ИМОМИ АЪЗАМНИНГ ЮСУФ ИБН ХОЛИДГА ЎГИТЛАРИ
Имом Аъзамнинг шогирдларидан Юсуф ибн Холид ўз юрти Басрага қайтиш учун изн сўраганида, Имоми Аъзам шундай дедилар:
— Йўқ, мен сенга одамлар билан муомалада, аҳли илмнинг мартабаларида, нафснинг тарбиятида, раиятни бошқаришда, хос ва умумий ахлоқда, омма ҳолини ўрганишда зарур нарсалар ҳақида панду насиҳатлар қилмагунимча ватанингга қайтишингга ижозат беролмайман. Ўйлайманки, менинг ўгитларимни илминг билан бирга олиб кетсанг, улар кундалик ҳаётингда сенга қурол бўлиб хизмат қилади, сенга зеб бериб турса-турадики, аммо зарари тегмайди.
Шуни билгинки, агар сен одамлар билан ёмон муомалада бўлсанг, нафақат улар ва ҳатто ўз ота-онанг ҳам сенга душман бўлиб қолади. Агар да сен халқ билан хуш муомалада бўлсанг, улар сенга хешу акрабога айланадилар.
Сўнгра Имоми Аъзам менга дедилар:
— Сен бир кун сабр қил, мен сенга вақтимни ажратаман, фикрларимни тўплаб, нима қилишинг лозим эканини тушунтириб бераман. Мендан миннатдор бўласан.
Тавфиқ фақат Аллоҳдандир.
Ваъда берган кун етиб келгач, Имоми Аъзам шундай дедилар:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Мен сенга қилган ниятимни ошкор этайин. Тасаввур қилгинки, сен Басрага кирдинг ва мухолифларинг билан зиддиятга учрадинг, ўзингни улардан юқори қўйдинг. Улар олдида илминг билан мағрурландинг ва улар билан муносабат ва борди-келдини тўхтатдинг. Улар ҳам тўхтатишди. Сен уларни, залолатдалар, деб айбладинг, улар эса, сени залолатда, деб айблашди ва сендан юз ўгирдилар. Ва бу кулфат бизга ва сенга етди. Сен қочишга ва улардан узоқлашишга муҳтож бўлдинг. Аллоҳ таоло нажот бергунича, муомала қилмасликнинг иложи йўқ киши билан муомала қилмаган киши оқил эмас!
(Юсуф ибн Холид: устозим айтганларидек бўлган эди, деб эътироф этган.)
Сўнгра Имом Аъзам дедилар:
— Агар Басрага кирсанг, сени одамлар кутиб оладилар, сени зиёрат қиладилар, мартабангни ўз ўрнига қўядилар. Сен ҳам ҳар бир одамнинг ҳурматини ўрнига қўй, аҳли илмни эъзозла, обрўли одамларнинг иззатини жойига қўй, қарияларни қадрла, ёшларга яхши муносабатда бўл, оммага яқинлаш, савдогарлар билан муомала қил, яхшилар билан юр, султонларнинг мартабаларини ўрнига қўй, сенга интилганларнинг бирортасидан нафратланма, мурувватингни улардан дариғ тутма, зинҳор-базинҳор ўз сирингни бировга ошкор қилма, синамасдан туриб, бирор кимсанинг дўстлигига ишонма, хасис ва пасткаш кимсаларни хизматингга қўйма, ўзингга зарари тегадиган гапларни сўзлашдан ўзингни тий, бадхулқ кишилардан ўзингни узоқроқ тут, ғаразли мақсад билан ташкил этиладиган зиёфатларга борма, одамлардан ҳадялар ола кўрма. Сабру қаноатли, хуш хулқли ва кенг юракли бўл. Кийим-кечакларингни янгилаб тур, хушбўй нарсалардан тез-тез фойдалан, одамлар билан бот-бот мулоқот қилишга вақт белгилаб қўй. Бундай учрашувлар тайин қилинган вақтида амалга оширилиши лозим. Шахсий юмушларингни қилишинг учун ҳам ўзингга вақт ажратиб қўй. Одамларга насиҳат қилишингдан олдин, айтмоқчи бўлганларингга ўзинг риоя қил. Шундай бўлганидагина ўгитларинг сенга обрў келтиради. Намозларингни қолдирма. Таомингни эҳсон қил. Зеро, бахил асло улуғ бўлмагандир. Яхши дўстлар орттир, одамлар улар орқали сени танисинлар. Бузуқликни кўрганингда яхшиликни кўпайтир, яхшиликни билганингда унга рағбат ва эътиборни кучайтир. Сени зиёрат қилганларни ҳам, зиёрат қилмаганларни ҳам кўриб туришга интил. Сенга яхшилик қилганларга ҳам, ёмонлик қилганларга ҳам яхшилик қил. Кечиримли бўл, эзгуликка даъват қил. Кераксиз нарсалардан ўзингни олиб қоч, сенга озор берадиганлардан ўзингни узоқ тут. Ҳуқуқларни танишга шошил. Биродарларингдан бирортаси бемор бўлиб қолса, албатта, уни шахсан ўзинг бориб, кўриб тур ва унинг ҳузурига тез-тез ўз вакилингни юбориб туришни унутма. Кўзингга кўринмай қолган биродаринг ҳолидан хабар ол. Улардан бирортаси сени кўрмай қўйган бўлса ҳам, сен уни бориб кўр. Жафо қилганга вафо қил, ҳузурингга келганларнинг ҳурматларини ўрнига қўй, сенга ёмонлик қилганнинг гуноҳидан ўт. Улардан бирортаси сен тўғрингда ёмон сўзлаган бўлса, сен у тўғрисида яхши сўзла, улардан бирортаси вафот этса, унинг ҳаққини адо эт, хурсандчиликни нишонлаётганни табриклаб қўй, бошига мусибат тушганга таъзия билдир, унга ҳамдард бўл, сендан бирор юмуш талаб қилса, унга дарҳол кўмаклаш, ёрдам сўраган одамга ёрдам бер, қўлингдан келганича одамларга меҳр-муҳаббат кўрсат ва ҳатто уларнинг энг ёмонига ҳам саломингни ошкора бер.
Агар бирор мажлисда ёки хонадондаги йиғилишда ёки масжидда одамлар билан бирга бўлиб қолсанг-у, суҳбатда ихтилофли масалалар кўтарилиб қолса ва улар сенингча нотўғри бўлса ҳам сукут сақла. Мабодо, сендан сўраб қолишса, қавм билганини айтсанг, сўнг, бу хусусда бошқача фикрлар ҳам бор, деб қўйгин ва далил-ҳужжатлар билан уларга тушунтир. Одамлар сендан эшитишса, қадру қимматингни билишади. Сендан, бу кимнинг сўзи, деб сўрасалар, уларга, “бу баъзи бир фуқаҳоларнинг фикрларидир”, деб жавоб бергин. Агар бунга қаноатланиб, фикрларини ўзгартирсалар, улар сени чуқур билимга эга эканлигингдан хабар топадилар ва сени осмонга кўтарадилар. Ҳузурингга кам келадиган кимсага ҳам одамлар муҳокама қилаётган илмдан бирор билим ўргат. Уларнинг ҳар бири ундан бирор маълумот олади. Уларга тушунарли илмни ўргат. Гоҳо улар билан ҳазил қилиб, суҳбатлашиб тур. Бу ўзаро меҳр ва муҳаббат пайдо бўлишига ва уларнинг илм олишда бардавом бўлишларига сабабчи бўлади. Гоҳо уларга меҳмоннавозлик кўрсат, уларнинг баъзи бир ҳожатларини раво қил, уларни қадрла, уларнинг хатоларини билмасликка ол, уларга нисбатан шафқатли ва кечиримли бўл, юрагинг сиқилганини, хафалигингни уларга билдирма, ўзингни гўё уларнинг биридек тут, одамлар сенга қандай муомалада бўлишларини истасанг, сен ҳам уларга шундай муомалада бўл, ўзингга нимани раво кўрсанг, уларга ҳам шуни раво кўр, нафсингни тийиб юр, уни тергаб тур, уни ўз ҳолига ташлаб қўйма, сенга ғазаб қилмаганга ғазаб тошини отма, ёмонликка боис бўладиган бакириқ-чақириқдан четда бўл, сени тингламаганни сен тингла. Модо-мики, одамлар сенга масъулият юкламас эканлар, сен ҳам уларга масъулият юклама, уларга ўзлари нимани истаса шуни иста. Холис ниятли ва ростгўй бўл. Кибр-ҳаволи бўлма, уни тарк эт. Сенга жафо қилсалар ҳам, сен одамларга жафо қилма. Бировнинг омонатига хиёнат қилма, сени алдасалар ҳам, сен уларни алдама. Тақвони маҳкам тут, бошқа дин ахллари билан улар сенга муносабат қилганларига мувофиқ муносабат қил.
Агар сен ушбу ўгитларимга амал қилсанг, умид қиламанки, иншааллоҳ, омонликда умргузаронлик қиласан.
Имоми Аъзам Нўъмон ибн Собит, Аллоҳ у зотдан
рози бўлсин ва марқадларини мунаввар айласин, тар-
жимаи ҳолларининг хотимасига оид ушбу маълумот
«Аьлом ал-Ахёр» китобидандир.