ЭНГ БАХТИЁР ИНСОН
Савдогар танишларимдан бири айтади:
«Катта Дамашқ бозоридаги тожирлардан бирининг олдига кирдим. Уни жуда яхши танирдим. У катта савдогарлардан бўлиб, тўрт миллиард лирадан зиёда сармояга эга эди.
У менга ўзининг ғам-ташвишлари, машаққатлари, қанчалар сиқилганию уйи ва бола-чақасидан нақадар нафратланиши ва одамларнинг муомаласини ёқтирмаслигини айтиб шикоят қилди.
Ҳаёти тўкис бўлган бу кимсанинг гапларини эшитиб, унинг олдида туришга ўзимда куч топа олмадим.
Сўнгра бир қанча вақт ўтиб, Аллоҳнинг ҳикмати билан ҳижобли бир аёл савдо дўконимга кирди. У биздан (ҳар ойда 1000лиралик уй ижараси учун) молиявий кўмак беришимизни истар эди.
Ундан қаерда истиқомат қилишини сўрадим. Унинг манзилини олиб:
– Эртага менинг ҳузуримда хайрия жамиятидаги кишилар йиғилишади. Уларга сен ҳақингда айтиб, ёрдам беришларини сўрайман!,- дедим.
Эртаси куни йиғилганларга у ҳақида хабар бериб, унга ёрдам бериш кераклигини айтдим.
Улар:
– У аёлга албатта ёрдам берамиз. Эртага сиз биз билан борасиз! – дейишди.
Унинг уйига борганимизда ҳаммамиз яшин ургандек қотиб қолдик. Унинг яшайдиган «уй»и иккита бинони бир-бирига боғлайдиган зинапоя остида жойлашган экан. «Уй»да битта хона бўлиб, унинг тор бурчагида ошхона ва жиҳозлар жойлашган эди. Ушбу бошпананинг ижараси ойига минг лира экан.
Уйнинг ичи озода, саранжом-саришта эканига гувоҳ бўлдик. Аёлнинг эри бемор бўлиб тўшакка михланган экан. Болаларининг эса ҳолати яхши, кийимлари покиза, ўйнаб юришарди.
Аллоҳга қасамки, бу уй жаннатнинг бир парчаси эди, гўё.
Ўзим билан келганларга аёлни таништирдим. Биз унга 2000 лира ёрдам қилмоқчи бўлдик.
У бизга:
– Минг лира етади. Турмуш ўртоғимнинг нафақаси рўзғоримизга кифоя қилади, минг лира ижара пулига қийналиб турган эдик.- деди.
Унинг бу гаплари мени тамоман тўхтатиб қўйган эди. Ўзимга-ўзим:
– Субҳаналлоҳ! Сармояси тўрт миллиард бўлган савдогарнинг ўз ҳаётидан нолиши ва касалманд эри ва болалари билан фақирона ҳаёт кечираётган бу аёлнинг иффати, ризоси ва қаноатини кўр! Бу уй гўё жаннатнинг бир бўлаги каби-я!- дер эдим».
У аёлда Аллоҳ таолонинг ҳар нарсага Қодир Зот эканига маърифат бор эди.
Аллоҳ таоло айтади:
«Ким ҳидоятимга эргашса, адашмас ва бадбахт бўлмас. Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёматда кўр ҳолида тирилтирурмиз». (Тоҳа сураси 123-124 оятлар).
Ибрат:
Аллоҳ таоло сенга бериб бахтсиз қилишга ҳам, маҳрум этиб, саодатманд этишга ҳам Қодир Зот. Сенга қаноат ва ризони ато қилган бўлса, сен ер юзидаги энг бахтиёр инсонсан!
Аллоҳим! Бизларни тоатинг ва тақвоинг билан саодатли эт! Ризоингга муваффақ қил! Омин.
Шайх Муҳаммад Ротиб Нобулсий