Ислом тарихиМақолалар

МАШРАБ ШEЪРИЯТИДА АЛЛОҲ ТАОЛО ВА ҚУРЪОНИ КАРИМДА ЗИКР ЭТИЛГАН ПАЙҒАМБАРЛАР ТАВСИФИ

#Адабиёт

Аллоҳ (арабча «ал-Илоҳ» – Илоҳий  куч, туркий халқларда, хусусан, ўзбекларда-Тангри, форс-тожик тилида Худо, Язид), Аллоҳ-ислом динида бутун мавжудотни яратган олий Илоҳий куч, Худонинг номи. Одатда Аллоҳга таоло (улуғ, олий), Таборака ва таоло, Жалла жалалаҳу, карим, бузург, парвардигори олам каби сифатлар қўшиб айтилади. Ислом динига биноан Аллоҳ-яккаю-ягона Худо, оламнинг яратувчиси ва қиёмат кунининг эгаси. У Муҳаммад (с.а.в.)ни пайғамбар сифатида инсониятга ўзининг сўнгги элчиси сифатида юборган. Исломнинг энг асосий талаби ҳисобланган калимаи шаҳодат «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ» («Аллоҳдан бошқа Илоҳ йўқ, Муҳаммад-Аллоҳнинг пайғамбари»), деб уқтиради.

Машраб «Ноумидлик куфр эрур, дўстлар умид қилмоқ керак», деган ва доим Аллоҳ умиди билан яшаган:

Жумлаи умматни  ул Сарварга  еткур, эй Худо!
Осий умматларни Пайғамбарга еткур, эй Худо!

Аллоҳнинг  илоҳий сифатлари  Қуръони каримда тилга олинган 99 исмида яққол кўринади (Қ. Ал – асмо ал – ҳусно).

Қуръони каримда исмлари ва ҳаёт қиссалари тилга олинган пайғамбарлар йигирма бешта:

1.Одам (а.с.). 2.Идрис (а.с.). 3.Нуҳ (а.с.). 4.Ҳуд (а.с.). 5.Солиҳ (а.с.). 6.Иброҳим (а.с.). 7.Исмоил (а.с.). 8.Исъҳоқ (а.с.). 9.Лут (а.с.). 10.Яъқуб (а.с.). 11.Юсуф (а.с.). 12.Айюб (а.с.). 13.Зул-қифл (а.с.). 14.Шуайб (а.с.). 15.Мусо (а.с.). 16.Ҳорун (а.с.). 17.Илёс (а.с.). 18.Алясаъ (а.с.). 19.Юнус (а.с.). 20.Довуд (а.с.). 21.Сулаймон (а.с.). 22.Закариё (а.с.). 23.Яҳё (а.с.). 24.Исо (а.с.). 25.Муҳаммад (с.а.в.).

Пайғамбарларнинг афзаллари ва энг афзали. «Ўша пайғамбарларнинг баъзиларидан баъзиларини афзал қилдик. Улар ичида (Мусо каби) Аллоҳ (у билан) гаплашгани ва (Муҳаммад каби) даражасини (бошқа пайғамбарлардан) юқори қилгани бор…» [6:42].

Пайғамбарларнинг улуғлари ва уларнинг саййиди

Пайғамбарларнинг улуғлари ривоятларга кўра: 1. Нуҳ. 2. Иброҳим. 3. Мусо. 4. Исо. 5. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир.

Саҳиҳ ҳадисга кўра: «Пайғамбарларнинг саййидлари бештадир: Нуҳ (а.с.), Иброҳим (а.с.), Мусо (а.с.), Исо (а.с.), Муҳаммад (с.а.в.). Муҳаммад (с.а.в.)  эса бу бештанинг саййидидир» [3:54]. Қиёмат кунида ҳам Одам ўғилларининг саййиди Удир. Аввалгилар ва кейингиларнинг энг қадрлиси У бўлгани боис, Қиёмат куни ҳамд туғи Унга берилур. Бу кунда пайғамбарларнинг имоми, хатиби ва шафоат соҳиби У бўлур. Барча пайғамбарлар У зотнинг туғи остида бирлашурлар [5:14].

Аввало, Одам алайҳиссаломнинг яратилиши, кейин ҳазрати Ҳаввонинг яратилиши, уларнинг жаннатдан қувилиши ва ер юзига туширилишини Машраб шундай ёритади: Одам алайҳиссалом яратилган ва жаннатга киритилган кун Жума кунидир.

Одам (а.с.) жаннатда сўзлашадиган суҳбатдоши ва ўзи билан бирга сукунат топадиган бирор яқини бўлмай ёлғиз ўзи юрганида Аллоҳ таоло унга уйқу берди. У ухлади. Сўнгра унга азоб бермасдан чап  қовурғасидан бирини олиб ўрнига эт тўлдирди. Одам алайҳиссалом уйқудан уйғонмасидан момо Ҳаввони ундан яратди.

Фаришталар: «У нима учун яратилди?» – деб сўрашди. Одам (а.с.): «У мен сукунат топишим, мен билан унинг сукунат топиши учун яратилди», – деб жавоб қилди. Шу тариқа Аллоҳ таоло момо Ҳаввони Одам (а.с.)га йўлдош қилди. Худди шу нуқтани Машраб Одам (а.с.)га ишқ тушганини, Ҳаввога муҳаббатини тасвирлаган:

Ишқ топди ҳазрати Одамга жой,

Зору зор йиғлаб, Ҳавво урди вой [1:449].

Аллоҳ таоло Одам (а.с.) ҳамда момо Ҳаввонинг жаннатда яшашлари ва унинг неъматларидан бемалол тановул қилишларига изн берди. Фақат бир дарахтга яқинлашмасликларини тайинлади [7:6]. Шунингдек, иблиснинг уларга душман эканини айтиб: «Бас, у икковингизни жаннатдан зинҳор чиқармасин!», [8:320] деб огоҳлантирди.

Одам (а.с.) жума куни жаннатдан чиқарилиб, ерга туширилди. Одам алайҳиссалом Ҳиндистондаги Навз ёки Бавз Тоғига, момо Ҳавво эса Жиддага Арофат тоғига туширилди.

Одам (а.с.) туширилган тоғ Ҳиндистоннинг Сарандиб ҳудудидаги Бавз (Навз) тоғи экани айтилади [11:36-60].

Аллоҳ таоло  Одам (а.с.)ни жаннатдан чиқаргач, унга жаннат озуқаларидан эҳсон қилди ва яшаши учун барча нарсани ўргатди. Аллоҳ таоло инсон она қорнида  91- куни, бу тўртинчи ойнинг биринчи куни одамга жон туҳфа қилди. Одам (а.с.)ни беҳиштдан Ер сайёрасига таъқиқланган мевани егани учун бадарға қилди.

Одам (а.с)нинг жаннатдан ерга бадарға қилинишининг боиси момо Ҳавво билан Аллоҳ тақиқлаган мевани ейишлари бўлди. Бу тўғрида ҳатто уламолар ўртасида турлича қарашлар мавжуд. Баъзилар анжир, баъзилар олма, баъзилар хурмо, Машраб эса буғдой деб атаган:

Алифни дилга жо қилмоқни «Бисмиллоҳ»дин  ўргандим,
Шоҳид қонини тўкмакни Каломуллоҳдин ўргандим.
Ўшал куни ҳашт дари Жаннатни бир буғдойга сотмоқни,
Тариқи бандаликни Одаму Ҳавводин ўргандим [9:52].

Одамзод залолат ва разолатга берилиб, қилган гуноҳлари ҳаддан ташқари ошиб кетди. Аллоҳ Нуҳ (а.с.)га одамларни огоҳлантиришни буюрди. Аммо одамлар қавми Нуҳга бўйсунмади ва Аллоҳ уларни тўфон билан жазолашни амр этди.

Машраб имон келтирмаганларни, Нуҳга эргашмаганларни ҳалокатга йўлиққанларни, улар куфр йўлидан кетганини надомат билан сўзлаган:

Ҳазрати Нуҳ кеттилар, ман айрилиб қолдим, дариғ,
Кишти кўрмабманки, тўфондин нечук айлай сухан?

Нуҳ (а.с.) кемага ўғиллари Сом, Хом, Ёфас ва уларнинг жуфтлари билан унга имон келтирганларни олди. Ўғли Ём кемага чиқмади. Чунки у кофир эди. Нуҳ (а.с.)нинг хотини Воила ҳам кофир эди. Халққа эрининг мажнун (жинни) эканини айтарди. Улар кофирлардан бўлиб, сувга ғарқ бўлди.

Кемага чиққанларнинг Нуҳ (а.с.) билан уч ўғли ва уларнинг жуфтлари, жами саккиз киши экани (шунингдек, ўн беш эркак билан беш аёл ёки ўн эркак билан ўн аёл) айтилади.

Ҳатто саксон киши экани ҳақида ривоят бор [4:41].

Осмондан ёққан ёмғирнинг, ердан пишқириб чиқаётган селларнинг суви бутун ер юзини қоплади ва  тоғларнинг чўққисидан яна ўн беш зирў кўтарилди. Қуёш нури ва ой шуъласи хиралашди. Дунёни зулмат қоплади. Кеча-кундуз бир бўлди. Ёғингарчилик қирқ кун давом этди. Ер юзида сел босмаган, сув тўлиб-тошмаган жой қолмади.

Нуҳ  (а.с.) кемаси бутун дунёни  кезди. Аввалига ўнг томонга қараб сузиб Ҳабашистонга етиб борди. Сўнг Жидда томонга йўл олди. Кейин Рум ўлкаси томон сузди. Рум ўлкасидан ўтгач, қайтиб Муқаддас Арзга йўналди. Маккага борди. Ҳарами Шариф атрофида етти марта айланди. Сўнгра Яманга йўл олди. У ердан қайтиб Жувдий тоғига етиб борди.

Машраб пайғамбарлар Одам (а.с.) Иброҳим Ҳалилуллоҳ, ­Исмоил Сафиюллоҳ, Мусо, Нуҳ( а.с.)ни ахтариб юрганини, улар инсоният ва қавмларнинг пайғамбари эканларини таъкидлаб боради:

Мисли руҳманким, миёни жонда юрдум ахтариб,
Ҳамчу Одам жаннату ризвонда юрдум ахтариб,
Навҳа қилдим Нуҳдек, тўфонда юрдум ахтариб,
Чун Халилдек оташи сўзонда юрдум ахтариб,
Мисли Исмоил каби қурбонда юрдум ахтариб.

Хожарнинг Сафо ва Марва  тепаликлари орасида бориб келиши – бирор кишини учратиш, очлик, сувсизлик ва водийда жон бераётган жигарпорасининг ўлимини кўзлари билан кўрмаслик сабабли эди. Шу билан бирга, у ўғлининг олдига икки марта келиб кетган ва ҳар сафар уни жон бераётган ҳолатда кўриб, умидсизлиги ортган эди.

Хожар Сафо ва Марва тепаликларига етти марта бориб келди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) « Шу сабабли инсонлар Сафо ва Марва орасида саъй этарлар» , – деб марҳамат қилар эдилар [4:154].

Машраб Исмоилнинг итоатгўйлигини, қурбонликка тайёрлигини шундай баён этган:

Ишқи Исмоилни озмоиш учун,

Жонидин кечурди қурбонлаш учун [1:431].

Бу воқеадан сўнг Иброҳим (а.с.) узоқ муддат ўз фарзандидан йироқларда юрди. Кунлардан бирида яна Маккаи Мукаррамага келиб, Исмоил билан дийдор кўришгач, унга Аллоҳ таоло яна бир муҳим вазифа юклаганини, у ҳам бўлса, инсонлар Аллоҳга ибодат қилиши учун бир уй қуришга буюргани, бу бўлажак Байтуллоҳ экани, унинг ўрни шу ердалигини айтди. Исмоил отасига: «Парвардигор амрига биз доим ҳозирмиз. Албатта, қуражакмиз», деб жавоб берди. Ота-бола Байтуллоҳ пойдеворини қўйишга киришдилар. Каъба девори маълум миқдорда кўтарилгач, Иброҳим  (а.с.) Исмоилга: – Шу ерга тузукроқ тош топгин, одамлар учун бир нишона қилиб қўйиб кетайлик, – деди. Фаришта Жаброил (а.с.) ҳозирги турган «Ҳажар ул-асвад»га ишора қилдилар. Шу тариқа «Ҳажар ул-асвад» Каъба бурчагига қўйилди. Ота-бола Аллоҳдан қилаётган холисона ишларини қабул этишини сўраб дуо қилиб, Каъба қурилишини давом эттирдилар. Каъба девори одам бўйидан юқори бўлгач, Иброҳим (а.с.) каттароқ тошни оёғи остига қўйиб, девор қуришни давом эттирдилар. Бу тошга Аллоҳнинг амри билан Иброҳим (а.с.)нинг оёқ излари тушиб қолди. Бу тош Каъба ёнида турар эди. Ҳазрати Умар даврида у Каъба деворидан сал берига суриб қўйилди. Ҳозирда бу тош «мақоми Иброҳим» деб аталади. [9:52].

Машраб Каъбани Иброҳим Халилуллоҳ қурганини, кимки, у қўйган тошни тавоф қилса, гуноҳлардан покланишини, шоҳу гадо Аллоҳ уйида гуноҳлардан мосуво бўлишини, Исмоилни ўлимдан сақлаганини, бошига юз минг бало келсада, Аллоҳ у жойда нажот беришини таъкидлайди:

Каъба қуриб битказилганда, Жаброил алайҳиссалом келди. Иброҳим алайҳиссаломга: «Уни тавоф қил!», деди. Иброҳим (а.с.) билан Исмоил (а.с.) Каъбани етти марта тавоф қилди. Мақоми Иброҳим орқасида намоз ўқидилар. Жаброил алайҳиссалом Сафо, Марва ва Мино, Муздалифа ва Арофатда қилиниши лозим бўлган амалларнинг барчасини кўрсатди ва ўргатди [9:175].

Машраб Қуръони каримда зикр этилган ва зикр этилмаган пайғамбарларни «Мабдаи нур» ахлоқий – таълимий, тасаввуфий – диний, фалсафий – сиёсий асарида бир неча жойда ҳурмат-эҳтиром билан тилга олади. Уларнинг ўз қавмларини Аллоҳни танишга чақирганларини, инсоний сифатларга эга бўлганларини эслатиб боради.

Одам (а.с.)ни яратишдан мақсад уни ерга бадарға этиб, ўзлигини, ўзини бандаларига танитиш эканини эслатиб боради. Исо, Мусо, Марям, Хизр, Нуҳ, Иброҳим, Исмоил, Довуд, Сулаймон, Яҳё, Айюб, Солиҳ, Закариё, Шуайб, Юнус, Идрис, Журжис, Сомирий, Исъҳоқ, Яқуб, Юсуф алайҳиссаломларнинг  башариятга хизматларини таъкидлаб боради.

Исо (а.с.) Имрон (а.с.)нинг ибодатхонага назр қилган қизи бокира Марямдан туғилди. Аллоҳ Жаброил фаришта орқали Марямнинг пок вужудига «пуф» дейиши билан ўша вужудда ҳомила сифатида пайдо бўлди ва дунёга келди. Исо (а.с.) ўзидан  аввалги китоб – Тавротни тасдиқловчи сифатида юборилган ва ўзига Инжил китоби нозил бўлган. Инжил эса Таврот шариатига айрим ўзгартиришлар киритган холос. Энг муҳими Исо (а.с.)нинг: мен Тавротни тасдиқлаш учун ва «Мендан кейин келувчи Аҳмад исмли расулнинг башоратини бериш учун» келганман, деганидир (Саф сураси).

Исо алайҳиссаломнинг ёшлари ўттизга етганда Аллоҳ таоло Инжил китобини нозил қилди. Исо алайҳиссалом яҳудийларни Аллоҳнинг бирлигига даъват қила бошлади.

Аллоҳ таоло унга «Халқни Аллоҳга имон келтириш ва ибодатга даъват қилишга, беморлар, мохов, туғма кўр, ақли заиф, телба ва турли хасталарни Аллоҳнинг дуоси билан даволаш»га амр қилди.

Халқ пайғамбарини яхши кўра бошлади, унинг шуҳрати, ҳурмати ошди. Унга эргашганлар сафи кўпайди [10:380].

