Амир Темур ҳазратлари ҳаёти
Амир Темур ибн амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси амир Муҳаммад Тарағай барлос улусига мансуб беклардан, баҳодир жангчи, уламою фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган.
Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.
Амир Темур сиёсат майдонига кириб келган пайтда, Мовароун¬наҳр мўғуллар истибдоди остида бўлиб, Чингизхон ва Ботухон босиб ўтган шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланган, сув иншоотлари бузиб ташланган ёки ишга яроқсиз ҳолга келтирилган, Чингизхон Мовароуннаҳрни ўзининг иккинчи ўғли Чиғатойхонга суюрғол сифатида инъом қилган эди.
Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятида икки давр яққол кўзга ташланади. Биринчи даври (1360-1385) Мовароуннаҳрни мўғул хонлигидан озод қилиб, ягона марказлашган давлат тузиш, ўзаро урушларга барҳам бериш. Иккинчи даври (1386-1405) эса икки йиллик, уч йиллик, беш йиллик, деб аталувчи бошқа мамлакатларга юришлари билан характерланади.
1360-йиллардан бошлаб Амир Темур Мовароуннаҳрдаги ички низо, урушларда иштирок эта бошлади ва Мўғулистон ҳукмдори Туғлуқ Темурхон, унинг ўғли Илёсхўжага қарши курашлардан сўнг, Амир Ҳусайн устидан ғалаба қозонгач, 1370 йилда Мовароуннаҳр тахтининг ҳақиқий соҳиби бўлди ва Самарқандни ҳокимият пойтахти этиб белгилади.
Амир Темур тахтга ўтиргач, Чиғатой улусининг барча ерларига ўзини ворис деб билди ва Сирдарёнинг қуйи ҳавзасидаги ерларни, Тошкент вилоятини, Фарғона водийсини, Хоразмни ўз ҳукмронлиги остига киритди. Натижада, Мовароуннаҳр ва Хуросонда йирик марказлашган давлат вужудга кедди. Соҳибкирон сўнгги йилларда Эрон, Ироқ, Закавказье мамлакатлари, Ҳиндистон, Олтин Ўрда ва Туркия билан бўлган жангларда ғолиб чиқиб, салтанат ҳудудини шарқда Хитой деворига қадар, ғарбда — Ўрта ер денгизига, жанубда эса Ҳиндистон чегараларига қадар кенгайтирди.
Амир Темур Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Шом (Сурия) устига уч марта лашкар тортди. Бу юришлар тарихда «уч йиллик», «беш йиллик» ва «етти йиллик» урушлар номи билан машҳур. Уч йиллик (1386 — 88) ҳарбий юришлар оқибатида Жанубий Озарбайжон, Ироқнинг шимолий қисми, Гуржистон ва Ван кўли атрофидаги ерлар эгалланди.
Амир Темур шу билан бирга шимоли-ғарбдан, яъни Олтин Ўрда томонидан бўлаётган тазйиққа барҳам бериш мақсадида Тўхтамишга қарши уч марта қўшин тортишга мажбур бўлди. У 1389 йилда Дизақ (Жиззах)нинг Аччиқ мавзеида, 1391 йилнинг 18 июнида (ҳозирги Самара билан Чистополь шаҳрилари оралиғида жойлашган Қундузча (Кондурча) дарёси водийсида ва ниҳоят, 1395 йилда (28 февраль) Шимолий Кавказда Терек дарёси бўйида Тўхтамиш қўшинига қақшатқич зарба беради. Амир Темур ҳарбий юришлари оқибатида Қуйи Идил (Волга) вилоятлари, Сарой Берка, Саройчик ва Ҳожитархон (Астрахон) каби шаҳарлар ғорат қилинди. Амир Темур Тўхтамишни қувиб Рязань вилоятигача борди ва Елец шаҳрини ишғол қилди.
Шарафуддин Али Яздий Амир Темурнинг Москва юришини шундай таърифлайди: «Соҳибқирон Маскавга сориким, Руснинг шаҳарларидан эрди, таважжуҳ қилди. Анда етконда нусратшиъор черики ул вилоятни (шаҳар ва атрофини) чобтилар ва андағи ҳокимларни тобеъ қилди. Ва черикнинг эликларига сонсиз мол тушти…» («Зафарнома», 179-бет). Бу урушда Азақ (Азов), Кубан ва Черкас ерлари ҳам кучли азият чекди. Қизиғи шундаки, Амир Темур Идилнинг Туротур кечуви бўйида Ўрусхоннинг ўғли Қуйричоқ ўғлонни чақиртириб, унга қўлга киритилган собиқ Жўчи улусини инъом этди. Россия тарихчилари Бобур Д. Греков ва А. Ю. Якубовскийларнинг ёзишларича, Амир Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси, фақат Марказий Осиё учун эмас, балки бутун Шарқий Европа, шунингдек тарқоқ Русь князликларининг бирлашиши учун ҳам буюк аҳамият касб этган.
