МақолаларСавол-жавоблар

ЖАМОАТ ИМОМ ЁКИ ҚАВМДАН БИРОР КИШИНИ КУТИБ ТУРАДИМИ?

#Фатво

CАВОЛ: Масжидда жамоат намозга ҳозир бўлиб турганда имом ёки жамоатдан баъзи одамлар кеч қолса, уларни кутиб туриладими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Муаззин ҳам, имом ҳам жамоат йиғилгандан кейин бирор кишини кутиб турмайди. Имомни эса одамларга малол келмайдиган миқдорда кутилади. Чунки масжидда имомлик қилишга ундан ҳақлироқ киши йўқ. Ҳадиси шарифларда биров эга ёки ҳақли бўлган жойларда бошқалар имомлик қилишидан қайтарилган.
Бу ҳақда Аллома Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

وَلَا يَنْتَظِرُ الْمُؤَذِّنُ وَلَا الْإِمَامُ لِوَاحِدٍ بِعَيْنِهِ بَعْدَ اجْتِمَاعِ أَهْلِ الْمَحَلَّةِ إلَّا أَنْ يَكُونَ شِرِّيرًا وَفِي الْوَقْتِ سَعَةٌ فَيُعْذَرُ

“Муаззин ҳам, имом ҳам маҳалла аҳли йиғилганидан кейин бирор кишини кутиб турмайди. Лекин жуда ёмон (зарар берувчи) киши бўлса ва ҳали намознинг вақти кўп бўлса, уни кутиш жоиз. Бу ҳолат узрли ҳисобланади” (“Баҳрур-роиқ” китоби).
Имом Таҳтовий бу масалада шундай дейдилар:

والحاصل أن التأخير اليسير للإعانة على الخير غير مكروه ولا بأس أن ينتظر الإمام إنتظارا وسطا كما في المضمرات قوله ( مع مراعاة الوقت المستحب ) فلا يجوز التأخير عنه إلى المكروه مطلقا

“Бу масалада хулоса шуки, яхшиликка ёрдам бериш ниятида иқоматни озгина кечиктириш макруҳ эмас. Имом ҳам жамоат йиғилишини ўртача даражада кутса, бунинг зарари йўқ (“Музмарот” китоби). Бу ҳукмлар мустаҳаб вақтни риоя қилиш билан бўлади. Яъни иқоматни мустаҳаб вақтдан макруҳ вақтгача ҳеч ҳам кечиктириш жоиз эмас” (“Хошиятут-Таҳтовий” китоби).
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом хуфтонни кечанинг учдан бирига кечиктирганлари, кейин масжидга чиққанларида саҳобийлар у зотни кутиб туришгани ҳақида баён қилинади. Бундан жамоат имомни кутиши шариатда жорий экани келиб чиқади.
Бунинг устига масжидларда намоз ўқиб беришга энг ҳақли киши – шу ернинг расмий имомидир. У ҳақли бўлган жойда бошқа киши имомлик қилиши тўғри эмас. Шунинг учун одамларга малол келмайдиган вақтгача уни кутилади. Қавм, ҳадиси шарифларда баён қилингани каби, намоз ўқилишини кутиб ўтирган вақтда ҳам намоз ўқиганлик савобини олади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг