ИМОМИ АЪЗАМНИНГ АБУ ЮСУФГА ЎГИТЛАРИ
Ҳамд унга муносиб бўлган Зотга хосдир, дуруд Унинг Пайғамбарига (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бўлсин!
Ушбу битиклар Имом Абу Юсуф камолот ёшига етганидан сўнг ва унда ажойиб хислатлар ва одамлар билан мулоқот қилиш салоҳияти намоён бўлганидан кейин Имоми Аъзамнинг унга айтган насиҳатларидир.
У киши дедилар:
– Эй Ёқуб! Султоннинг ҳурматини ўрнига қўй, унинг мартабасини эъзозла, унинг ҳузурида ёлғон гапиришдан, бирор илмий ҳожат учун сени чақирмаганида олдига ҳар вақт киришдан ўзингни тий.
Халқ оммаси ва тожирлар ҳузурида фақат илмга оид нарсалар тўғрисида сўзла. Агар сен улар олдида молу дунё хусусида гап очсанг, улар сени молу давлатга ҳирси ва муҳаббати, пора олишга майли бор экан, деб сен тўғрингда ёмон фикрга борадилар ва нотўғри эътиқод қиладилар. Кўча-кўйларда ўтирмагин. Агарда бировни кутиш зарур бўлса, масжидда кутиб ўтир. Бозору кўчаларда ва масжидларда ҳаргиз овқатланма. Шойи матодан тикилган кийимларни кийма. Чунки бу бефаросатликка олиб боради.
Сен биринчи навбатда илм ол, ундан кейин ҳалол йўл билан молу давлат орттир. Ана ундан кейингина уйлан. Агар илм олиш даврингда мол топишга ҳаракат қилсанг, илм ҳосил қилишдан маҳрум бўлиб қоласан. Илм ҳосил қилмасдан туриб, бойлик орттириш ва аёллар билан машғул бўлишга вақтингни сарф қилсанг, билгинки, умринг зое кетади. Уйланганингдан сўнг болаларинг кўпая бошлайди ва сен илм олишни тарк этиб, уларни таъминлаш билан шуғулланишга мажбур бўласан.
Одамларга беписанд бўлма. Ўзингни ҳам, бошқаларни ҳам ҳурмат қил. Улар билан кўп муносабат қилма. Фақат сенга мурожаат қилганларидан сўнг улар билан муносабат қил. Уларнинг муносабатларини масалаларни эслатиш билан тақцирла. Чунки илм аҳлидан бўлса, илм билан машғул бўлиб кетадилар, илм аҳлидан бўлмаса, сени ёқтириб қоладилар. Омма билан сўзлашганингда, сўзинг орасида динга оид масалалардан сўзлама. Чунки улар ҳам сенга тақдид қилиб сўзлай бошлайди. Агар бирор одам сендан бирор масала юзасидан фатво сўраб қолса, фақат унинг саволигагина жавоб бер. Унга ҳеч нарса қўшимча қилма. Ортиқча сўзларинг унинг саволига берган жавобингни чалкаштириб қўяди.
Гарчи сен ўн йил касбсиз ва озиқ-овқатсиз қолсанг ҳам, илмдан юз ўгирма. Фақат бундай қилсанг, ҳаётинг оғир кечади. Сен шогирдларингга юзлан. Уларнинг илм олишга қизиқишларини кучайтириш учун бирини ота, бошқасини ўғил қилиб ол. Оми ва бозорчи одамлардан бирортаси сен билан мунозара қилмоқчи бўлса, сен у билан мунозара қилма. Чунки бу сенинг обрўингни тўкади. Ҳақиқатни айтишда ҳеч кимдан, ҳатто султондан ҳам тортинма. Ибодатни бошқалардан кам қилишда ўзингдан рози бўлма. Оми халқ сенинг ўзларидан кўра ибодатга камроқ юзланганингни кўрсалар, сени ибодатга аҳамият бермас экан, деган фикрга борадилар ва шунингдек, уларга нодонликлари “фойда” берганидек, сенга илминг фойда берган экан, деб эътиқод қилиб қоладилар.
Агар сен олимлари бор шаҳарда қўним топсанг, дарров у шаҳарни ўзингники қилиб олма. Ўзингни ўшалардан биридек тут, токи уларнинг обрўларини тортиб олиш мақсадинг йўклигини билсинлар. Акс ҳолда, улар биргалашиб сенга қарши чиқадилар ва мазҳабинг шаънига таъна тошларини ота бошлайдилар. Шундай ҳол рўй берса, оми халқ ҳам сенга қарши чиқадилар, сенга хўмрайиб қарай бошлайдилар ва уларнинг назарида давоси йўқ вабога йўлиққан одамга ўхшаб қоласан.
Агар сендан бирор масалани сўрасалар, унда улар билан қизғин баҳсу мунозара қилиб ўтирма. Уларга фақат далилу ҳужжатларга асосланиб сўзла. Уларнинг устозларига таъна қилма. Акс ҳолда, улар ҳам сенга шу тарзда жавоб берадилар. Одамлардан эҳтиёт бўл. Очиқ-ойдин ҳолатингда бўлганингдек, махфий ҳолатингда ҳам Аллоҳ йўлида бўл. Илм сирини ошкор қилмагунингча, у соҳани ислоҳ қилишга уринма.
Мунозара мажлисида қўрқиб гапирма. Чунки бу изоҳлашга халал беради ва тилинг тутилиб қолишига сабабчи бўлади.
Кўп қаҳқаҳа билан кулаверма. Зеро, бу қалбни ўлдиради. Доимо оҳиста юр. Юмушларда шошма-шошарлик қила кўрма. Ортингдан чақирганга жавоб берма. Чунки молларнигина орқасидан чақирадилар. Сўзлаган вақтингда қичқириб гапирма ва овозингни баланд қилма, ўзингни босиқ тут, кам ҳаракат қил. Шундай қилсанг, сенинг собитқадамлигинг ҳаммага аён бўлади.
Одамлар орасида Аллоҳнинг зикрини кўп қил, токи улар сендан ўргансинлар. Қуръони карим ўқиш учун ўзингга вақт белгила. Ҳар намоздан сўнг Аллоҳни зикр килишни, сенга берган сабру бардош учун Унга шукроналар изҳор қилишни одат қил. Ҳар ойда маълум кунларда рўзадор бўлишни ўзингга белгилаб қўй, токи бошқалар сенга тақлид қилсинлар. Ўзингни назорат қил, илминг дунё ва охиратингга фойдали бўлиши учун ўзгаларга ғамхўрлик қил. Сен ўзинг олди-сотди қилиб юрма, рўзғор юмушларини қилиб туриш учун бирорта ишончли одамни тайинлаб қўй. Дон-дунларни харид қилганингда тортишиб ўтирма, тангаларни шахсан ўзинг тортиб кўриб юрма, балки, бу ишларни бошқаларга юклаб қўй.
Молу давлатингга ва мансабингга кўнгил қўяверма. Чунки Аллоҳ улар ҳақида сени сўроққа тутади.
Одамларнинг хатоларига эргашма. Уларнинг тўғри ишларига эргаш. Агарда бирорта одамнинг ёмон ишини билсанг, унга уни эслатма, балки, ундан яхшилик иста ва унга яхшиликни эслат. Уни фақат диний томонидангина гапир. Агарда диний йўлда хатога йўл қўяётган бўлса, уни одамларга айт, токи улар унга эргашмасинлар ва ундан эҳтиёт бўлсинлар. Зеро, Пайғамбаримиз, алайҳиссалом: “Ёмоннинг ёмонлигини гапиринглар, токи одамлар ундан огоҳ бўлсинлар. Агар бадавлат ва мансабдор одам динга зарар етказадиган иш қилса, уни ошкор айтинглар, уни обрўсига қараманглар. Зеро, Аллоҳ сенга мададкор. Сенга ва динингга нусрат берувчи зотдир”, деганлар. Агарда бир марта Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларини қилсанг, одамлар сендан ҳайиқадилар ва ҳеч ким динда бидъату хурофотни зоҳир қилишга журъат қила олмайди. Ўлимни унутма. Устозинг ва бошқа сенга илм ўргатганларга Аллоҳдан мағфират тила, Қуръон ўқишда давомли бўл, мозорлар, муборак жойлар ва машойихларни кўпроқ зиёрат қил. Муаззин азон айтиши билан масжидга шошил, токи бошқалар сендан олдин бормасинлар. Қўшнингда кўрганингни сир сақда. Чунки у сен учун бировнинг омонатидир. Одамларнинг сирларини фош қилма. Маслаҳат сўраганга билганингча маслаҳат бер. Бундай ишлар сени Аллоҳга яқин қилади.
Ушбу панду насиҳатларимни қулоғингга қуйиб ол. Улар бу дунёю у дунёда, иншааллоҳ, сенга фойда беради.
Ҳеч қачон бахил бўлма. Бахиллик одамларнинг ғазабини қўзғайди. Таъмагир ҳам, ёлғончи ҳам бўлма. Жиддий нарсани ҳазилга йўядиган, ҳақни ноҳақ билан қориштириб юборадиган ҳам бўлма. Барча ишларда ҳурмат-обрўйингни сақла. Кийимларнинг доим оппоғини кий, ўзингнинг кўнглинг тўқ эканлигингни, молу дунёга ҳирс қўймаслигингни кўрсат. Гарчи камбағал бўлсанг ҳам, камбағаллигингни билдирма. Ҳимматли бўл, ҳимматсиз одам беобрў бўлади. Кўча-кўйда кетаётганингда ҳадеб ўнгу сўлингга боқаверма, балки, ерга қараб юр.
Аҳли илмлар олдида ҳеч нарсага арзимас бу ўткинчи дунёни пастга урма. Зеро, Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар бу дунё нарсаларидан яхшидир. Илмга юз тутмоқлигинг учун баъзи юмушларингни бошқаларга топшириб қўй. Бу ҳожатингни раво қилиш учун ишончлироқ йўлдир. Ақли норасолар билан гаплашишдан ўзингни сақла. Шунингдек, баҳсу мунозара қилиш одобини билмайдиган ва далилу ҳужжатларни эътироф қилмайдиган ва фақатгина сохта обрў орттиришни мақсад қилиб олган, одамлар олдида турли-туман масалалар сўраб, сени ҳижолат қилишни истаган, сенинг ҳақ эканингни билатуриб, инобатга олмайдиган баъзи бир аҳли илмлар билан гаплашиб ўтиришдан ўзингни тий. Одамлар орасида обрў-эътиборга эга бўлганлар ҳузурига кирганингда, ўзлари ўтказишмаса улардан олдинга ўтма, токи улардан сенга озор етиб қолмасин. Бегона одамлар орасига кирсанг, сени ҳурмат юзасидан намозга ўтказмасалар, сен ўзингча уларга пешволик қилма. Эрта тонгда ва қиём вақтида ҳаммомга кирма. Илмий мажлисда зинҳор ғазабланма. Одамларга қисса ва ҳикоялардан сўзлама. Чунки уларнинг муаллифлари одатда ёлғонсиз ижод қила олмайдилар. Бирорта илмий мажлисга боришни қасд қилсанг, фиқҳга бағишланган мажлисгагина бор. Одамлар сенинг ҳозир бўлишингдан ғурурланиб кетмасликлари ё сени хўжакўрсингагина илмий сифатга эга экан ёки сохта олим экан, деб гумон қилмасликлари учун илмий мажлисда билганларингдан гапириб бер. Мажлисда сўз фатвога оид бўлганидагина у ҳақда сўзла. Акс ҳолда, жим ўтир.
Ҳузурингда бошқа одамнинг дарс олиши учун ўтирма. Балки, унинг сўзлаш кайфияти ва илм даражасини сенга айтиши учун ёронларингдан бирини унинг олдида қолдир.
Зикр мажлисларига ёки сенинг шарафинг сабабли, мақташинг учун йиғин қилганникига маҳалла аҳлингни ва ўзинг суянадиган одамларни ва уларга яқин бирор биродарингни юбор. Никоҳ маросимларини ўтказишни, жаноза намозини ва икки ийд намозларини адо этиб беришни маҳалла имомига топшириб қўй ва мени дуои хайрингдан дариғ тутма.
Ушбу ўгитларимни мендан қабул эт. Мен фақат сенинг ва мусулмонларнинг манфаати учун насиҳат қилмоқдаман.