Исо алайҳиссаломнинг хасталарни тузатувчи ва ўликларни тирилтирувчи дуоси: «Эй Аллоҳим! Самодаги ва ердаги барча жонзотларнинг Илоҳи  Сенсан! Ер ва осмонни Сендан бошқа Илоҳи йўқ. Кўкка Жаббор бўлган ўзингсан! Ер – у осмон ҳукмдори  танҳо ўзингсан! Иккисини ҳам Сендан ўзга ҳукмдори йўқ. Ер юзидаги Қудратинг самодаги қудратинг кабидир. Сени ер юзидаги салтанатинг самодаги салтанатингдекдир! Мен Сенинг мўътабар исмларинг билан Сенга илтижо қиламан! Шубҳасиз Сен ҳамма нарсага қодирсан!».

Исо алайҳиссалом ўликларни ушбу дуо билан тирилтирар эдилар. Исо алайҳиссалом даврида тиббиёт яхши ривожланган эди. Аммо табиблар туғма кўр, мохов, ақли заифлик каби хасталикларни даволашда ожиз эди. Исо алайҳиссалом эса бундай хасталикларни Аллоҳ қудрати билан даволай олар эдилар. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга шундай имконият ва қудрат бердики, мутлақо давосиз ҳисобланган шабкўрлик, пес, туғма кўр каби касалликлар ул зотнинг бир назарлари билан ёки қўл билан силашлари натижасида тузалиб кетарди [4:380]. Машраб Исо ҳақида:

Жаҳон мулкида ҳаргиз тору сўзон сақламай ўтти,
Мақомати тажаррудни ўшал Исодан ўргандим.
Ҳақиқат минбари васлига Исони шафиʼ этди,
Тариқи имтиҳонни руҳи Армиёдан ўргандим [1:112].

30 ёшида пайғамбар қилиб юборилган Исо (а.с.)га Худо жуда кўп мўъжизалар, шу жумладан, ўз нафаси билан ўликни тирилтириш мўъжизаси ҳам берган. Бу адашган қавмни Ҳақ йўлга ишонтириш учун керак эди. Пайғамбар 33 ёшга етганда яҳудийлар душманлиги ҳаддидан ошди, суиқасд уюштирилди. Суиқасд қилганлар биз Исони ўлдирдик деб ҳаммани ишонтирди. Лекин Исони Аллоҳ Ўзига кўтарган эди. Ислом ақидаси бўйича, қиёмат яқин қолганда Исо ер юзига қайта тушади. Машраб:

Мақсуд на эди, билсанг агар, эй бани Одам,
Дунёга юбормак ғарази Ийсоу Марям,
Мусоу ҳозир бирла малак барчалари ҳам – Хизр
Пур бўлди дару дашт – муаттар ҳама олам,
Гесулари ёзғонда  сабо шонани кўрди [1:304].

Ал-Ҳофиз ибн Асокир айтади: «Хизр алайҳиссалом Одам алайҳиссаломнинг пушти камаридан бўлган ўғилларидир». Яна бир ривоятга кўра, «Одам авлодларининг ичида энг узун умр кўрадигани Хизр алайҳиссаломдирлар. У зотнинг исмлари Хизрун ибн Қобил ибн Одамдир. Одам алайҳиссаломнинг вафотлари яқинлашганда авлодларига хабар бериб, шундай деганлар:

«Яқинда тўфон бўлади. Тўфон бошланганда менинг жасадимни кемага олинглар ва тўфон тинганидан кейин фалон (муайян жойни кўрсатганлар) жойга дафн этинглар. Ким менинг васиятимни бажарса, унинг умри узун бўлади. «Тўфон тинганидан кейин кемадан тушиб, Нуҳ алайҳиссалом ўғилларига: «Одамни васият қилган ерига дафн қилиб келинг», деб буюрдилар. Ернинг ҳамма жойини топиш мушкул эди. Хизр алайҳиссалом сабот ва матонат билан Одам алайҳиссаломни ўша ерга дафн этдилар. Шундан сўнг Одам алайҳиссаломнинг дуоларига ноил бўлиб, узоқ умр кўрадиган бўлдилар [10:328].

Ибн Жарир ат-Табарийнинг ёзишича, Хизр Афридун ибн Исфий замонида яшаган илм соҳибларидан бўлиб, Мусо алайҳиссалом ўз замонларида у билан учрашганлар. Абу Ҳурайра (р.а.) айтардилар: «Пайғамбаримиз (с.а.в.) дедилар: Хизрнинг шу ном билан аталишига сабаб шуки, у оппоқ (шўр) ерга ўтирса ҳам, ўрнидан туриши билан у ердан яшил майса униб чиқарди». Машраб Хизр (а.с.)ни шундай тасвирлаган:

Қараэ ким оби раҳмат манга нўш айлар Хизр,
Холи Мусойи калимга ман асо келтурмишам.

Ал-Хитобий айтади: Хизрнинг шу ном билан аталишига сабаб, унинг юзи нурли ва гўзал бўлгани учундир».

Машраб Қуръони каримдаги ҳамма пайғамбарларни мадҳ этган:

 

Йиғлагин, шўрида бўл монанди Нуҳ,
Йиғлагин то зиндасан, абдуламин.
Мисли одамдек бу йўлда йиғлагин.
Йиғла Иброҳимдек Халилдек беҳуди,
Нурга айланганму нори Намруди,
Йиғлагин то цанга келгай маърифат,
Ҳамчунон қон йиғла Исмоил сифат.
Йиғла Довуддек, жаҳон бўлғай хароб,
Туҳфаи даргоҳида чашми пуроб.
Йиғла Мусодек бу йўлда ҳозири,
Динни барбод этти сеҳри Сомирий.
Йиғла Исодекки, жон бўлди гирў,
Банди ҳар сўзан бўлуб ул некрў.
Йиғла монанди Сулаймондек санам,
Охири сан ҳам кетарсан, ҳам манам.
Йиғла Яҳёдекки, умр бўлди ахир,
Йўлимизни устида нору саъир.
Йиғла Айюбдек жигарлар бўлди реш,
Жумла рўгардон бўлди қавму хеш.
Йиғла Солиҳдек букун шому саҳар,
Ноқатуллоҳ айланиб келди магар.
Йиғлагин бу йўлда мисли Закариё,
Токи жон Ҳақ йўлида топгай баҳо.
Йиғлагин ҳар соате мисли Шуъайб,
Дигал бергайму Худо асрори ғайб.
Йиғла Юнусдекки, то вақти дуо,
Ҳақ наҳанги нафсдин бергай фано.
Йиғла Идрисдекки, то давлатга ет,
Раҳравонлар кеттилар, жаннатга ет.
Йиғла Журжисдекки, эй шўрида бахт,
Қилсалар бошингни мунда сахт – сахт,
Йиғлагин Исъҳоқдек раҳмат талаб,
Раҳматидин дилни узма рўзу шаб.
Йиғлагин монанди Яъқуби набий,
Сад гирибон пора қилгин ҳар шабе .
Йиғлагин Юсуф сифат то зинда бўл,
Банди чоҳи гулдин барканда бўл [ 2:147-148].

 

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Бобораҳим Машраб. Куллиёт. Мирзо Кенжабек сўзбошиси. – Т.: Муҳаррир, 2017.
  2. Бобораҳим Машраб. Мабдаи нур. Тадқиқ қилувчи, эски ўзбек ёзувидан нашрга тайёрлаган, луғат ва изоҳларни тузувчи: Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ. – Т.: Ношир, 2023.
  3. Ҳаким. Мустадрак. 2-жилд.
  4. Ибн Саъд Табақот, 1-жилд.
  5. Пайғамбарлар тарихи / Нашрга тайёрловчилар: Аҳмад А., Нуруллоҳ И., Атамуродов Ш. –Т.: Мовароуннаҳр, 2020.
  6. Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Бақара сураси, 253-оят. –Т.: «Тошкент ислом университети» нашриёти, 2001.
  7. Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Бақара сураси, 35-оят; Аъроф сураси, 52-оят. –Т.: «Тошкент ислом университети» нашриёти, 2001.
  8. Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Тоҳо сураси, 117-оят. –Т.: «Тошкент ислом университети» нашриёти, 2001.
  9. Шайх Зоҳидхон Қодир Отахон ўғли. Пайғамбарлар қиссаси. –Т.: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, 2019.
  10. Сўзбоши муаллифи ва масъул муҳаррир Анвар қори Турсунов. Пайғамбарлар тарихи. Исломият тарихи. – Т.: Мовароуннаҳр, 2020.
  11. Табарий. Тарих. 1-жилд. –Б. 60; Ибн Аср. Комил. 1-жилд.

 

МЎМИН ҲОШИМХОНОВ,
ЖДПУ профессори в.б,
Фалсафа фанлари доктори
Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг