Мақолалар

Гуноҳи кабиралар (Катта ширк)

Катта ширк – Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш, тенг билиш ва У зот билан бирга тош, дарахт, қуёш каби нарсаларга ибодат қилишдир. Катта ширк гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир. Аллоҳ ундан сақласин.

إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ

 “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилиш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур…” (Нисо сураси, 48-оят).

Яъни, ширкни кечирмайди ва ундан бошқа гуноҳларни эса Ўзи хоҳлаган бандаларидан кечиради. Зеро, ширк Аллоҳ таолонинг:

إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

“Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли, ўта раҳмлидир” (Зумар сураси, 53-оят) ояти каримасидаги “барча гуноҳлар” сирасига кирмайди.

إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ

“…Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).

Яъни, ширк қабиҳ амал ва яққол зулмдир. У бир нарсани ўз ўрнидан бошқа жойга қўйиш, ҳақини поймол қилишдир. Ким яратувчи билан яралмиш – махлуқни, илоҳ билан бут-санамни баробар билса, шак-шубҳасиз, ақлсиз, аҳмоқдир. “Золим” дейилишга ва ҳайвонлар қаторида саналишга лойиқдир.

وَمَأْوَاهُ النَّارُ وَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ أَنْصَارٍ

“…ва борар жойи дўзахдир. Золимларга (эса) ёрдамчилар бўлмас” (Моида сураси, 72-оят).

Яъни, унга Аллоҳнинг азобидан қутқарувчи ҳам, ёрдам берувчи ҳам бўлмас. Бу ҳақда кўп оятлар мавжуд.

Аллоҳга имон келтириб, мўмин ҳолида вафот этган киши дўзахда гуноҳига яраша азобланса-да, жаннатий бўлганидек, Аллоҳга ширк келтириб мушрик ҳолида ўлган кимса, шак-шубҳасиз дўзахийдир.

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталари ҳақида хабар берайми?” деб уч бор сўрадилар. Биз: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, дедик. У зот: “Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш”, дедилар. Суянган эдилар, ўтирдилар-да: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш”, дея такрорлайвердилар. Ҳатто биз: “Қанийди, сукут қилсалар эди”, дедик”(Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалок этувчи еттита гуноҳдан сақланинглар” деб, Аллоҳга ширк келтиришни зикр қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй ибн Хаттоб, бориб, одамларга “жаннатга фақатгина мўминлар киради”, деб жар сол (Имом Муслим ва Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таолодан бизни Қуръон ва суннатга амал қилган ҳолда вафот эттиришини сўраймиз. Албатта, у раҳмлиларнинг раҳмлироғидир!

islomota.uz
Имом Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий

“Гуноҳи кабиралар” китобидан

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг