ТУТҚУН ҚУШНИНГ ЎГИТЛАРИ
Бир киши ҳийла билан бир қушни тузоққа туширди. Қуш тилга кириб, унга ёлворди:
— Эй улуғ инсон, сен катта-катта ҳўкизлару қўйларни, туяларни сўйиб единг. Бу дунёда уларга тўймадинг. Кичкинагина қушни еб тўярмидинг? Агар мени қўйиб юборсанг, сенга учта насиҳат айтаман. Сен уларга амал қилсанг, оғиринг енгил бўлади. Биринчи ўгитни қўлингда туриб айтаман, агар маъқул бўлса, мени қўйиб юборасан. Иккинчисини том устига, учинчисини эса анави баланд дарахтга қўниб, айтаман.
Одам қушни маҳкам ушлаб:
— Қани, айт-чи, насиҳатларингни ёқтирсам, сени қўйвораман, — деди.
Бечора қуш биринчи насиҳатини айтди:
— Бўлмайдиган гапга, ким айтса-айтсин, асло ишонма!
Одам қушни қўйиб юборди. Қуш учиб, том четига қўнди, сўнг иккинчи насиҳатини айтди:
— Ўтиб кетган нарса, бой берилган фурсат учун хафа бўлма, оҳ-воҳ чекма.
Қуш яна бир оз учиб, баланд дарахт шохига қўнди ва:
— Қорнимда оғирлиги ўн бир дирҳамли дур бор эди. Қўйиб юбормаганингда у сеники бўларди, деди.
Буни эшитган одам афсус чекди, сочларини юлди. Унинг бу ҳолини кўриб, қуш: — Мен сенга: «Ўтиб кетган нарса, бой берилган фурсат учун оҳвоҳ қилиб, хафа бўлма», дедим-ку. Фурсатни бой бердинг, энди нега ғамга ботяпсан? Ёки насиҳатимни эшитмадингми? — деди.
Қуш яна давом этди:
— Сенга тағин: «Бўлмайдиган гапга ишонма!» дедим. Ахир, менинг оғирлигим уч дирҳам, қорнимда қандай қилиб ўн бир дирҳамли дур бўлсин?!
Шундагина одам ўзига келди:
— Бўлди, бўлди! Энди яхши англадим. Қани, учинчи ўгитни айтақол, — деди.
Шунда қуш:
— Ҳой, Худо хайрингни бергур, икки ўгитга риоя қилмасдан, учинчисини сўрайсанми? Ухлаб ётганга ўгит бериш — унумсиз тупроққа уруғ экиш кабидир. Аҳмоқлик ва ношудлик, илмсизлик йиртиққа ямоқ ҳам бўлмайди, — деди-ю, учиб кетди. (“Маснавийи маънавий”, 4-жилд, 2245 — 2265-байтлар).
Худди шўрхок ерга эккандек уруғ.
Жоҳил узган ип уланмас, бойлама,
Сўйлама, ҳикматни зое айлама.
Қушнинг биринчи насиҳати — «Бўлмайдиган гапга ишонма!» Инсон ғайриоддий нарсаларга қизиқувчандир. Бу қизиқиш маъқул, ўртача даражада бўлса, яхши. Аммо у ҳаддан ошганида оёғини ерга босмай, мудом хомхаёллар дунёсида сайр этувчи, пучёнғоқдан халос бўлолмайдиган бир нусха ўртага чиқади.
Табиат қонунлари, одатда, мунтазам такрорланиб туради. Бу қонунларни жорий этган ва амалга ошираётган Аллоҳ таолодир. Бу қонунларга кўра, маълум сабаблар туфайли маълум натижалар юзага келади. Табиатда маълум ўлчовда бир натижалар бўлади: олов ёндиради, сув ўчиради. Уларга ёқиш ва ўчириш хусусиятини берган ҳам Аллоҳдир. У истаса, бир сабаб билан уларнинг бу сифатини йўқотиши ҳам мумкин. Имом Ғаззолий пайғамбарларнинг мўъжизаларини шу нуқтаи назардан изоҳлайди. Валийларнинг кароматларини ҳам шулар сирасига қўшса бўлади. Бизнинг вазифамиз сабаб ва натижанинг бундай алоқасини тўғри қабул этишдир.
