“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ҳомийлар кўмагида Жиззах шаҳрида жойлашган “Ал қаср” базмгоҳида катта хайрия тадбири ташкил этилди. Шу куни “60 кабутар” лойиҳаси асосида ушбу мажмуага вилоятнинг турли ҳудудларида истиқомат қилиб келаётган, турли сабабларга кўра ота-онасидан айрилган, боқувчиси бўлмаган, кўчада қолган 63 нафар болалар жам бўлишди.
Базмгоҳда болажонлар учун тўкин дастурхон ёзилиб, уларга турли совғалар улашилди. Тадбир давомида байрамано кийинган 30 нафар қиз ва 33 нафар ўғил болалар том маънода ўйнаб кулишди, диллари хушнуд бўлди. Меҳрга зор, диллари ўксик болалар ҳақиқий меҳрни ҳис қилишди.
Шунингдек, уларнинг орзу-истакларига қараб, болажонларга 17 та ноутбук, 2 та скутер, 15 та смартфон, 18 та велосипед, турли ўйинчоқлар, маиший техникалар, сифатли таълим олиши учун стол-стул, принтер ва расм чизадиган доска(малбет)лар, битта от берилди. Болаларнинг ҳар бирига 13 миллион сўмдан пул маблағи топширилди.
Бундан ташқари, чин етимларни ўз қарамоғига олган, улар тарбиясига масъул бўлган васийларнинг 11 нафарига умра йўлланмалари ажратилди.
Чин етимларга бир олам қувонч бахш этган, уларга меҳр-муҳаббат улашган мурувватли ҳомийларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин! Бу эзгу амаллари учун уларни Ўзи улкан ажр-савоблар билан мукофотласин.
Имкон борида эҳсон қилишга шошилинг. Боқувчиси йўқ, ночор оилаларга қўлингиздан келган ёрдамни аяманг. Телефонингиздан осонгина эҳсон қилинг.
“Вақф” хайрия жамоат фонди
Матбуот хизмати