ИМОМИ АЪЗАМНИНГ ЎҒЛИ ҲАММОДГА НАСИҲАТЛАРИ
– Эй ўғлим! Аллоҳ сени рушди ҳидоятга бошласин ва доимо сенга мададкор бўлсин! Мен сенга панду насиҳат қилмоқчиман. Менинг ўгитларимни хотирангда сақласанг ва қулоғингга қуйиб олсанг, дининг ва дунёйинг йўлида сенга, иншааллоҳ, бахту иқбол ёр бўлишини тилайман.
- Аллоҳдан қўрқиб, жисмингдаги барча аъзоларни гуноҳу маъсиятдан сақлаган ҳолда Унга бандачилик қил! Унинг буйруқларини сўзсиз адо эт!
- Эҳтиёжинг тушадиган илмни ўрганишдан ўзингни олиб қочма!
- Дину дунёнинг йўлида асқотадиган кишилар билангина ошначилик қил!
- Нафсингдан ҳаққингни ол. Зарурат бўлганидагина унга инсоф қил.
- Мусулмонга ҳам, зиммийга ҳам душманчилик қила кўрма!
- Аллоҳ берган ризқу рўзингга қаноат қил!
- Бошқаларга муҳтож бўлмаслигинг учун қўлингдаги бор бисотингдан тадбиркорлик билан фойдалан!
- Одамлар сенга таҳқир назари билан боқишларига сабабчи бўладиган юмушни қилма!
- Эҳтиёжингдан ортиқча бўладиган нарсаларга берилишдан нафсингни тий!
- Одамлар билан учрашганингда гапни салом беришдан бошла, сўзлаганда майин ва мулойим сўзла, яхшиларга ёқимли бўл, ёмонлар билан муросаю мадора қил!
- Аллоҳга кўп зикр айт, Унинг Пайғамбарига бисёр салавотлар йўлла!
- Пайғамбаримиз, алайҳиссалом, марҳамат қилган қуйидаги саййидул истиғфор билан машғул бўл: “Аллооҳумма анта роббий, лаа илааҳа иллаа анта, холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъалаа аҳдика ва ваъдика мастатоъту, аъуузу бика мин шарри маа сонаъту, абууьу лака биниъматика ъалаййа ва абууьу бизанбий, фағфирлий фаиннаҳу лаа яғфируз зунууба иллаа анта”.
Ушбу саййидул истиғфорни тунда ўқиган банда, агар ўша кечаси вафот этса, жаннатга киради, кундузи ўқиган банда, агар ўша куни вафот этса, жаннатга киради.
Маъноси. “Парвардигоро, Сен менинг Раббимсан, Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сен мени яратдинг ва мен Сенинг қулингман, Сенинг аҳдинг ва ваъдангга кўлимдан келганича собит бўламан. Қилган ишларимнинг ёмонлигидан Ўз паноҳингда асрашингни сўрайман, менга берган инъомингга ва гуноҳимга иқрорман, мени мағфират қил. Зеро, Сендан бошқа гуноҳларни мағфират қиладиган зот йўқ!”.
Саҳобалардан Абу Дардо розияллоҳу анҳуга, уйингга ўт кетди, дедилар. У зот, менинг уйимга ўт тушмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Кимки қуйидаги калималарни тонгда ўқиса, кечга қадар унга ҳеч қандай мусибат етмайди ва агарда уларни кун қорайиши билан ўқиса, тонг отгунгача унга ҳеч қандай бахтсиз ҳодиса йўлиқмайди”, деганларини эшитганман, деб жавоб берган эканлар.
Мазкур ибора қуйидагидир:
“Аллооҳумма анта Роббий, лаа илааҳа иллаа анта, ъалайка таваккалту, ва анта Роббул ЪАршил ъазийм, маашаАллоҳу каана ва маа лам яшаь лам якун. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил-ъалиййил-ъазийм”.
Маъноси: «Парвардигоро, Сен менинг Роббимсан, Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сенга таваккал қилдим, Сен буюк Аршнинг Парвардигорисан. Аллоҳ истаган нарсаси бўлади ва истамаган нарсаси бўлмайди. Куч ва қудрат Буюк ва Улуғ Аллоҳ биландир”,
- Ҳар куни Қуръон ўқишни одат қил ва ўқиганларингнинг савобини Пайғамбаримиз алайҳиссаломга, ота-онанг, устозларингга ва барча мусулмонларга бахшида қил!
- Душманларингдан кўра ҳам дўстларингдан эҳтиёт бўл. Одамлар орасида фисқу фасод зиёда бўлган вақтида душманинг дўстингдан фойдаланиши мумкин.
- Сиру асрорингни, моддий имкониятингни, мазҳабингни ва борар жойингни махфий тут!
- Қўшничиликни яхши қил ва қўшнингдан келадиган азиятларга сабру бардошли бўл!
- Аҳли Суннат вал-жамоат йўлини маҳкам тут, залолат ва жаҳолат аҳлидан ўзингни четга ол!
- Барча ишларингда холис ниятли бўл, ҳар бир ҳолатда ҳам фақат ҳалол нарсаларни истеъмол қилишга жидду жаҳд қил!
- Беш юз ҳадис орасидан танлаб олганларим бўлмиш қуйидаги беш ҳадисга амал қил:
а) Барча ишлар, албатта, ниятга боғлиқ бўлади. Ҳар бир кишига ният қилгани бўлади.
б) Кераксиз нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг диёнати ҳуснидандир.
в) Ўзи хуш кўрган нарсани бошқага ҳам раво кўрмаган банданинг иймони баркамол бўлмайди.
г) Ҳалол ҳам маълум ва ҳаром ҳам маълум. Аммо улар ўртасида шубҳали нарсалар ҳам мавжуд. Кўпчилик уларни билмайди. Улардан ўзини сақлаган банда динини ва шарафини ҳимоя қилган бўлади. Шубҳали нарсалардан ўзини тиймаган банданинг ҳаромга ўтиб қолиши ҳеч гап эмас. Бундай банда қўриқхона атрофида қўй боқаётган чўпонга ўхшайдики, у ҳар лаҳзада қўриқхонага ўтиб кетиши мумкин. Ҳар бир ҳукмдорнинг қўриқхонаси бўлганидек, Аллоҳнинг ҳам қўриқхонаси бор. У Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсаларидир. Ҳар бир баданда бир парча гўшт борки, у соғлом бўлса, бадан ҳам соғлом бўлади ва агар у касал бўлса, бадан ҳам бемор бўлади. У – қалбдир.
д) Бировларга тили ва қўли билан озор етказмайдиган мусулмон ҳақиқий мусулмондир.
- Соғ ва саломат вақтингда доимо хавф ва умид орасида бўл! Аллоҳ таоло хусусида яхши фикр, холис қалб, зафарли умид билан оламдан ўт!