Йўлдошали домла Каримовнинг Сурхондарё вилоятидаги масжид ва маҳаллаларга ташрифлари
Жорий йилнинг 5-6 март кунлари Тошкент шаҳар Яшнобод тумани «Ислом ота» жомеъ масжиди имом хатиби Йўлдошали домла Каримов Сурхондарё вилояти, Узун туманида сафарда бўлиб қайтдилар.
Сафардан кўзланган мақсад – мамлакатимизнинг чекка тумани аҳолиси билан диний-маърифий суҳбат ўтказиш, диний-маърифий учрашув ўтказиш эди. Шу мақсадда Узун туманидаги «Хўжа Абу Ҳурайра» жомеъ масжиди бўлиб, «Исломда аёллар ҳуқуқи» мавзусида жума маърузаси қилиб бердилар. Маърузада, Ислом динида аёлларнинг ўрни, аёлларга эътибор, Қуръони каримда аёлларга доир келтирилган оятларнинг тафсирлари, айниқса, бугунги кунда долзарб масала бўлиб турган оила ва унда эр-хотиннинг вазифалари, шаръий ҳукмлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди.
Мазкур тумандаги «Оқ остона», «Намуна», «Мустақиллик» ва «Серҳаракат» маҳалла фуқаролари билан бир орага келиб, мазкур маҳалла мутасаддилари иштирокида ҳам мазмунли суҳбат ўтказилди. Жумладан, ёшларнинг диний эътиқодлари ҳамда қарашларини тўғри шакллантириш, ота-оналар уларнинг ақидасига эътибор бериши, турли ёт ақидалар, сохта салафийлик ақидаларидан сақланиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, жисмоний соғлик-саломатлиги билан бирга маънавий комиллиги учун ҳам ҳаракат қилиш, оилаларда юз бераётган можаролар, тушунмовчилик, келишмовчилик ва ажралишларнинг замирида дину диёнат сустлиги, ўтган аждодлар маданияти, улар қолдирган билимларга мурожаат қилмаслик каби масалалар турганлиги таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга ўтаётган жорий 2021 йил – «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» деб номланишининг моҳияти ҳақида ҳам батафсил маъруза қилинди.
Бўлиб ўтган суҳбатда Йўлдошали домла маҳалла аҳлини қизиқтирган саволларига жавоблар ҳам бериб ўтдилар.