишда катта хизмат қилади.
Аллоҳ таолодан мазкур қўлланмани барча учун хайрли ва манфаатли қилсин.
Абдулҳаким қори Комилжон ўғли
“Ислом ота” жоме масжиди имом-хатиби