Мақолалар

ИСО АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ОСМОНГА КЎТАРИЛГАНЛАРИ ВА ҚИЁМАТГА ЯҚИН ЕРГА ҚАЙТИШЛАРИ ҲАҚИДА

#Ақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Исо алайҳиссаломнинг кўтарилишлари ва Қиёматга яқин тушишларига ҳар бир мўмин инсон имон келтириши фарз ҳисобланади. Бу ақидага шубҳа қилиш – кишининг имонига путур етказиб қўяди, Аллоҳ асрасин . Чунки у зотнинг осмонга кўтарганлари ва Қиёмат олдидан тушишлари борасидаги ҳадислар маънавий мутавотир – инкор қилиб бўлмас даражага етган. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَيُوشِكَنَّ أَنْ يَنْزِلَ فِيكُمُ ابْنُ مَرْيَمَ عليه السلام حَكَمًا مُقْسِطًا…” (رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ).

“Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, келажакда ичингизга Ибн Марям алайҳиссалом одил ҳакам бўлган ҳолда нозил бўлур…”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилганлар).
Исо алайҳиссаломнинг осмонга кўтарилганлари ва Қиёмат олдидан ерга қайтиб тушишларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бошлаб ҳозиргача барча мусулмонлар бирдек эътиқод қилиб, ишониб келадиган ақидавий масаладир.
Исо алайҳиссаломнинг осмонга кўтарилишлари қуйидаги оятда келади:

وَقَوْلِهِمْ إِنَّا قَتَلْنَا الْمَسِيحَ عِيسَى ابْنَ مَرْيَمَ رَسُولَ اللَّهِ وَمَا قَتَلُوهُ وَمَا صَلَبُوهُ وَلَٰكِن شُبِّهَ لَهُمْ

وَإِنَّ الَّذِينَ اخْتَلَفُوا فِيهِ لَفِي شَكٍّ مِّنْهُ مَا لَهُم بِهِ مِنْ عِلْمٍ إِلَّا اتِّبَاعَ الظَّنِّ وَمَا قَتَلُوهُ يَقِينًا

‏ بَل رَّفَعَهُ اللَّهُ إِلَيْهِ وَكَانَ اللَّهُ عَزِيزًا حَكِيمًا

“Биз уларнинг “Аллоҳнинг Расули Масиҳ Исо ибн Марямни ўлдирдик”, деганлари учун (уларни лаънатладик). Ҳолбуки уни ўлдирмадилар ҳам, осмадилар ҳам, лекин уларга шундай туюлди. У ҳақида ихтилофга тушганлар унинг ўлимидан шак-шубҳададирлар. У тўғрисида уларнинг билимлари йўқ, фақатгина гумонга эргашарлар. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Аллоҳ Ўзига кўтарди. Аллоҳ мулкида ғолиб ва ўта ҳикматли зотдир” (Нисо сураси, 157-158-оятлар). Исо алайҳиссалом ҳам жасад, ҳам руҳлари билан осмонга кўтарилганлар ва Қиёматга яқин тушадилар.
Қуръони каримда Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари Қиёмат аломатлари экани таъкидланган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَإِنَّهُ لَعِلْمٌ لِّلسَّاعَةِ فَلَا تَمْتَرُنَّ بِهَا وَاتَّبِعُونِ هَٰذَا صِرَاطٌ مُّسْتَقِيمٌ

“Албатта, у (Исо) қиёмат соати белгисидир. Бас, сиз у (Қиёмат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва Менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир” (Зухруф сураси, 61-оят).
Замондош уламолардан Доктор Ҳамза Бакрий “Исо алайҳиссаломнинг тушишларини инкор қилиш Аҳли суннада ҳам, мўътазила ёки бошқа турли фирқаларда учрагани маълум эмас, бу бузуқ ақида яқинда пайдо бўлди”, дейди.
Аллома Кашмирий раҳимаҳуллоҳ Исо алайҳиссаломнинг тушишлари ҳақида алоҳида китоб ёзиб, Исо алайҳиссаломнинг осмонга кўтарилганлари ва тушишлари борасидаги далиллар инкор этиб бўлмас даражада кўп эканини таъкидлаганлар ва унда Исо алайҳиссаломнинг Қиёматга яқин тушишлари ҳақида 100 дан ортиқ ҳадислар келтирган. Тавфиқ Аллоҳдан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг