CАВОЛ: Отам вафот этганларида маййитни олдида анча ўтириб қолибман. Қўлларидан ушлаб. Кечирим сўраб. Шундан кейин касалдан бошим чиқмай қолди. Онкологик касал, операциялар бўлдим. Маййит ювганга ўқитиш керак, юк тушган дейишди. Ғассолми шуларга ўқитиш бор нарсами?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ундай гап йўқ. “Маййитни олдига кирган одам ўзини ўқитиши керак”, “ювиниши керак”, “маййит кафанини тишлаб қолибти”, “кўзи очиқ кетибди” каби асоссиз, ақлга ҳам тўғри келмайдиган гаплар сабабли вафот этган инсондан сесканиш, шумланиш тўғри эмас. Муқаддас динимизда вафот этган кишилар доимо ҳурмат билан тилга олинади. Нафақат пок руҳлари, балки уларнинг жасадларига ҳам эҳтиром ва эҳтиёткорлик билан муомала қилинади. Қабрлари зиёрат қилинади, ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Вафот этган кишиларни тирикликларида қандай ҳурмат қилган бўлсак, вафотидан кейин ҳам ҳудди шундай, балки, унданда қаттиқроқ ҳурмат қилишимиз керак бўлади. Чунки инсон вафот қилиши билан охират сафарига чиққан бир мусофир бўлади. Тирикларнинг уларга қила оладиган яхшиликлари — жасадларига нисбатан ҳурмат кўрсатиш, ҳақларига ҳайрли дуолар қилиб руҳларини шод этиш ҳамда баъзи хато ва камчиликларини яшириб, яхшиликларига гувоҳлик бериш бўлади.
Аллоҳ таоло ўтганларимизни Ўз раҳматига олиб, ҳаётдагиларимизни тўғри йўлдан адашмасдан ҳаёт кечириб боришларида Ўзи мададкор бўлсин! Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.