ҲАДИС ИЛМИ ФАЗЛИ ВА УНИНГ АҲЛИНИНГ ШАРАФИ
Ҳадис илмига бевосита алоқадор бўлган «Суннатнинг ёзилиш тарихи, унинг пайдо бўлиши ва ривожланиши» ҳақидаги китобда бу илмга бутун борлиқларини бағишлаб, молу жонларини сафарбар қилган уламоларимиз – аҳли ҳадислар таърифида салафларимиз қуйидаги дурдона сўзларни айтганлар:
Ибн Ҳиббон ал-Бустий роҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ» китобида аҳли ҳадислар ҳақида бундай деганлар: Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бандаларидан бир тоифани саралаб олиб, уларни суннатга эргашган ҳолда яхшилар йўлини тутишга ҳидоят қилиб, қалбларини имон ила безади. Аллоҳ уларнинг тилларини Аллоҳ динининг юксак қирраларини кашф этиш, сафарларию уйларида, аҳли-оилаю ватанларидан, жамики ҳожатларидан фироқликда суннатларни тўплаш ва ҳавои нафсларни ташлашда, фикру ўйларни тарк этиб суннатни пухта фаҳмлашда Аллоҳ пайғамбарининг суннатига эргашишни баён қилиш билан сўзлайдиган қилиб қўйди. Натижада бу қавм бутун борлиқларини ҳадис илмига бағишлашиб, ҳадислар талабида сафар қилишди. Тўплаган ҳадисларини эса девонларда қайд этишди. Ҳадис ҳақида сўраб сўриштиришиб, бу илмни пухта ўрганишиб, ўзаро дарслар қилишди ҳамда ўрганган ҳадисларини омма орасида ёйишди. Ҳадисни яхши фаҳмлашиб, унга асос солишди. Ҳадис илмини бўлакларга бўлишиб, мурсалу муттасил, мавқуфу мунфасил, носиху мансух, муҳкаму мафсух, муфассару мужмал, мустаъмалу муҳмал, ғарибу машҳур, одиллару мажруҳлар, заифлару матруклар, номаълум шахсни кашф этишларни, ўзгартирилган ёки фириб аломатидан бўлган тўқима маъноси қалб этилган – тўнтарилган ҳадислар маъноларини баён қилишди. Ниҳоят Аллоҳ аҳли ҳадислар сабабли мусулмонларга динни сақлади ва динни таъначилар дошномидан ҳимоя қилди ҳамда уларни талашиб – тортишилган масалаларда ҳидоятга бошловчи имомлар, бало-мусибатларда нур таратгувчи чироқ айлади. Дарҳақиқат, аҳли ҳадислар пайғамбарлар меросхўрлари ва сараланган зотларнинг дўстларидир. (Саҳиҳи ибн Ҳиббон 1/84).
Хатиб ал-Бағдодий аҳли-ҳадислар ҳақида бундай деганлар: Аллоҳ таоло аҳли ҳадисларни шариат устунлари қилганида ва улар орқали жирканчли бидъатларни парчалаганида шубҳа йўқ. Бинобарин, аҳли ҳадислар Аллоҳнинг омонатли бандалари, Пайғамбар алайҳис-салом билан уммати орасидаги восита ҳамда у зот динини сақлаш йўлида астойдил меҳнат қилган зотлардир. Аҳли ҳадисларнинг нурлари яшнаган, фазилатлари тилларда достон, тутган йўллари барча йўллардан устун ва далил-ҳужжатлари ғолибдир. Аллоҳнинг Китоби – Қуръон қалқони, суннат далиллари, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоифаси, ўзларига ҳам у зотга нисбат қилинган, ҳаю-ҳаволарга парво, фикру ўйларга назар қилмайдиган аҳли ҳадислардан бошқа ҳавога мансуб ҳар қандай тоифа, ҳавосига қайтади ёки ўзлари яхши санаган фикрга сиғинади. Аҳли ҳадислар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадислар қабул қилинади. Улар суннатга омонатдорлар, диннинг сақловчилари ва хазиначилари ҳамда ҳақиқий билим аҳлларидирлар. Олиму фақиҳлар, олиймақом имомлар, булбулхониш қорилар, сўзамол хатиблар аҳли ҳадислардан чиққандир. Аҳли ҳадислар катта жумҳур ва тутган йўллари энг тўғри йўлдир. Уларга ҳийла-найранг қилганларни Аллоҳ яксон қилади. Уларга қарши чиққанларни ёрдамсиз қўяди. Уларга қарши чиққанларга зарар беролмайдилар. Улардан ажраган киши нажот топмайди. Динига эҳтиёт бўлган киши аҳли ҳадислар раҳнамолигига муҳтождир. Уларга ёмонлик ила назар қилувчиларнинг кўзлари ҳолдан тойган-ожиздир. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир. (Шарафу асҳобул-ҳадис 8-9).
Олимжон АЛЛОҲҚУЛИ