Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган энг мўътабар ва улкан масжид Масжидул Ҳаром ва Исломнинг иккинчи мўътабар маскани, Мадина шаҳридаги Масжидун Набавий масжидига янги имомлар тайинланди. Бу ҳақда theislamicinformation.com сайтига асосланиб islom.uz хабар берди.
Қирол Салмон икки Муқаддас масжидга тўртта янги имомни тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ушбу фармонга кўра, Масжидул Ҳаромга шайх Бадр Ал-Турки ва шайх Валид Ал-Шамсан имом этиб тайинланди.
Шунингдек, шайх Муҳаммад Барҳажий ва шайх Абдуллоҳ Ал-Қарафийлар Мадинаи Мунаввара шаҳридаги Масжидун Набавий масжидига имом этиб тайинланди.
Ушбу масжид ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумоларнинг қабри жойлашган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг масжидимдаги бир намоз ундан бошқасидаги мингта намоздан яхшидир. Фақат Масжидул Ҳаромгина ундан мустасно», деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати