Мақолалар

ИМОМ ШОФЕЪИЙ

Муҳаммад ибн Идрис ибн Абос ибн Усмон ибн Шофеъ ибн Соиб ибн Абдулязид ибн Ҳошим ибн Мутталиб ибн Абдуманоф (кунялари Абу Абдуллоҳ ал-Қураший) ҳижратнинг 150 йили Ғазза шаҳрида таваллуд топдилар. Бу зот «Шофеъий» мазҳабининг асосчиси, фақиҳ, муҳаддис имомларидан биридирлар.

Имомнинг ёшлик даврлари Маккада кечиб, етим ўсганлар. Оналари ўқиш-ёзишни ўргатмоқчи бўладилар, лекин мактабга тўлайдиган пули бўлмаганлиги учун, кўп қийналадилар. Охири бир муаллим Шофеъийдаги туғма қобилиятни билгани туфайли бепул ўқитишга рози бўлади. Бу зот ўқиш-ёзишни тез орада ўрганиб, етти ёшларида Қуръони Каримни тўла ёд оладилар. Шундан сўнг масжидга кириб, уламолардан билим ўрганадилар. Имом Шофеъийнинг ёдлаш қобилиятлари ғоят кучли бўлганлиги учун ўн ёшларида Имом Моликнинг «Муваттоъ» китобини ёд оладилар. Кейинчалик Муслим ибн Холид аз-Занжий ва Молик ибн Анаслардан фиқҳ ва ҳадис илмини ўргана бошлайдилар. Ўн бешга тўлганларида устозлари Муслим ибн Холиднинг фатво беришга фотиҳасини олдилар.

Абдулғани ад-Даҳарний ўзларининг «Аълому Муслимийн» номли китобларида Шофеъийнинг ўзлари ҳақларидаги қуйидаги сўзларни келтириб ўтадилар: «Бир кишига учрашиб унга: «Қуръонни ёд олдим, араб шеърлари ва балоғатини ўргандим, энди нима қилай», десам, у киши, Молик ибн Анаснинг ҳузурларига бор, деб айтди. Кўнглимга шу нарса маъқул тушди. Маккадаги бир кишидан Молик ибн Анаснинг «Муваттоъ» китобларини олиб, тўққиз кечада ёд олдим. Сўнгра Мадинага йўл олдим. Мен у зотнинг ҳузурларига кирдим ва ўзим ҳақимда сўйлаб бердим. У киши сўзимни тинглагач, бир қанча вақт менга тикилиб қолдилар. «Исминг нима?», деб сўрадилар. Исмим Муҳаммад, деб айтдим. «Эй Муҳаммад, Аллоҳга тақво қил, гуноҳ ишлардан четлангин, албатта сен тез кунларда улуғ мартабаларга етасан», деб айтдилар. У кишига Қуръон тиловат қилдим. Энди қироатдан тўхтай десам, у кишига қироатим ёқиб қолиб, эй, йигит, ўқи-ўқи», дер эдилар. Кейин Мадинада Моликнинг вафотларига қадар дарс олиб турдим».

Абдуллоҳ ибн Зубайр Имом Шофеъийнинг ҳақида: «Шофеъий Моликнинг ҳузурида илмдан озгина қолдирди. Мадина уламолари ҳузуридаги барча илмларни жамлаб олди», деб айтадилар. Имом Шофеъий яна Маккага қайтиб, бу ерда бир неча кун тургач яна сафарга отланадилар. Бу сафар Мадинадан ҳам узоқроқ бўлган Яманга сафар қиладилар. Кўп ўтмай бу зот Маккада ва Мадинадаги каби Яманда ҳам шуҳрат қозондилар. Ҳижратни 184 йили Боғдодга сафар қилиб, у ерда Муҳаммад ибн Ҳасаннинг уйида турадилар. Имом шу ерда камбағалликдан чиқа бошлайдилар. У зотнинг хизматлари эвазига халифа Ҳорун ар-Рашид 500000 динор билан мукофотлайди. Ироқда ҳам илм олгач, яна Маккага қайтиб келадилар. Масжид ал-Ҳаромда ҳалқа қилиб, шу ерда дарс бера бошлайдилар. У ҳалқада нафақат толиблар, балки Суфён ибн Уйайна, Аҳмад ибн Ҳанбал каби уламоларни ҳам топиш мумкин эди.

Ҳижратнинг 195 йили яна Боғдодга қайтиб борадилар. У ердаги «Жомиъ ал-Ғарбий» масжидида одамларга дарс бера бошлайдилар. Иброҳим ал-Ҳарбий: ана шу масжидда 20га яқин ҳалқа бўлар эди, деб айтадилар. Имом Шофеъий бундан ташқари Мисрга бориб, у ердан кўп илмлар ўрганиб, шогирдлар ортириб қайтадилар.

Имом Шофеъийга ўз замоналарида ҳадис, фиқҳ, тафсир, шеъриятда етадиган киши топилмас эди. Буни уламоларнинг у киши ҳақларида айтган қуйидаги сўзларидан билиш мумкин:

Фазл ибн Диккийн: «Шофеъийдан кўра ақли етук, фаҳми комил, илми кўп одамни, эшитмадик ҳам, кўрмадик ҳам», деб айтдилар.

Имом Абу Заръата ар-Розий: «Ислом умматига Шофеъийни миннат қилса арзийди», дер эдилар.

Башир ал-Марисий: «Шофеъийга дунё аҳлининг ярим ақли берилган эди», деб айтадилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Кимки қўлига сиёҳ билан қалам олса, уни зиммасида Шофеъийнинг миннати бордир. Агар Шофеъий бўлмаганларида ҳадис ва фиқҳни билмаган бўлур эдик. Фиқҳ эшикларига қулф солинган эди. Аллоҳ Шофеъий сабабли, у эшикларни очиб берди», деб айтадилар.

Абу Ҳанифа ҳазратларининг шогирдларидан бўлган Муҳаммад ибн Ҳасан айтадилар: «Бир кун келиб ҳадис соҳиблари ҳадис сўйласалар, Шофеъий тили билан сўйлайдилар».

Иброҳим ибн Исҳоқ ал-Ҳарбий қачонки Шофеъийнинг сўзини айтадиган бўлсалар «устозлар устози айтдики», деб бошлар эдилар.

Имом Шофеъийнинг овозлари ёқимли, қироатлари ширин эди. Баҳр ибн Наср айтадилар: «Агар биз кўнглимизни бўшатиб, йиғлаб  олишни хоҳласак, Шофеъийнинг ҳузурларига борар эдик. Шофеъий қироатни бошлаганларида, одамлар йиғини бошлар эдилар. Баъзилари эса ўзларини билмай қолиб, йиқилиш даражасига ҳам борар эдилар. Буни кўрган Шофеъий қироатдан тўхтар эдилар».

Муҳаммад ибн Фазл айтадилар: «Аҳмад ибн Ҳанбал билан ҳажга бордим. У киши мендан олдин туриб, чиқиб кетдилар. Мен у киши Ибн Уяйна ҳузурларида бўлсалар керак, дедим. Борсам у ерда йўқ эканлар. Кейин у кишини бир аъробийнинг ҳузуридан топдим. У зотга: эй Абу Абдуллоҳ, Ибн Уяйнани ташлаб, шу бола биланмисиз, десам: «Жим бўл, бу боладан кўра Аллоҳни китобини яхши биладиган, фақиҳроқ кишини кўрмадим», дедилар. «Бу киши?» деб сўрасам: «Бу Муҳаммад ибн Идрийс», деб жавоб бердилар».

Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган марҳаматидан яна бири Имом Абу Ҳанифа вафот этганларида у зотга ўринбосар қилиб ҳижратнинг 150 йили имом Шофеъийни юборгандир.

Имом Шофеъийнинг таълиф этган китоблари 113та бўлиб, шулардан машҳурлари: «Китобу ҳужжа», «Рисола», «Ум», «ал-Мабсут», «Ихтилоф ул-ҳадис», «Сифат ул-амр ван нахий», «Ибтол ул-истиҳсон», «ас-Салавот», «ал-Буйуъ», «ал-Музораъа», «ад-Даъво вал-Баёнот», «Сайр ул-Авзоъий», «Фазоилу Қурайш», «ас-Сабку варраъю».

Шофеъийнинг ўзлари айтадилар: «Тушимда бир киши келиб, китобларимни олди ва ҳавога сочиб юборди, китобларим ҳар томонга тарқалиб кетди. Туш таъбирини баъзи бир кишилардан сўрасам, тушинг тўғри чиқади, сенинг илминг ёки китобнинг кирмаган, бирор-бир шаҳар қолмайди, деб айтишди».

Муслим ибн Холид аз-Занжий, Суфён ибн Уяйна, Молик ибн Анас, Абу Ҳанифанинг шогирдлари Муҳаммад ибн Ҳасан, Ибн Журайҳ, Саъийд ибн Солим, Абдулмажид ибн Абдул Азиз, Абдуллоҳ ибн Ҳорис, Иброҳим ибн Саъд, Исҳоқ ибн Юсуф, Исмоил ибн Иброҳим, Исмоил ибн Абдуллоҳ, Анас ибн Иёз, Ҳимод ибн Усома, Саъд ибн Муслим, Симок ибн Фазл, Иброҳим ибн Ҳарам ва бошқалар Имом Шофеъийнинг устозларидир.

Имом Шофеъийнинг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлиб, шулардан баъзиларини келтириб ўтамиз: Абдуллоҳ ибн Аҳмад, Сулаймон ибн Давуд, ал-Ҳамийдий, ал-Каробисий, Абу Савр, аз-Заъфарон, ал-Бувайтий, Абу Варид ибн Абу Жоруд, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ҳорис ибн Сариж, Абу Иброҳим ал-Музаний, Аҳмад ибн Ҳажжож ва бошқалар.

Имом Шофеъий ҳаётларининг охири тўрт йили давомида қон бузилиш ва бошқа ҳар хил касалликларга мубтало бўлдилар. Бунинг устига-устак, Фитён деган киши билан ҳар хил илмлар борасида кўп тортишар эдилар. Бир куни шундай тортишувлар орасида, Фитён мағлубиятга учрайди, лекин у бунга чидай олмай Шофеъийнинг ахлоқсизларча сўкади. Бу сўзлар амир Сарро ибн Ҳакамгача етиб қолиб, Фитённи ўлдиришга амр қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламниг оилаларини сўккан одамнинг жазоси – шу», деб айтади. Фитённинг одамлари ҳам Шофеъийни уриб, ҳушларидан кетказишади. Имом Шофеъий ҳижратнинг 204 йили 54 ёшларида ҳушларига келмай вафот этдилар.

Манба: islom.uz

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг