Мақолалар

У Аллоҳнинг “Шофий” исми…

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сизни оғриқлар синдираёздими? Дарду-аламлар ҳолдан тойдирдими? Касаллик туфайли ҳаёт рангсиз тус олгандек туюляптими?

Шифокорларга мурожаат қилишдан, шифохонама-шифохона юришдан чарчадингизми? Турли хил касалликлар билан мурожаат қилиб борганингиз, клиникалар номларию-саналари хотирангизда чалкашиб кетдими?

Шундай бўлса, руҳингизни-вужудингизни чарчоқлар-у хасталикларидан халос қиладиган нарсага сизни йўллаб қўяйми?

У Аллоҳнинг “Шофий” исми…

Хорғин нафсингизга имкон беринг, нафасларини жамласин. Чунки сиз ҳозир бу раҳмли исмни ўқийсиз. У шундай исмки, устингизга Унинг роҳатбаҳш соялари тушган вақтда унга нақадар муҳтож эканингизни ҳамда нақадар ундан узоқлашиб кетганингизни ҳис қиласиз…

Бугундан кейин касаллик йўқ

“Шофий” Аллоҳнинг исмларидан бири. У исм ила Аллоҳга ҳамд айтамиз. Шу исм билан Ўзини номлагани учун ҳамд айтамиз. Ўзига шифо бериш сифатини бергани учун ҳамд айтамиз. Фақат ёлғиз Ўзигина бандаларининг танларига шифо бергувчи Зот бўлгани учун ҳамд айтамиз. Бу мазмунини равшан ифодалайдиган ва ичидаги маънолар зоҳиридан маълум бўлиб турадиган исмдир.

Шифо касаллик билан бевосита боғлиқ…

Зеро, касаллик инсон ҳаётида турли оғриқлар, турфа шакллар билан тез-тез учраб турадиган ҳолат. Ҳеч бир инсон ундан холи эмас. Агар кимдир кўз касаллигидан тузалса, бош оғриғини ҳис қилади. Бош оғриғи тўхтаса, бўғинларида оғриқ борлигини ҳис қилади. Бу оғриқлар тўхтаса, иситмаси чиқа бошлайди. Иситмаси тушса, ошқозони оғрийди. Бу оғриқлар ариса, тиш оғриғи ҳужум қилади, ва ҳоказо… Шу тарзда ҳеч бир кун бирор оғриқсиз, дардсиз ўтмайди!

Агар бутун танаси соғлом бўлган тақдирда, ёнида ё акаси оҳ тортаётган бўлади, ё онаси йиғлаётган бўлади, ё фарзанди инграётган бўлади ва ё бирор суюкли инсони дард чекаётган бўлади.

Ҳаёт касалликлар, оғриқлар майдони. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Ўзини “Шофий” дея атади, токи аламларингиз Унинг раҳмати меҳробида тиз чўксин ва оғриқларингиз Унинг қудрати остонасида бош эгсин.

Касаллик кибрли инсонлар синаладиган оғир синовдир! Инсоннинг гуллаб-яшнашини кетказиб қўядиган кутилмаган сўлишдир! У сабрсиз, бахил инсон ҳаётининг қулашидир.

Бу тана ўзининг заиф эканига ва заррача қуввати йўқ эканига ишонч ҳосил қилиши учун Аллоҳ таоло бироз муддат унинг ярқирашини пасайтирди.

Аллоҳ таоло инсонга касалликни юборди, токи у ана шу касалликка жуда ҳам ўхшаш бўлган нарсани эсласин. Ўлимни!! Касаллик қайсидир маънода инсонда ҳаёт кучи сўнганини ифодалагани сингари, ўлим ҳам том маънода инсондаги ҳаёт кучи сўнганининг ифодасидир.

Эй инсон, сенинг ҳақиқатинг ўлимдир. Сендаги ҳар бир нарса ўлимга ўхшайди. Ухлашинг ўлим, касал бўлишинг ўлим, умрнинг кейинги босқичига ўтишинг олдинги босқичга нисбатан ўлим, ёшлик болаликка нисбатан ўлим, қарилик ёшликка нисбатан ўлим. Сенинг борлиғинг ҳаётдан кўра кўпроқ ўлимга ўхшайди. Аммо янглиш, хато ўй-тушунчалар бизни “Ҳеч қачон ўлмайман” деган ишонч билан яшайдиган қилиб қўяди. Шу туфайли касалликлар бизнинг таналаримизга бу ҳаёт вақтинчалик эканини уқтириб туради!

Ана шу ҳолдан тойган тана касаллик тўшагида ётар ва ёнига кириб-чиқаётган одамларга назар солар экан, уларнинг бошларида сиҳат-саломатлик тожини кўради. Шу пайтда, у ўзи ҳис қиладими ё йўқми, унинг ичида тупроқ ҳақидаги хаёллар уйғонади ва бутун борлиғини қабр ҳиди ўраб олади!

Сиз касал бўлганингизда руҳингиз ўликлар билан ғойибона учрашувларда бўлади. Кўзларингиз, лабларингиз ва совуқдан титраётган аъзоларингиз ичингизда содир бўлаётган ички емирилишдан хабар беради.

Ана, қаранг, ичингиздаги ҳаёт ҳолингиздан хабар олиш учун келган инсонларга “Алвидо” дея қўлларини силкитяпти.

 Касаллик чўққисига чиқиб, дунёнинг маънавий нопокликларидан буткул покланганингиздан сўнг Шофий субҳанаҳу ва таоло танангиздаги дардга кетиш изнини беради ва соғлиғингизни аввалги ҳолатига қайтишга буюради. Қарабсизки, яноқларингизда қизиллик пайдо бўлади ва дард чеккан кунларда сўлиб қолган табассумингиз қайтади…

Сизга ҳеч қандай сабабсиз шифо беради!

Чунки у Шофий: Сизга бирор бир сабаб билан шифо беради…

У сизга арзимас сабаб билан шифо беради…

Сизга ноодатий бир сабаб билан шифо беради…

Сабаб бўлиб кўринмаган нарса билан шифо беради…

Ҳеч қандай сабабсиз ҳам шифо беради!

Гиёҳлар билан, оддий ва мураккаб таркибли дорилар билан, озиқ-овқат билан, сув билан шифо беради…

Бу борада ажойиб бир ҳикоя ўқигандим. Унда ёзилишича, бир болакай сил ва бошқа касалликлар билан хасталанган экан. Шифокорлар болакайнинг ўлими яқин қолди, деган қарорга келиб, отасига болани қишлоққа олиб боришга изн беришди. Токи ўлими олдидан қишлоқнинг тоза ҳавосидан тўйиб нафас олсин ва кенг майдонларининг гўзал манзараларига қараб роҳатлансин деб. Қишлоққа бордилар. Одатий кунларнинг бирида болакай кўчада қўлида музлатилган ширинлик билан юрар экан мункиллаб қолган бир инсонни кўриб қолди. У киши болакайнинг сўлғин кўзларига назар солиб: “Болажоним, яшашни хоҳлайсанми”, дея сўради. У “Ҳа” дегандек, бошини силкитди. Шунда у киши: “Сен ўлик таомлар еб туриб, қандай қилиб ҳаётни қўлга киритмоқчи бўляпсан? Сен тирик таомларни: гўшт, кўкат-сабзавотларни егин ҳамда Аллоҳ табиатда яратиб қўйган, тупроқ ҳарорати-ю, ҳаёт асари кетмаган нарсаларни егин!” деди. Боланинг ўзи айтади: “У кишининг насиҳати қалбимга қаттиқ ўрнашди ва ўша кундан эътиборан фақат “тирик” таомлар ейдиган бўлдим. Турли хил гўштлар, турфа сабзавотлар, даладан энди келган мазали мевалар-у иссиқ нонлар. Натижада, саломатлигим яхшиланди, жисмим тетиклашди. Буни кўрган отам мени касалхонага олиб борди. Бир қанча текширув ва таҳлиллардан сўнг шифокорларнинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди!!”. Бу воқеани шу болакайнинг ўзи улғайиб, озиқ-овқат билан даволайдиган дунёнинг энг машҳур шифокорларидан бири бўлиб етишгандан кейин “Озиқ-овқат мўжизалар кўрсатади” номли китобида сўзлаб берган. Унинг исми Гейлорд Ҳаузер.

Ҳа, шифокорлар унга ўлим ҳукмини бердилар, аммо ҳукми барча ҳукмлардан олий бўлган Зот бунинг аксини ирода этди!

Тўғри, шифокорлар унинг ҳаёти қишлоқда ниҳоя топишини хоҳладилар, аммо Аллоҳ таоло буни хоҳламади!

Ҳа, шифокорлар уни даволашдан ожиз эдилар, аммо Аллоҳ таоло ҳеч қачон ожиз бўлмаган ва ҳаргиз ожиз бўлмайди!

Давоми бор…

Али ибн Жобир Ал-Файфийнинг “Лианнака Аллоҳ” китобидан М.Низомиддин ва О.Аҳмад таржимаси.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг