Сабрли кишиларга хушхабар беринг!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сабр — нафсни жазавага тушиб кетишдан, тилни шикоят қилишдан сақлаш, мусибат келганда ёноқларига уриб, ёқаларини йиртиб йиғлашдан ва шунга ўхшаш жоҳилият аҳлига хос бўлган ишлардан четланишдир.
Унинг асл ҳақиқати нима? Сабр шундай бир фазилатли хулқки, кишини яхши ва ўзига муносиб бўлмаган ишлардан тўсиб туради. Сабр нафснинг шундай бир қувватидирки, у билан кишини шаъни ислоҳ бўлади ва ишлари тўғри бўлади.
Зун нун ал-Мисрий роҳимаҳуллоҳдан сабр ҳақида сўрадилар. У киши:
«Сабр — ўзаро хусуматлашишдан узоқ бўлиш, бўғзига тўлган аламларни ичига юта олиш, фароғатли ҳаётдан кейин тўсатдан фақирлик етганида ўзини бехожат кўрсата олишдир», — дедилар.
Яна дейдиларки: «У синовлар қаршисида гўзал одоб билан тура олишдир».
Сабрнинг мевалари:
Сабрнинг мевалари ҳақида Ҳақ таоло каломида шундай марҳамат қилади:
وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ
Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз*. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!
الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ
Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», – дейдилар.
أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ
Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир (Бақара сураси, 155, 157 оятлар).
Ушбу ояти кариманинг маъносини Имом Шаъровий роҳимаҳуллоҳ таъвил қилиб шундай дейдилар:
«Биламизки, аслида киши бошига синовларнинг келиши ёмон эмас, балки уни синовлардан ўта олмаслиги ёмондир. Зеро, ҳар бир синов тажриба ва имтиҳон ҳисобланади. Ҳеч ким имтиҳонларни ёмон демаган. Балки у муваффақиятга эришиш йўлидаги машаққатларни кўтара олмаган кишининг наздида ёмондир. Аммо, бор-куч ғайратини ишга солиб, пешқадамлардан бўлган киши наздида имтиҳонлар яхшидир.
Шаърофий ҳазратлари ояти каримадаги синовлар кетма-кетлигида дастлабки ўринда келаётган хавф (қўрқув)ни қуйидагича таъвил қилдилар:
Қўрқув — бу кишининг ваҳимага тушишидир. У бирор зарарга йўлиқиб қолишдан қўрқиб ички хотиржамлигини йўқотади. Нафс ҳамма нарсага кўникувчан. Аммо ваҳимакаш киши ҳаётнинг бир текис эмаслигидан ўзини бахтсиз ҳис қилиб яшайди. Қўрқув ва безовталик заруратсиз руҳий тушкинлик бўлиб, сиз агар нафсингизни қўрқувдан сақламоқчи бўлсангиз, ўша сизни қўрқитаётган ишни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабабларни тўхтатишга қаттиқ ҳаракат қилишингиз лозим. Бироқ хавотирларга таслим бўлсангиз, ҳар қанча тажрибангиз бўлса ҳам сизни қўрқитаётган ишлар қаршисида туриб бера олмайсиз. Чунки сиз тез орада мажбуран ваҳима қилавериб чарчаган жисмингиз билан мусибатга юзма-юз келасиз. Аслида ўша хатар етиб келгунга қадар нафсингиз унга аллақачон кўникиб, қабул қилишга тайёр бўлиб турган бўлиши лозим. Шундай қила олсангиз сиз бу вазиятдан соғ-омон чиқиб кета оласиз. Аммо ҳадеб хавотир олаверсангиз ва ҳадиксирашни кўпайтириб юборсангиз хавф-хатарни қўллаб-қувватлаган бўласиз. Бундай ҳолатда сиз ҳар қанча кучли ва фикрли бўлманг барибир сизни қўрқитган ишга қарши самарали кураша олмайсиз.
Қўрқув ва ваҳималар ичра яшайдиган кишиларга айтар сўзимиз шуки, сиз қўрқув билан келиши мумкин бўлган хатарни янада кучайтирмоқдасиз. Сизнинг бу хавотир ва ваҳимангиз хавф-хатарни тўхтатиб қўймайди. Шундай экан, сиз яхшиси ўзингизни қўрқитаётган ишни олдини олишга ҳаракат қилинг. Уни содир бўлишига йўл қўйманг! Ҳали бошингизга келмаган мусибатдан қўрқиб яшашни бас қилинг! Инсонларнинг офати шуки, улар ҳали бошларига тушмаган мусибатдан қўрқиб яшайдилар. Бу билан эса ўзларига мусибатли кунларни янада узайтириб оладилар.
Дейлик ўша мусибат бир ойдан кейин келар. Нима учун ҳали келмаган мусибатнинг умрини хавсираш ва ваҳима билан узайтирмоқдасиз? Агар сиз уни ўз ҳолига ташлаб қўйсангиз, мусибатнинг масофалари қисқариб етиб келган тақдирида ҳам, билингки, Ҳақ таоло қийинчилик юборган вақтида у билан лутф ва марҳаматини ҳам ёғдиради. Сиз ҳали келмаган мусибатларнинг дахшати билан яшар экансиз бу вақтда ўша мусибат билан бирга келадиган Ҳақнинг лутф ва марҳаматидан бенасиб бўласиз. Лекин келган вақтида унга сабр-бардош билан қарши чиқсангиз лутфсиз мусибатнинг ўзи билан яшамаган бўласиз.
Қўрқув билан синалган мўмин нима қилиши лозим? У қўрқиб ўтиргандан кўра келаётган хатарни тўхтатиш чораларини кўриши лозим. Агар шундай қила олса бу синовда ғалабага эришади.
Ояти каримада келтирилган иккинчи синовга юзланамиз. У очликдир.
Албатта очлик таомланишга бўлган кучли хоҳишдир. Ва у тирик қолиш учун зарурат ҳисобланади. Банданинг ризқи Аллоҳ таолонинг зиммасида эканлиги У зотнинг инсониятга бўлган раҳматидандир. Кишилар очарчилик вақтида фойдаланиш учун тўкинчиликда емишларини сақлаб қўядилар. Улар озуқаларни ёғ, гўшт ҳолатида олиб қўядилар. Қачонки оч қолсалар ва таом бўлмаган вақтда ўша сақлаб қўйилган ёғдан фойдаланадилар, у тугаса гўштдан оладилар. Гўшт ҳам тугаб қолса суяклардан фойдаланадилар. Инсоният шу тариқа жон сақлайди.
Одамнинг танаси бир қанча аъзолардан ташкил топган. Ушбу аъзоларнинг подшоҳи миядир. Модомики, мия хужайраларида ҳаёт бор экан бошқа аъзолар ҳам ишлайди. Агар мия ҳужайралари ишдан чиқса ҳаёт ҳам тугайди. Агар бирор кишининг мияси фаолиятдан тўхтаб комага тушиб қолса, сўнг ўзига келса фалончи ўлим ёқасига борганда шифокорлар муайян дорилар билан уни ўзига келтирибди дейилади. Қачонки инсоннинг мияси ишдан чиқса у вафот этади. Дарвоқе, агар кишининг юраги уришдан тўхтаб қолса шифокорлар ўз вақтида тезкорлик билан массаж қилсалар юрак яна уриб кетиши мумкин. Аммо мия ҳужайралари ўлса мана шу ҳақиқий ўлим бўлади. Чунки жисмдаги аъзоларнинг барчаси ўз хожасининг хизматини қилади. Ўша хожа миядир.
Ажабо, инсониятнинг қадр-қиймати мияси билан бевосита боғлиқ. Ҳайвонларники ҳам шундай. Аммо ўсимликларнинг хожаси илдизидир. Кузатган бўлсангиз аввало ўсимликларнинг барги тўкилади сўнг баланд шохлари қурийди, сўнгра эса танаси қурийди. Узоқ муддат сувсиз қолганда энг охирида илдизи қуриб кетади. Агар ўсимликнинг барча қисми қуриб кетсаю, ҳали илдизи тамом бўлмасдан олдин озгина сув қуйилса унинг яшиллиги қайтади, тирилади ва ўса бошлайди. Инсоннинг мияси ҳам шу каби. Қачонки киши тўплаб қўйган захирасида ёғлар тугаса гўшт билан, гўштлари тугаса суяклар билан озиқланади. Унинг миясини мана шу озуқалар ҳалокатдан қутқариб туради. Аъробий бир аёл очарчилик ҳақида шундай деган эди: «Бошимизга шундай кунлар келдики, бир йил ёғлар, бир йил гўштлар ва бир йил суяклар билан жон сақладик».
Биз тушунишимиз керакки, очлик ҳаётимиздаги ризқимизни гўзаллаштиради. Агар сиз оч бўлсангиз ҳар қандай таом лаззатли туйилади. Инсонлар турли-туман, ранг-баранг таомларни кўпайтиришга, нафси нимани хоҳласа ўшани ейишга интилади. Лекин қорни оч бўлса қандай таом бўлса ҳам унга кифоя қилади. Шунинг учун ҳам «очнинг таоми лаззатли, чарчаганнинг тўшаги оромли» дея бежизга айтилмаган. Инсон агар қаттиқ чарчаган бўлса дағал жойда бўлса ҳам маза қилиб ухлайди. Агар чарчамаган бўлса, ипак тўшакларда ётган бўлса ҳам, анча вақт ўнгу сўлига ағдарилиб уйқусини топа олмай ётади. Лаззатланиб ухламайди.
Шундай экан, очлик билан синалган киши оёқда туришига кифоя қиладиган таомга сабр қилиб яшайди. У лаззатланиб таомланмайди ва ейиш учун яшамайди. Инсон тирик қолиш учунгина кифоя қиладиган таомни ейишга интилар экан унга қандай таом бўлса ҳам кифоя қилади. Шу боис ҳам Аллоҳ таоло инсонлар очликнинг азиятига сабр қилишлари учун рўза тутишни шариат қилди. Чунки мўмин кишилар гоҳида уруш бўлиб қолса узоқ вақт озиқ-овқатсиз яшашига тўғри келиб қолади. Шундай вазиятларда агар киши нафсини очликка бардошли бўлишга кўниктирмаган бўлса очлик домида чарчаб қолади ва душманларга мағлуб бўлиши ҳеч гап эмас.
Не синоатки, Ҳақ таоло мўмин кишини ҳар қандай ҳолатга тайёр туриши учун мукаммал тарзда тайёрлайди. Мўмин кишига тўсатдан хатар келса унга тайёр бўлади, тўсатдан очлик келса унга ҳам тайёр туради. Зарурат миқдорича таомга қаноат қилади. Биз шундай бир жамиятларни кўрамизки уларга тўсатдан очарчилик, иқтисодий танглик келса бунга бардош бера оладилар. Айрим жамиятлар эса бундай ҳолга бардош бера олмайдилар. Шунинг учун ҳам дабда ва ҳашаматли муҳитда яшаётганларга шундай хитоб қиламиз: «Сиз замоннинг турфа хил ўзгариб турувчи ҳолатларига тайёр эмассиз!»
Иброҳим ибн Адҳам айтганларки:
و إذا غالا شيء علي تركته
فيكون أرخص ما يكون إذا غلا
Нимаки қимматлашса мен уни тарк қилурман
Нархи ошган нарсани энг арзон деб билурман…
Яъни ниманики нархи кўтарилиб кетса уни сотиб олма, ундан юз ўгир. У нарсаларнинг энг қиймати пастидир. Уни сотиб олиш учун ҳаргиз пулингни сарфлама…
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий “Ибтасим ва лаа таҳзан”китобидан Охунжон Аҳмад ва М. Абдуқаюм таржимаси.