❓1174-CАВОЛ: Мен намозимда баъзан унутиб, Фотиҳадан олдин Аттаҳийётни, баъзан Саловатни ўқиб қўяман. Эсимга тушгандан кейин Фотиҳани ўқийман. Бу ҳолатда намозим бузилмайдими?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Бу ҳолатда намоз бузилмайди. Аммо ҳолатга қараб, саждаи саҳв вожиб бўлиши ва бўлмаслигининг тафсилоти бор:
1 – Агар сиз биринчи ракатда Фотиҳа сурасидан олдин Ташаҳҳудни ўқиб қўйсангиз, саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Чунки ташаҳҳуд сано, мақтов ҳисобланади. Биринчи ракатда Фотиҳадан олдинги вақт сано ўрни ҳисобланади.
2 – Агар фарз ёки нафл намозларнинг иккинчи ракатида ёки фарздан бошқа намозларнинг учинчи ва тўртинчи ракатида Фотиҳадан олдин Ташаҳҳудни ўқиб қўйсангиз, саждаи саҳв вожиб бўлади. Чунки бу ерда вожиб бўлган Фотиҳани ўқишни кечиктирган бўласиз. Намозда вожибни кечиктириш саждаи саҳвни вожиб қилади.
3 – Агар фарз намозларининг учинчи ва тўртинчи ракатида фотиҳадан олдин ташаҳҳуд ўқиб қўйсангиз, саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Чунки фарз намозларнинг учинчи ва тўртинчи ракатларида Фотиҳа сурасини ўқиш вожиб эмас, мустаҳаб амал.
Бу ҳақида фиқҳий манбаларимизда маълумотлар келган. Жумладан, “Ҳошиятут-Таҳтовий”да шундай дейилган:
ولو قرأ التشهد مرتين في القعدة الأخيرة أو تشهّد قائمًا أو راكعًا أو ساجدًا لا سهو عليه، منية المصلي. لكن إن قرأ في قيام الأولى قبل الفاتحة أو في الثانية بعد السورة أو في الأخيرتين مطلقاً لا سهو عليه، وإن قرأ في الأوليين بعد الفاتحة والسورة أو في الثانية قبل الفاتحة وجب عليه السجود؛ لأنه أخر واجباً
“Агар намозхон охирги қаъдада икки марта ташаҳҳуд ўқиб қўйса ёки қиём, руку ва саждада ўқиб қўйса, саждаи саҳв лозим бўлмайди. Мунятул мусоллийда шундай келган. Агар биринчи ракатда Фотиҳадан олдин ёки иккинчи ракатда зам сурадан кейин ёки учинчи тўртинчи ракатларда ташаҳҳуд ўқиб қўйса, саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Агар биринчи ва иккинчи ракатда фотиҳа ва замсурадан кейин ёки иккинчи ракатда фотиҳадан олдин ўқиб қўйса, саждаи саҳв вожиб бўлади. Чунки у вожибни кечирган бўлади”.
Мазкур ҳолатлар унутган ҳолатда шундай қилиб қўйишига тегишли. Бу ерда ташаҳҳуд ўқиб қўйилиши айтилди. Саловат ҳам мана шу ҳукмга киради. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.