Янгиликлар

ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ

#Таъзия

“Ислом ота” жомеъ масжиди жамоаси Шимолий Кавказ мусулмонларининг мувофиқлаштирувчи маркази раиси Исмоил Бердиевнинг вафоти муносабати билан Шимолий Кавказнинг барча мусулмонларига, раҳматли уламонинг оила аъзолари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Шимолий Кавказдаги мўмин-мусулмон биродарларимизнинг ушбу улкан қайғу ва йўқотишларига шерик бўлган ҳолда, Аллоҳ таолодан уларга сабр-бардош тилаймиз. Зеро, Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…”, дейилган (Бақара сураси, 156-оят).

Яратган парвардигор таниқли уламо Исмоил Бердиевнинг Ислом дини равнақи йўлида олиб борган саъй ҳаракатлари, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдаги хизматларини ҳусни қабул айлаб, улкан ажру савоблар ато этсин.

Маълумот ўрнида Исмоил ҳожи Бердиев 1954 йили Қозоғистон Республикасининг Сайрам вилоятида таваллуд топган. У киши 1982–1988 йилларда Бухородаги Мир Араб мадрасасини, 1988–1992 йилларда Тошкент ислом институтини ва Миср Араб Республикасининг ал-Азҳар университетини тамомлаган.

 1989 йилда Ставропол ўлкаси мусулмонлари қозиёти раиси этиб сайланган. 1991 йилда Карачай-Черкес Республикаси ва Ставропол ўлкаси мусулмонлари диний бошқармаси раиси бўлган. 2010 йилдан Карачай-Черкес Республикаси мусулмонлари диний бошқармаси раиси бўлиб ишлаган.

 2004 йилдан умрининг охиригача Россия Президенти ҳузуридаги диний бирлашмалар билан ҳамкорлик масалалари бўйича кенгаш аъзоси бўлган.

Ҳақ таоло марҳум олимнинг сафдошлари, шогирдлари, яқинлари, аҳли оиласи, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум уламони ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

“Ислом ота” масжиди жамоаси

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг