ТафсирЯнгиликлар

“Анворул-Қуръон: ФАЙЗУЛ-ФУРҚОН” китоби тақдимоти бўлиб ўтди

#Тақдимот

2024 йил 10-декабрь, сешанба, ҳижрий 1446 йил,
Жумодус-соний ойининг 8-куни ҲИЛОЛ-НАШР матбаа даргоҳида Қуръони каримнинг ўзбек тилидаги янги изоҳли таржимаси “Анворул-Қуръон: ФАЙЗУЛ-ФУРҚОН” китоби тақдимоти ўтказилди. Тадбирда қатор нуфузли олим ва ижодкорлар нутқ сўзладилар.

Анжуманда Қуръони каримнинг янги таржимаси нашри Ўзбекистондаги Ислом цивилизациси марказининг улкан хизмати ва ютуғи эканлиги таъкидланди.

Устоз Эркин Малик — таниқли ёзувчи ва ношир, “Ҳилол-Нашр” бош муҳаррири, тадбирни очиб бериб, “Файзул-фурқон” китобининг ўзига хос илмий ва маънавий аҳамият ҳақида сўз юритдилар. Улар таржимон Мирзо Кенжабек ҳазратларининг ижодий меҳнатини юксак баҳолаб, ушбу китобнинг кенг жамоатчилик учун фойдали бўлишини алоҳида таъкидладилар.

Ғайрат Мажид — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, китобнинг ўзига хослигини адабий жиҳатдан таҳлил қилиб, асарни ёш авлод тарбиясида муҳим манба сифатида тавсия этдилар.

Абдуҳақим домла Орипов — Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро бўлими етакчи мутахассиси, ўз нутқларида китобнинг илмий асослари ҳақида гапириб, “Файзул-фурқон” тафсирида кўплаб уламоларнинг тафсир китобларидан фойдаланилганини таъкидладилар. Улар ҳар бир маънонинг дақиқ ҳолатда берилиши ва китобда манбалардан далиллар олиниб, таржимон томонидан киритилган кўрсатмаларнинг муҳимлигини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, ушбу тафсирнинг тўлиқ ва мукаммал тарзда моҳиятли мазмун билан бойитилганлигини эътироф этдилар.

Баҳодир Каримов — Филология фанлари доктори, профессор, “Файзул-фурқон” китобининг илмий қимматини ёритиб, уни илмий-маърифий жараённинг муҳим ютуқларидан бири сифатида тавсифладилар. Улар Мирзо Кенжабек ҳазратларининг ҳам таржимон, ҳам шоир сифатидаги меҳнатларини юксак баҳоладилар.

Рустамхон Қурбонзода — тележурналист ва адабиётшунос олим, ўз нутқларида “Файзул-фурқон” китобига эстетик ва адабий жиҳатдан баҳо бериб, уни нафақат исломий билим манбаи, балки миллий маънавиятимизнинг муҳим бир қисми сифатида тавсиф этдилар.

Савол-жавоб мусобақаси тадбирнинг энг қизиқарли қисмларидан бири бўлди, фаол қатнашган иштирокчиларга “Файзул-фурқон” китоби совға қилинди.

✨ ✨ Тадбирнинг сўнгги қисмида Мирзо Кенжабек ҳазратлари сўзга чиқиб, китобнинг 20 йилдан ортиқ вақт давомида таржима этилиш жараёни ҳақида гапирдилар. Улар аввало, Аллоҳ таолодан бу меҳнатни қабул қилишини сўраб, ўқувчилардан дуоларда эслашларини илтимос қилдилар. Ҳазрат китобни қалби бор инсонлар учун мўлжалланганлигини таъкидлаб, уни дақиқ ҳолатда ўқиб тушунишни тавсия этдилар.

Тадбир якунида Мирзо Кенжабек ҳазратлари ўзларининг “Қуръондадур” номли шеърлари билан иштирокчиларга руҳий озуқа улашдилар.

Шунингдек, мазкур тақдимот Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ асос солган Ҳилол-Нашр биносида ўтказилганини таъкидлаб, ташкилотчилар ва қатнашчиларга ўз миннатдорлигини билдирдилар.

Тадбир Қуръони карим тиловати ва дуолар билан якунланди.

Иброҳим Муҳйиддин

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг