
Зулҳижжа ойининг 9-куни Арафа куни бўлиб, бунда қилинадиган амаллар, тутиладиган рўза ва айтиладиган зикру тасбеҳлар бошқа вақтдагидан кўра фазилатлироқ саналади. Ўтган уламолар эҳтиёжлари учун қиладиган дуоларини арафа кунига сақлаб қўйишар эдилар.
Арафотда ўқиладиган дуо. Арафот майдонида ўқиладиган энг афзал дуо – тавҳид дуосидир. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мен ва мендан олдинги пайғамбарларнинг Арафот майдонида қилган энг кўп дуолари:
“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳуу, лаа шарийка лаҳ. Лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду бийадиҳил-хойру ва ҳува ъалаа кулли шайьин қодийр”,дир.
Маъноси: Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк ҳам, барча мақтовлар ҳам Унга хосдир. Барча яхшиликлар Унинг қўлидадир. У ҳар бир нарсага қодирдир.
Арафотда қилинган дуо мақбул ва афзалдир. Шу боис, бу майдонда дуони имкон қадар кўпайтириш лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафотда қуйидаги дуони кўп ўқиганлар: “Аллоҳумма, ижъал фии қолбий нуурон, ва фии содрий нуурон, ва фии самъии нуурон, ва фии басории нуурон. Аллоҳумма, ишроҳ лии содрии ва йассир лии амрии ва аъуузу бика мин васваасис-содри ва шатаатил-амри ва фитнатил-қобри. Аллоҳумма, иннии аъуузу бика мин шарри маа йалижу фил-лайли ва шарри маа йалижу фин-наҳаари ва шарри маа таҳуббу биҳир-рийааҳу ва шарри бавоиқид даҳр”
Маъноси: Аллоҳим! Қалбимни, кўксимни, қулоқларимни ва кўзларимни нурга тўлдир. Аллоҳим! Қалбимни очгин, ҳар ишимни осон қилгин. Аллоҳим! Сендан кўксимдаги васвасалардан, ишларимнинг парокандалигидан, қабр фитнасидан паноҳ сўрайман. Аллоҳим, тунда ва кундузи бўладиган нарсаларнинг ёмонлигидан, устидан шамол эсган нарсаларнинг ёмонлигидан, замона ҳалокатининг ёмонлигидан Ўзингдан паноҳ сўрайман.
Арафотда пешин вақти кирганда пешин билан аср намозини жам қилиб ўқилади. Ушбу икки намоздан кейин нафл намоз ўқиш макруҳдир, шунинг учун намоздан фориғ бўлгач, зикр, тиловат, дуо ва бошқа турли ибодатлар билан машғул бўлиб, ушбу дуо ўқилади: “Лаббайкаллоҳумма, лаббайк! Иннал-хойра хойрул-аахироҳ. Аллоҳумма, лаа ъийша иллаа ъийшал-аахироҳ. Аллоҳумма, иҳдинии бил-ҳудаа ва наққинии бит-туқоо вағфир лии фил-аахироти вал–уулаа”.
Маъноси: Лаббай Аллоҳим, лаббай! Ҳақиқий яхшилик охират яхшилигидир. Ҳақиқий ҳаёт охират ҳаётидир. Аллоҳим! Ҳидоятинг билан мени ҳидоятга йўллагин, тақво билан поклагин, дунёю охиратда мағфират қилгин.
Арафотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шом вақтида қуйидаги дуони ўқиганлар:
“Аллоҳумма, лакал-ҳамду каллазий тақуулу ва хойрон миммаа нақуулу. Аллоҳумма, лака солаатии ва нусукии ва маҳйаайа ва мамаатии, ва илайка маьаабии, ва лака туроосии. Аллоҳумма, иннии аъуузу бика мин ъазаабил-қобри ва васвасатис-содри ва шатаатил-амри”.
Маъноси: Аллоҳим! Сенга Ўзинг айтганингдек, биз айтгандан яхшироқ ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳим! Ўқиган намозларим, қурбонлигу ҳаж амалларим, ҳаётиму мамотим Сен учундир, қайтишим ҳам, меросим ҳам Сенгадир. Аллоҳим! қабр азобидан, кўксимдаги васвасалардан, ишларнинг парокандалигидан паноҳ беришингни сўрайман.
Арафотдан қайтишда талбия (Лаббайкаллоҳумма, лаббайк! Лаббайка, лаа шариика лака лаббайк! Иннал-ҳамда ван-ниъмата лака вал-мулк, лаа шариика лак!) ва истиғфор (Астағфируллоҳ) айтилади ҳамда қуйидаги дуони ўқиш лозим:
“Аллоҳумма, илайка афазту ва мин ъазаабика ашфақту, ва илайка роғибту ва минка роҳибту, фақбал нусукии ва ъаззим ажрии варҳам тазорруъии вақбал тавбатии, вастажиб дуъааии ва аътинии суълии, йаа арҳамар-рооҳимийн”.
Маъноси: Аллоҳим! Ҳузурингга келдим, азобингдан қўрқдим, Сен томон рағбат қилдим, ғазабингдан қўрқдим. Ҳаж амалларимни қабул айлагин. Ажримни улкан қилгин. Тавбамни қабул этгин. Тазарруъларимга раҳм қилгин. Дуоимни қабул, муродимни ҳосил қилгин, Ё меҳрибонлар меҳрибони!