Мақолалар

Гуноҳи кабиралар (Риёнинг ози ҳам ширкдир)

Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида хабар бериб: “Инсонларга риёкорлик қиладилар”, дейди. Яъни, уларнинг намоз ўқишдан кўзлаган мақсади – Аллоҳнинг юзи (розилиги) эмас, балки одамлар кўриб, эшитишлари, хўжакўрсин учундир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

 إِنَّ الْمُنَافِقِينَ يُخَادِعُونَ اللَّهَ وَهُوَ خَادِعُهُمْ وَإِذَا قَامُوا إِلَى الصَّلَاةِ قَامُوا كُسَالَى يُرَاءُونَ النَّاسَ وَلَا يَذْكُرُونَ اللَّهَ إِلَّا قَلِيلًا

“Дарҳақиқат, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб қўювчидир». (Улар) намозга турсалар, дангасалик билан, одамлар кўриши учун турурлар ва Аллоҳни камдан-кам зикр қилурлар” (Нисо сураси, 142-оят).

(4)فَوَيْلٌ لِلْمُصَلِّينَ

(5)الَّذِينَ هُمْ عَنْ صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ

“Бир “намозхонлар”га вайл бўлсинки… улар намозларини унутувчилардир” (Мааъуун сураси, 4–5-оятлар).

Яъни, намозларига бепарволик, енгилтаклик қилиб, ўз вақтидан кечиктириб ўқийдиган кимсаларга ҳалокат, азоб бўлсин. “улар риёкорлик қиладиган кимсалардир”. Улар одамлар кўз ўнгида “солиҳ” деб айтишлари учун намоз ўқийдилар, “тақводор” деб ном қозониш учун хушуъли ва ҳузуъли бўлиб кўринадилар ва “сахий” номини олиш учун эҳсон-садақа қиладилар. Уларнинг қилаётган ҳар бир амали риё ва ном қозониш учундир.

(6)الَّذِينَ هُمْ يُرَاءُونَ

(7)وَيَمْنَعُونَ الْمَاعُونَ

“Улар риё қиладиганлардир. Ва рўзғор буюмларини (кишилар омонатга сўрашганда) ман этадилар” (Мааъуун сураси, 6–7-оятлар).

Яъни, одамларга кундалик болта, арра, игна, қозон каби рўзғор буюмларини ҳам фойдаланишга бермайдилар.

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تُبْطِلُوا صَدَقَاتِكُمْ بِالْمَنِّ وَالْأَذَى كَالَّذِي يُنْفِقُ مَالَهُ رِئَاءَ النَّاسِ وَلَا يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ

“Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, молини одамлар кўриши учун нафақа қилганга ўхшаб, ботил қилманг!..” (Бақара сураси, 264-оят).

Яъни, одамлар кўрсин, деб риёкор қилган инфоқ-эҳсонларини йўққа чиқаргани сингари, сизлар ҳам миннат ва озор билан берган садақаларингиз ажридан маҳрум бўлиб қолманг, дейилмоқда.

فَمَنْ كَانَ يَرْجُوا لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا

“Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, солиҳ амал қилсин ва Роббининг ибодатига ҳеч кимни шерик қилмасин!» (Қаҳф сураси, 110-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам” айтдилар:

“Қиёмат куни биринчи ҳукм (ҳисоб-китоб) қилинадиган киши шаҳиддир. У келтирилади, сўнг Аллоҳ таоло унга неъматларини танитади, тан олади. Шунда Аллоҳ: “Булар эвазига нима қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сенинг йўлингда жанг қилдим, ҳатто шаҳид бўлдим”, дейди. Аллоҳ: “Ёлғон айтдинг, сен “фалончи журъатли” дейишлари учун жанг қилдинг. Ҳақиқатан, сен истаган нарса айтилди”, дейди. Сўнг буюради, у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади. 

Кейин илм ўрганиб, ўргатган ва Қуръон ўқиган киши келтирилади. Аллоҳ таоло унга неъматларини танитади, тан олади. “Булар эвазига нима қилдинг?” деб сўрайди Аллоҳ. У: “Сен учун илм ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатдим ва Қуръон ўқидим”, дейди. Аллоҳ: “Ёлғон айтдинг, сен олим, деб айтишлари учун илм ўргандинг ва қори номини олиш учун Қуръон ўқидинг. Дарҳақиқат, бу гап айтилди”, дейди. Сўнг буюради, у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади.

Кейин Аллоҳ ризқини кенг қилган, турли-туман мол-дунё ато этган киши келтирилади. Аллоҳ таоло унга неъматларини танитади, тан олади. Шунда Аллоҳ сўрайди: “Булар эвазига нима қилдинг?”. У: “Сен инфоқ-эҳсон қилинишини яхши кўрган бирор йўлни қолдирмасдан Сен учун инфоқ қилдим”, дейди. Аллоҳ: “Ёлғон айтдинг, сен сахий, деб айтишлари учун шундай қилдинг. Ҳақиқатан, бу нарса айтилди”, дейди. Сўнг буюради, у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади”. 

Имом Муслим, Насоий ва бошқалар ривоя қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

“Риёнинг ози ҳам ширкдир”.

Имом Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

Яна:

“Инсонлар амалларига яраша жазо-мукофот олаётган пайтда Аллоҳ таоло (риёкорларга): “Дунёда кимлар учун риё қилган бўлсангиз, ўшалар олдига боринглар. Қаранглар-чи, уларнинг ҳузурида бирор мукофот топармикансиз?” дейди”, деганлар.

Имом Аҳмад ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

“Аллоҳ таоло: “Мен ширк келтирилган (нарса)ларнинг ширкдан энг беҳожатиман. Ким Мен учун бирор амални бажарса-ю, унда бошқани Менга шерик қилса, Мен ундан беҳожатман. У ўша “шерик” учундир”, деди”.

Имом Ибн Можа ривоят қилган.

Яна айтадилар:

“Ким (одамлар) эшитсин деса, Аллоҳ эшиттириб қўяди ва ким (кишилар) кўрсин деса, Аллоҳ кўрсатиб қўяди”.

Муттафақун алайҳ.

Яъни, ким одамлар кўриши ёки эшитиши учун бирор амал қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг бузуқ ниятини фош этиб, гувоҳлар ҳузурида шарманда қилади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Қанчадан-қанча рўзадорлар борки, уларнинг рўзасини оладиган “улуш”и фақат очлик ва ташналикдир. Қанчадан-қанча кечаларда қоим бўлувчилар борки, уларнинг қоимликдан оладиган “насиба”си фақат бедорлик, холос”.

Имом Табароний ривоят қилган.

Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Бир тоифа одамларни дўзахдан жаннатга олиб бориш буюрилади. Улар жаннатга яқинлашиб, унинг бўйларини ҳидлаб, ундаги қасрлар ва Аллоҳ жаннат аҳли учун ҳозирлаган неъматларни кўришгач, “Уларни жаннатдан буриб юборинглар, у ерда уларга насиба йўқ”, деб нидо қилинади. Шунда улар: “Парвардигоро, бизга жаннатингни ва у ерда дўстларинг учун ҳозирлаган нарсаларингни (ноз-неъматларингни) кўрсатмай туриб дўзахга киритганингда эди, бизга осонроқ бўларди”, дейишади. “Мен сизларга шуни ирода қилдим, – дейди Аллоҳ. – Чунки сизлар ёлғиз қолганингизда, улкан гуноҳлар билан Менга қарши чиқдингиз ва одамларга йўлиқсангиз, уларга итоаткор – тақводор бўлиб кўриндингиз. Инсонларга қалбингиздан Мен учун берган нарсаларингизнинг тескарисини кўрсатдингиз. Одамлардан қўрқдингиз, Мендан қўрқмадингиз. Одамларни улуғладингиз, Мени улуғламадингиз. Одамларни деб (гуноҳни) тарк этдингиз. Мана бугун сизларни савобдан маҳрум этганимдек, аламли азобга гирифтор қиламан”.

Риёкорлар қиёмат куни тўртта ном билан чақирилади: “Эй риёкор, хиёнаткор, эй фожир, эй зиёнкор, бор, ким учун амал қилган бўлсанг, ўшандан ажр-мукофотингни олавер. Бизнинг ҳузуримизда сен учун ажр йўқ”.

Ҳасан роҳматуллоҳи алайҳ айтганлар:

“Риёкор ўзи ҳақида Аллоҳ белгилаган тақдиридан ғолиб бўлишни хоҳлайди. У ўзини “солиҳ” деб аташларини истайди. Уни қандай қилиб солиҳ десинларки, ҳолбуки, у Парвардигори томонидан тубан ўринга туширилган бўлса. Мўминларнинг қалблари уни таниб, ажратиб олишлари шарт”.

Қатода розияллоҳу анҳу бундай дейди:

“Агар банда риё қилса, Аллоҳ: “Бандам Мени қандай масхара қилаётганини қаранглар”, дейди”.

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳу масжидда сажда ҳолида йиғлаб дуо қилаётган кишининг олдига келиб: “Сен яхшисан (яъни, бу амалинг хайрли), фақат бу ишни уйингда қилганингда эди”, дедилар.

Муҳаммад ибн Муборак Суварий айтадилар: “Хушхулқингни тунда изҳор қил, зеро, шундай қилишинг, кундузи изҳор қилганингдан яхшироқдир. Чунки кундузи хушхулқлилигинг махлуқларгадир, тунги интилиш эса оламлар Парвардигори учундир”.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу риёкорнинг учта аломати бўлишини баён қилганлар: “Ёлғиз ўзи бўлса, дангасалик қилади, одамлар даврасида ғайрат кўрсатади, кишилар мақтаган амални кўпайтириб, қоралаган ишни камайтиради”.

Фузайл ибн Иёз айтганлар: “Одамларни деб бир амални тарк этиш – риё, кишилар сабабли бир ишни қилиш эса ширкдир. Аллоҳ сени шу иккисидан омон сақлаши эса ихлосдир”.

Аллоҳ таолодан амалларимиз, сўзларимиз ва барча ҳолатларимизда ихлосли қилишини сўраймиз.


islomota.uz
Имом Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий
“Гуноҳи кабиралар” китобидан

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг