МақолаларФиқҳ

ФИҚҲНИНГ ТАЪРИФИ

“Фиқҳ” сўзининг луғавий маъноси «идрок этмоқ», «англамоқ», «тушуниб етмоқ»дир. Истилоҳда эса бу сўз, очиқ далиллар билан буюрилган амаллар, яъни бевосита эътиқодга тегишли бўлмаган намоз, рўза, закот каби масалаларга оид шаръий ҳукмларни ўрганиш илмини англатади.
 
Фойдалари:
— Аллоҳ таолонинг ризолигига мос амалларни тўғри адо этишни ўргатади;
— дунёда бахтли, саодатли бўлиш, жаҳолат жарлигидан билим чўққисига юксалиш йўлини кўрсатади;
— инсонларга фойдали ва зарарли бўлган нарсаларни баён қилиш имкониятини беради;
— охиратда эса, дўзахдан сақланиб, жаннатдаги абадий неъматларга етишувимизга сабаб бўлади.
Шаръий ҳукмларнинг қисмлари.
Шаръий ҳукмлар қуйидаги қисмларга ажратилган:
1.Фарз
Фарз қатъий, очиқ шаръий далил билан бажарилиши амр этилган амалдир. Беш вақт намоз, рўза, закот каби.
Фарзнинг ҳукми
Фарзни инкор қилган киши кофир бўлади. Ишониб, амал қилмаган киши фосиқ бўлиб, Аллоҳ таоло томонидан белгиланган жазога лойиқ бўлади.
Фарз ҳам икки қисмдир: фарзи айн ва фарзи кифоя.
а) Фарзи айн мукаллаф ҳар бир киши бажариши шарт бўлган фарздир. Беш вақт намоз, рўза, закот каби.
Мукаллаф ҳар бир киши бу амалларни шахсан ўзи бажа­риши зарур. Бир қисм одамларнинг фарзи айнни бажариши бошқалар зиммасидан бу масъулиятни соқит килмайди.
б) Фарзи кифоя баъзи мусулмонлар бажариши билан бошқалар зиммасидан тушадиган фарздир. Масалан, жаноза намозини ўқиш каби.
Фарзи кифояни ҳеч ким адо этмаса, барча гуноҳкор бўлади.
2. Вожиб
Очиқ бўлмаган шаръий далиллар билан бажарилиши таъкидланган амал (Рамазон ва Қурбон ҳайити намозлари, намозда (зам сурадан аввал) Фотиҳа сурасини ўқиш каби).
Ҳукми
Бажарилиши лозим (вожиб) бўлиб, уни инкор этган киши кофир бўлмайди. Вожибни бажарган киши савоб олади. Тарк қилган киши эса, жазога лойиқ бўлади.
3. Суннат
Суннат икки қисмга бўлинади:
а) Суннати муаккада: Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳар доим бажариб, жуда кам ҳолатларда тарк килган суннатларидир. Таҳоратда оғизни сув билан чайиш каби.
б) Суннати ғайри муаккада: Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, баъзан бажариб, баъзан тарк қил­ган суннатларидир.
Ҳукми
Суннат амални бажарган киши савобга эришади. Уни тарк қилиш кариҳ ва зарарлидир.
4. Ҳаром
Қатьий, очиқ шаръий далиллар билан бажарилиши таъқиқланган амал. Зино, ўғирлик қилмоқ каби.
Ҳукми
Ҳаром ишни қилган киши дўзах азобига гирифтор бўлади. Тарк қилган киши эса, Аллоҳнинг амрига итоат қилгани учун савобга эришади, ҳаромни инкор қилган одам кофир бўлади.
5. Кароҳати таҳримийа
Очиқ бўлмаган далиллар билан бажарилиши таъқиқланган амал. Бошқа кишининг савдо-сотиғига дахл қилиб, у олмоқчи бўлган молни олиш ёки бошқа киши совчи қўйган қиз ёки аёлнинг қўлини, у воз кечмасидан олдин сўраш каби.
Ҳукми
Буни қилган одам ҳаром ишни бажарган каби азобга дучор бўлади. Лекин инкор қилган киши кофир булмайди.
6. Кароҳати танзиҳийа
Очиқ бўлмаган шаръий далиллар билан бажарилиши таъқиқланган амаллар.
Ҳукми
Бу амални бажарган кишига ҳеч қандай жазо ва дашном берилмайди. Лекин яхши ва фазилатли амалларнинг аксини қилган бўлади.
7. Мубоҳ
Қилиш ёки қилмасликда инсонлар эркин бўлган амал.
Ҳукми
Бажарилган пайтда савоб ҳам, тарк этилган пайтда жазо ҳам берилмайди.
“Нурул изоҳ” китобидан.
Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг