БОШИГА ИШ ТУШГАН ҲОЖАТМАНДГА ЁРДАМ БЕРИШ
Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Мусулмонларнинг бир-бирига зулм қилиши ҳаромдир. Мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги ҳам лозим. Мусулмон одам бирор сабабга кўра зулмга учраб қолса, биродари уни бу зулмдан қутқаришга қўлидан келганича ҳаракат қилиши керак.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат кунида унинг айбини беркитади», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишаган.
Бир биродарининг ҳожатини раво қилиш ҳам мусулмон кишининг фазилатларидан биридир. Бу фазилатнинг мукофоти эса, юқорида айтиб ўтилди. Биродарининг ҳожатини раво қилган одамнинг ҳожатини Аллоҳ таолонинг Ўзи раво қилади.
Шунингдек, мусулмон одам биродарининг ғам-ташвишларини аритиш учун ҳам имкон қадар ҳаракат қилади. Чунки у мазкур ҳадисга амал қилади ва биродарининг ғамини аритган одамнинг ғамини Аллоҳ таолонинг Ўзи аритишига ишонади.
Мусулмон одам ўз биродарининг айбларини беркитишга интилади, уларни фош қилиб, уни хижолат қилмасликка ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича, биродарининг айбини яширган одамнинг айбини Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи яширади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким бир мўминдан бу дунёнинг ташвишларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан Қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Қайси бир қавм Аллоҳнинг бир уйида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўрганса, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб оладилар ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар (фаришталар) қаторида зикр қилади. Амали ортга сурган одамни насаби олдга сура олмайди», дедилар».
Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят ривоят қилишган.
islom.uz