«Сўзга тушмаган сўзни, Созга тушмаган ғазални айтма», дейилади ўзбек халқ мақолларидан бирида. Бу дегани, ақлга, мантиққа мос келмайдиган, фойдасиз, маънисиз гапларни айтма, деганидир. Мавлоно Жалолиддин Румий ҳам қуш тилидан шу тахлит гап-сўзларга дарров ишонақолма, уни сенга берилган улуғ неъмат — ақл тарозусида тортиб кўр, демоқчилар.
Қушнинг иккинчи ўгити — «Ўтиб кетган нарса учун ғам ема, фурсатни қўлдан бой берган бўлсанг, беҳуда хафа бўлма!» Бу ўринда «ла фоила иллаллоҳ», «ризо» ва «солик ибнул вақт» каби тушунчалар мавзуни ёритишга ёрдам беради.
Ҳақиқий бажарувчи (фоил) Аллоҳ таолодир. Яъни, ҳар иш Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Бўлиб ўтган нарсалардан шикоят этиш, оҳ-воҳ қилиш Аллоҳдан ғофил қолишни англатади. Бирор истагимиз рўёбга чиқиши учун қўлимиздан келган ҳамма нарсани қилиш вазифамиздир. Яна ҳам жиддий вазифамиз эса натижага рози бўлишдир. Натижа биз истагандек бўлмаса-да, шикоят қилмай кутиб олиш чин мўминнинг фазилатидир.
Анас ибн Молик айтади: «Ўн йил Расуллулоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хизматларида бўлдим. Бирор марта ҳам менга қилган ишим учун «Нега бундай қилдинг?»; қилмаган ишим учун «Нега қилмадинг?» демадилар» (Термизий, “Бирр”, 19). Бундан ташқари, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч қачон, содир бўлган нарса учун «Кошки бўлмаса эди» бўлмаган бир нарса учун эса, «Кошки бўлса эди», демаганлари айтилади. Кўпинча, биз учун ёмон кўринган иш яхшиликка бўлади. Хуллас, «Ҳар ишда бир яхшилик, ҳар ишда бир ҳикмат бор».
Ҳушёр ва идрокли инсон вақтининг қадрига етиши лозим. Қадим манбаларда: комил инсон вақтнинг боласидир, дейилади. Яъни, у ўтмиш ёки келажакни эмас, айни нафас олиб турган онларни ўйлайди ва бундан энг гўзал тарзда фойдаланишга ҳаракат қилади. Биз ҳар онга ана шу кўз билан боқсак, шу талаб билан ёндашсак, ҳамма вақтларимизни тўла, мазмунли, оқилона ўтказамиз. Ўзбек халқ достонларида кўп учрайдиган мана бундай мисраларда ҳам шу ҳикмат мужассам:
Дам шу дамдир,
ўзга дамни дам дема…
Бу нарса умр, вақт ҳақидаги ўзига хос тафаккур тарзидир. Чунки ҳар нафас сўнгги нафас бўлиши мумкин. Ана шундай ўйлаган инсон ғайратли, ҳаракатчан, ғафлат ва дангасаликдан узоқ, ҳиммати улуғ инсондир. Бунақа ўйлайдиган киши бу ҳаётнинг, берилган вақтнинг ҳам ҳисобли экани, бунинг ҳам савол-сўроғи борлигини чуқур ҳис қилади. Бу ҳис-туйғу, бу масъулият уни яна-да кўпроқ савобли ишларга ундайди.
Ўтиб кетган кўнгилсиз воқеалар учун хафа бўлган, оҳ чеккан кимса мана шу хафачилик онларини ҳам беҳуда ўтказган, шамолга совурган бўлади. Аммо бундай фикр асло ўтмишни унутиш, ундан ибрат олмаслик, хатоларимизни яна такрорлаш керак, деган янглиш хулосага олиб келмаслиги керак.
“Ҳидоят” журналининг 2010 йил, 6-сонидан олинди.