Мақолалар

Умр дафтаримиздан янги бир саҳифа

Аллоҳ таоло бу дунёни чексиз ҳикматларга тўла ҳолда яратган. Бунда ҳеч бир беҳуда ва бефойда нарса йўқ. Атрофимизда бўлаётган ўзгаришлар ва янгиланишларнинг барчаси Аллоҳ таолони танитувчи далиллардир. Ҳар куни умр дафтаримиздан янги бир саҳифа очилгани каби, атрофимиздаги оламнинг ҳам сурати ҳар куни янгиланади. Бу янгиланиш инсонни тафаккурга чорлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

يُقَلِّبُ اللَّهُ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَعِبْرَةً  لاُوْلِي الْأَبْصَارِ

Яъни: “Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турар. Албатта, бунда кўз эгалари (оқиллар) учун ибрат бордир”.
(Нур сураси 44-оят)

Кеча ва кундуз доим алмашиб туради. Бири узайса, иккинчиси қисқаради. Биз уларни бошимиздан ўтказиб, умримизнинг ҳисобини шу кеча ва кундузлар билан ўлчаймиз. Шу алмашиш жараёнида фасллар ҳам янгиланади.

Фаслларда оламнинг кўриниши ва сурати ўзгарганидек, инсонларнинг ҳам кийимлари, ейдиган ризқлари ва ҳатто қиладиган машғулотлари ҳам ўзгаради. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

وَاخْتِلَافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ وَمَا أَنزَلَ اللَّهُ مِنَ السَّمَاء مِن رِّزْقٍ فَأَحْيَا بِهِ الْأَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَا وَتَصْرِيفِ الرِّيَاحِ آيَاتٌ لِّقَوْمٍ يَعْقِلُونَ

Яъни: “Кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмондан ёғдириб у билан “ўлган” ерни “тирилтирган” ризқ (ёмғир)да ҳамда шамолларнинг йўналтирилишида ақл юргизадиган қавм учун аломатлар бордир”.
(Жосия сураси 5-оят)

Ушбу оятда зикр этилган ишларга кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Қиш фаслида гўё оппоқ кафанга ўрангандек қор остида ётган ўлик ерни баҳор фаслида Аллоҳ таоло қайта тирилтиради. Агар Аллоҳ кеча ва кундузни айлантирмаса, осмондан сувларни тушириб ерни тирилтирмаса, ер юзида ҳаёт бўлиши мумкин. Эмас. Ана шунда ҳудратни эсга солиш учун, баъзи диёрларга бир муддат сув туширилмай қўйса, ўсимликлардан тортиб ҳайвонлар ва ниҳоят одамларгача ҳалокатга учрашининг хабарини тез-тез эшитиб турамиз. Шунинг учун ҳар бир мусулмон атрофга ибрат назари билан назар солмоғи ва ҳурмат билан муносабатда бўлмоғи лозим.

   Баҳор фаслидаги ўзгаришлар Қуръони каримда “тирилиш” деб ифодаланган. Инсонлар ҳам ушбу жарёнга ўз ҳиссаларини қўшиб боришлари керак. Чунки оламдаги барча нарсалар инсоннинг манфаати учун яратилган. Буни қуйидаги оятлар батафсил ифода қилади:

فَلْيَنظُرِ الْإِنسَانُ إِلَى طَعَامِهِ  أَنَّا صَبَبْنَا الْمَاء صَبًّا  ثُمَّ شَقَقْنَا الْأَرْضَ شَقًّا  فَأَنبَتْنَا فِيهَا حَبًّا  وَعِنَبًا وَقَضْبًا  وَزَيْتُونًا وَنَخْلا  وَحَدَائِقَ غُلْبًا  وَفَاكِهَةً وَأَبًّا  مَّتَاعًا لَّكُمْ وَلِأَنْعَامِكُمْ

Яъни: “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан) боқсин! Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, мева-ю гиёҳларни ҳам. Булар сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаатдир”. “Абаса” сураси 24-32 оятлар.

Демак, бизлар ўзимиз яшаб турган жойларга, маҳалла-кўйларга турли дарахт кўчатларини экиб обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки ҳайвонлар ва қушлар ҳам манфаат топади. Ҳадиси шарифда айтилишича, экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи, ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади ҳамда унинг мевасидан бошқалар еса ёки соясида ўтирса, эккан кишининг амал дафтаига садақа савоби ёзилиб бораверади.

Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, атроф-муҳитга ҳам шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзи инсонлар учун маскандир. Бунга қуйидаги оят далолат қилади:

وَالْأَرْضَ فَرَشْنَاهَا فَنِعْمَ الْمَاهِدُونَ

  Яъни: “Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрловчидирмиз”. “Зариёт” сураси 48-оят.

Дарҳақиқат, биз дунёга келганимизда ҳаётимиз учун барча шароитлар таёр эди. Оёқларимиз остига ерни тўшаб, уни анвои гуллар билан безатиб қўйган зот – Аллоҳ таолодир. Атрофимизда эса, турли хил мевали ва манзарали дарахтлар оламнинг чиройига чирой қўшиб турганини кўриб кўзларимиз қувнайди. Ернинг тўшаб қўйилганлиги маъноси эса, уни яшаш учун осонлаштирилиши англанади. Ҳақиқатда ер ҳаёт учун шундай мосланганки, буни ўрганган одам албатта қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳ таолога имон келтирмай иложи йўқ. Шу билан бирга бу мослаш жуда ҳам нозик, озгина ўзгарса, ҳаёт кечириш қийин бўлиб қолиши ҳам мумкин.

Аллоҳ ўз каломида ерни шундай таърифлайди:

الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ مَهْدًا وَسَلَكَ لَكُمْ فِيهَا سُبُلا وَأَنزَلَ مِنَ السَّمَاء مَاء فَأَخْرَجْنَا بِهِ أَزْوَاجًا مِّن نَّبَاتٍ شَتَّى

Яъни: “У Ерни сизлар учун бешик (қароргоҳ) қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдирди. Бас, Биз у (сув) билан турли ўсимлик навларини ундириб чиқардик”. “Тоҳа” сураси 53-оят.

Бешик гўдак учун қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир. Унга ерни бешик қилиб, унда уни таомлантириб, ювиб-тараб турган зот Аллоҳ таолодир. Бундан ташқари осмондан сув тушириб дарахт ва гиёҳларни ундириб қўйгандир. Кейинги оятда шундай марҳамат қилинади:

كُلُوا وَارْعَوْا أَنْعَامَكُمْ إِنَّ فِي ذَلِكَ لايتٍ  لاُوْلِي النُّهَى

Яъни: “Сизлар улардан енглар ва чорваларингизни боқинглар. Албатта, бунда ақл эгалари учун аломатлар бордир”. “Тоҳа” сураси 54-оят.

Ушбу оятда Аллоҳ инсонларга хитоб қилиб: “Эй одамлар, ўша осмондан туширилган сув ёрдамида Аллоҳ чиқариб қўйган мевалардан ўзларингиз енглар. Ўша набототлар билан чорваларингизни боқинглар. Аллоҳ уларни сизнинг фойдангиз учун чиқарган” – демоқда.

Ҳаётлигимизда шу ер устида яшаётган бўлсак,  вафот этганимиздан кейин ҳам шу ер бағрида ётамиз. Ўзимизнинг узоқ муддат масканимиз бўлган бу ерни обод қилиш, ўзимиз учун фойдалидир. Атрофимизни турли зарарли нарсалардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва аҳлимизнинг ҳаётини сақлаган бўламиз. Мисол учун, инсон вужудидаги қон тоза бўлса, киши соғлом бўлади. Агар қонга бирор зарарли модда аралашса, инсон ҳаёти хавф остида қолади. Шунингдек, бизнинг ҳаётимиз атрофимиздаги борлиқнинг тоза ва мусаффолигига боғлиқдир. Унда пайдо бўлаётган ҳар бир салбий ўзгаришлар бизнинг соғлиғимизга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Қуръони каримда:

وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاء كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ

Яъни: “Барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганмиз” “Анбиё” сураси 30-оят.– деб марҳамат қилинган. Демак, оламдаги сув инсон вужудидаги қон кабидир. Афсуски ҳозирги кунда баъзи маҳаллаларимиздан оқиб ўтадиган анҳор ва ариқлар умуман истеъмол учун яроқсиз ҳолга келиб қолган. Унга турли ҳил чиқиндиларни ташлаш оқибатида, ўша сувдан ичиш ва фойдаланиш имконияти йўқолган. Бу эса атроф-муҳитимизни бузилишига олиб келмоқда.

Чунки инсон ҳаёти табиат билан чамбарчас боғлиқлигини, табиатнинг зарарланиши инсон ва унинг ҳаёти учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳар биримиз яхши англаб етмоғимиз лозим.

                Жасурбек домла Раупов
«Ислом ота» жоме масжиди имом – хатиби

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг