Мақолалар

ЗИНОГА ОЛИБ БОРУВЧИ ЙЎЛ – ФАҲШ БОР ЖОЙЛАРГА БОРИШ

Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш ҳам зинога олиб борувчи йўллардандир. Бундай инсонлар билан муносабат қуриш, улар билан дўст бўлиш гуноҳ ишларга бошлайдиган омил бўлгани учун ҳаромдир.

Аллоҳ таоло ўз бандаларини Ўзига итоат қиладиган ҳақгўйлар билан бирга бўлишга буюрган: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар» (Тавба сураси, 119 оят).

Инсон табиати шундайки, у ўз атроф муҳитидан катта таъсир олади. Ён атрофидаги инсонларга хоҳласа хоҳламаса ўхшаб кетади. Шундай экан, оятда келганидек банда нафақат ўзи Аллоҳга тақвода бўлиши, балки иймонида собитқадам бўлган инсонлар билан доимо бирга бўлиши, нопок ва Аллоҳ бандаларига белгилаб қўйган чегараларни бузувчи одамлардан узоқ бўлиши, уларни яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтариши лозимдир. Фахшга аралашган эркак ва аёллар шубҳасиз Аллоҳ бандаларига белгилаб қўйган чегараларни бузувчи одамлар тоифасига киради.

Яхши дўст ва ёмон дўстнинг васфини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал суратда баён қилиб берганлар: «Яхши ҳамроҳ ва ёмон ҳамроҳнинг мисоли хушбўй атир сотувчи ва темирга дам урувчи кабидир. Хушбўй атир сотувчи ё сенга хушбўйлик суртиб қўяди ё ундан хушбўйлик сотиб оласан ё ундан келаётган хушбўй ҳиддан баҳра оласан. Темирга дам урувчи эса ё киймингни бир четини куйдириб қўйиши мумкин ё ундан қўланса ҳид келиб туради».

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Довуд ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: «Киши ким билан қалин дўст бўлса, у ўшанинг динида бўлади. Ҳар бирингиз ким билан қалин дўст бўлаётганига назар солсин».

Ёмон инсонлар билан бирга улфат бўлиш манаман деган инсонларни ҳам бадном қилган. Бунга тарихдан ва ҳозирги кунимиздан сон-саноқсиз мисоллар келтириш мумкин. Бундай одамлар беайб инсонларни нафақат фахш кўчасига балки бошқа ҳалокат кўчаларига ҳам етаклаб кетадилар. Бундан сақланиш ва ўз атрофидагиларни сақлаш ҳар бир мўминга фарздир.

Инсонни зинога олиб борувчи йўллардан яна бири фахш бор жойларга боришдир. Кўмир конига кирган одамнинг кийими ва бадани қора бўлиб чиққанидек, бундай жойларга борган одам албатта гуноҳкор бўлиб чиқади. Бу эса мутлақо ҳаром. Шунингдек, фахш жойларни ташкил этиш, ундай жойларни ишлашига тўсқинлик қилмаслик ҳам ҳаром.

Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади: «Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир» (Исро сураси, 32-оят).

Фахш бор жойларга бориш зинога бевосита яқинлашишдир. Банда зинога бирданига тушиб қолмайди. Балки даражама-даража, зинога яқинлашиб боради ва охири ушбу гуноҳ ишга қўл уради. Шундай экан зинонинг ўзи ва унга етакловчи барча нарса, хусусан фахш бор жойларга бориш ва бошқаларни у ерга боришга ундаш, бошқаларни у ерга олиб бориш Аллоҳ таоло буткул ҳаром қилган ишлардандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзиб қўйилгандир. У бунга хоҳласа |хоҳламаса йўлиқади. Икки кўз зиноси назар солиш, икки қулоқ зиноси эшитиш, тилнинг зиноси гапириш, қўл зиноси ушлаш, оёқлар зиноси юриб боришдир. Қалб истайди ва орзу қилади. Фарж эса буни рўёбга чиқаради ёки ёлғонга чиқаради».

Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Ҳадисдан билинадики, инсоннинг фахш бор жойга юриб бориши оёқлар зиноси экан.

Энди беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш ва фаҳш бор жойларга боришга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:

– Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш, яқин бўлиш – ҳаром.

– Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашмаса ҳам улар билан фаҳш ишларни гаплашиш, сўраш – ҳаром.

– Ўз оила аъзоларини ва атрофидаги яқинларини беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашишдан қайтариш — вожиб.

– Фахш содир бўлиши мумкин бўлган турли хил тадбирлар, бир-бирига номаҳрам эркак ва аёллар аралашадиган йиғинлар, туғилган кун ва шуларга ўхшаш жойларга бориш мўмин инсон учун жоиз эмас.

– Фахш содир бўлиши мумкин бўлган турли хил тадбирларни ташкиллаштириш – ҳаром.

– Аёл киши бир ўзи сафарга чиқиши – ҳаром, агар маҳрамлари рози бўлса ҳам, буюрса ҳам.

Афзал Аброр таржимаси
islom.uz

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг