Мақолалар

ИСЛОМ ВА ТИББИЁТ

СЕМИЗЛИК ДАРДИ

Инсон ўзининг ҳаёти давомида (70 ёш деб ҳисобланганда) овқатланиш учун умрининг 6 йилини сарф қилиб, тахминан 100 тонна овқат истеъмол қилар экан. Бошқача айтганда, агар вазнимизни ўртача 80 кг. деб олсак, ундан 250 ҳисса кўп озиқ-овқатни ҳазм қилар эканмиз.

Дарҳақиқат, инсон яралибдики, у ўзига яраша муаммолар ва ўзгаришлар таъсири остида яшайди. У бутун умрини фаровон ҳаёт кечириш, тинч, осуда яшаш учун сарфлайди. Лекин бу борада унинг тутган йўлига ва тузган режаларига тўғри келмайдиган, ташвишга соладиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Шулардан бири – семизлик, ортиқча вазндир.

Ҳозирги пайтга келиб дунё аҳолисининг 70-75 % шу дарддан азият чекмоқда. Кутилмаган ҳолларда ортиқча вазнга эга бўлиб қолиш, кўпчиликни бутунлай ҳайратга солиши мумкин. Зеро, замонавий тиб бу нарсанинг қисман инсон нафси ва еб-ичишининг “таъсири” эмас, балки касаллик эканлигини аниқлади. Бу борада олиб борилган тажрибаларнинг бирида ғалати бир натижа қайд этилди. Семиз одамдан олинган қон, инсон мижозига энг яқин бўлган сичқон ва каламушларга қуйилганида, ҳеч шубҳасиз тез орада уларнинг ҳам семириб кетишлари кузатилди. Бундан ташқари масаланинг иккинчи томони, бугунги кунда инсонларнинг кам ҳаракат бўлиб қолганлиги бу дарднинг томир отишига асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Одатда 8–9 соат креслода ўтириб ишлайдиган ёки серҳаракат бўлмаган одамларда бу нарса муаммо келтириб чиқармоқда. Шунингдек вақти-вақти билан жисмоний меҳнат билан шуғулланмаганларда ҳам бу нарса кузатилмоқда. Айниқса, қандли диабет билан безовта беморлар учун ҳам семизлик ортиқча муаммо. Бундай инсонлар ўзларини доимо меъёрий вазнда ушлаб туришлари лозим. Бу борада шифокорларнинг ечими: агар сизнинг бўйингиз 145 см. бўлса, унда вазнингиз 61 кг. бўлиши лозим, шунингдек:

148 см. – 62 кг

150 см. – 63 кг

153 см. – 65 кг

155 см. – 66 кг

158 см. – 68 кг

160 см. – 70 кг

163 см. – 71 кг

165 см. – 73 кг

168 см. – 74 кг

170 см. – 76 кг

173 см. – 78 кг

175 см. – 79 кг.

178 см. – 81 кг

180 см. – 82 кг бўлиши кераклигини кўрсатади.

Юқорида кўрсатилган жадвал бўйича, вазнингиз бўйингизга тўғри келмаса, шифокор билан маслаҳатлашиб озиш учун парҳез тутишингиз, ёғсиз маҳсулотлардан истеъмол қилишингиз керак бўлади. Бу борада енгил гўшт ҳисобланган товуқ гўштини истеъмол қилиш, ҳатто унинг устки қисмини – терисини олиб ташлашингиз лозим бўлади. Қолаверса, қовурилган таомлардан ҳам кам истеъмол қилинг. Агар уларга лимон суви қўшилса, айни муддао. Ширин ва газли сувлардан ўзингизни тийинг. Шифокорларнинг таъкидлашларича, қандли диабет билан оғриган беморлар учун организмдаги глюкоза ва инсулиннинг миқдорини аниқлаш муҳим ҳисобланади. Шундан кейингина озиш учун парҳезда бўлиш мумкин. Бунинг учун ҳар куни бир хил вақтда овқатланишингиз, айниқса, инсулин олаётганингизда жуда муҳим. Оз-оздан тез-тез овқатланиш организмни инсулин билан яхши таъминлайди. Озишни истасангиз, шунга амал қилинг. Бу сизга кун бўйи тўқлик ҳиссини бериб, ортиқса вазнни қисқа вақт ичида йўқотишда асқотади. Спорт билан доимий шуғулланиш ҳам бу дарддан фориғ бўлиш учун жуда фойдали. Бунда ҳам меъёрдан чиқиб кетмаслик керак. Шу тартибга амал қилсангиз, ўзингизда енгиллик ҳис ҳиқласиз, қон айланишингиз яхшиланади. Енгиллик юрагингизга ҳам етиб боради. Бадантарбия учун аввалига 10-15 дақиқа ажратиб, кейин вақтни секин-аста кўпайтириб боринг. Машқ давомида ва кейин кўпроқ сув ичишга ҳаракат қилинг.

Шулар қаторида алоҳида таъкидлаб ўтилиши лозим бўлган жиҳат бу –илм таҳсил қилувчиларга ортиқча вазннинг жиддий хавф эканлигини эслатиб ўтишдир. Зеро, шу сабабли салафлар толиби илм учун баъзи бир шартларга риоя қилишларини тавсия қилганлар. Жумладан, одатда талаба қотган нон истеъмол қилиши, вақти-вақти билан толқон еб туриши лозим. Булар танадаги ортиқча рутубат (намлик)ни ўзига тортиб олиб, ортиқча уйқу ва бўшашиб юриш (ланжлик)нинг олдини олади. Шунингдек, таомланиш одобларидан яна бири, овқатланиш вафтида тиз чўкиб ўтириши ва чап оёғини тик тутиб, қорнига теккизиб ўтириши керак. Бунда ошқозон бироз қисилиб, кифоя қиладиган даражадан ортиқча таом истеъмол қилинишидан сақланган бўлади. Шунингдек, таом истеъмол қилинаётганида луқмаларни аста-секин, шошилмасдан, майдалаб чайнаб ютиш лозим. Чунки, ҳадиси шарифга биноан, ошқозоннинг учдан бир қисми озуқага, учдан бир қисми сувга ва учдан бир қисми ҳавога ажратилиши керак.

Инсон еган овқатининг ошқозонига етиб борган ёки бормаганини 20 дақиқа ўтганидан кейингина билади. Шошиб  овқатланишга одатланган киши 20 дақиқа мобайнида керагидан ортиқча овқат еб қўйиши ва бу нарса юқорида зикр қилинган семизлик муаммосининг келиб чиқишига асосий сабаблардан бири бўлиб қолиши мумкин.

Теглар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг