ҚУРЪОН ШАФОАТИ
Абу Муслим Сафтар етук ва буюк олимлардан эди. Бир кун сафарга чиқиб кемага минди. Кемада кўп одамлар бор эди. Сафар асносида бирданига шамол туриб, тўлқинлар катталашди. Кема чўкишининг олдини олиш учун юкларни денгизга отдилар, ёрдам истадилар.
Абу Муслим айтади: “Биз билан бирга кимлиги номаълум бир бадавий ҳам бор эди. Унинг ёнида бир мусҳафи бор эди. У ўрнидан туриб, мусҳафни қўлига олиб “Ё Рабби! Агар бир кишининг қўлида дунё султонидан бир мактуб бўлса, ҳеч ким унга теголмайди, зарар етказолмайди, балолардан узоқ бўлади” деди ва мусҳафни юқорига кўтариб “Ё Рабби, бу Сенинг китобингдир, буни бизга бердинг. Қўлларида Сенинг китобинг бўлган қулларингни сувда чўктириш карамингга ярашмайди. Бу таҳликадан қутқар” деб дуо қилди. Шу заҳоти тўлқинлар ва денгиз тинчланди. Биз соғ-саломат йўлимизда давом этдик”.