Шундан сўнг Амир Темур бутун эътиборини Эрон, Ироқ, Сурия, Кичик Осиё ва Ҳиндистон ерларини узил-кесил забт этишга қаратди. У беш йиллик (1392 — 96) уруш давомида Ғарбий Эрон, Ироқи Ажам ва Кавказни эгаллади, натижада музаффарийлар ва жалоирийлар сулоласининг ҳукмронлиги барҳам топди.
Амир Темурнинг Ҳиндистон устига қилган уруши (1398 йил май — 1399 йил март) қарийб ўн бир ой давом этди. Амир Темур Ҳиндистондан катта ўлжа, шу жумладан 120 жанговар фил билан қайтди. Ўлжаларнинг бир қисми қўшинга тақсимлаб берилди, қолгани Самарқанд ва Кеш шаҳриларида олиб борилаётган қурилишларга сарфланди.
Амир Темурнинг 1399 — 1404 йилларда олиб борган ҳарбий юришлари натижасида Шомнинг Ҳалаб (Алеппо), Хумс, Баалбек (Баъалбак), Димишқ (Дамашқ) каби йирик шаҳарлари ва Ироқи Арабнинг Убулистон ўлкаси (қадимий Каппадокия) билан Бағдод, шунингдек Туркиянинг катта қисми забт этилади. Анқара жангида Амир Темур жаҳоннинг буюк саркардаларидан бири Боязид Йилдирим устидан ғалаба қозонди. Туркия султони асирга олинди. У билан бирга хотини серб маликаси Оливера, ўғиллари Мусо ва Исо Чалабийлар ҳам асирга тушдилар. Сўнг, Амир Темур Анадолу ярим оролини эгаллаб, Ўрта денгизнинг шарқий соҳилида жойлашган Измир шаҳрини забт этди ва салибчиларнинг Яқин Шарқдаги охирги қароргоҳига барҳам берди. Сўнгра, Эгей денгизида жойлашган Хиос ва Лесбос оролларидаги Генуя мулкларининг ҳукмдорлари унга таслим бўлдилар, Миср ҳам ўз итоаткорлигини изҳор этди. Амир Темур Анқара, Никея, Бурса ва Измир шаҳриларини эгаллаб, Византия ва бутун насоро оламининг Боязидга йиғиб берган божларидан иборат катта бойликни қўлга киритди. Биргина Бурса шаҳридан олинган олтин ва жавоҳирларнинг ўзи каттагина карвонга юк бўлган. Банди қилинган Боязид ўрдугоҳга олиб келингач, Амир Темур унга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатди. Унинг вафотидан сўнг (1403 йил 9 март) эса ворисларига ҳиммат кўзи билан боқиб, уларга беқиёс мурувватлар қилди. Чунончи Боязиднинг тўнғич ўғли Сулаймон Чалабийни туркларнинг Европадаги вилоятларига ҳоким этиб тайинлади. Эдирне (Адрианополь) шаҳри унинг пойтахти қилиб белгиланди. Анадолунинг шимоли-ғарбий қисми суюрғол сифатида Исо Чалабийга инъом қилиниб, Бурса шаҳри унинг пойтахтига айлантирилди. Усмонли турклар давлатининг марказий қисмини бошқаришни Мусо Чалабийга топширди. Амир Темур Усмонли турклар давлатини бутунлай босиб олиш ниятида бўлмаган, чунки у Европа давлатларининг Яқин Шарқ мамлакатларига нисбатан тажовузкорона ниятда эканлигини яхши тушунар эди. Шунинг учун ҳам Амир Темур Усмонли турклар давлатини сақлаб қолди ва Боязиднинг ворисларига мурувват қўлини чўзди. Шундай бўлсада, Боязид устидан қозонилган бу ғалаба билан Амир Темурни Франция қироли Карл VI (1380 — 1422), Англия қироли Генрих IV (1399 — 1407) табриклаб, унга махсус мактуб юбордилар. Чунки Амир Темур эндигина уйғонаётган Европага улкан хавф солиб турган Усмонли турклар давлатига зарба бериб, бутун Европанинг халоскорига айланган эди.
Амир Темур Кичик Осиёдан Самарқандга қайтгач, 1404 йил 27 ноябрда 200 минг қўшин билан Самарқанддан Хитой сафарига чиқди. Бироқ Хитой устига юриш Амир Темурнинг Ўтрорда вафоти (1405 йил 18 февраль) туфайли амалга ошмай қолди. Амир Темурнинг вафоти ҳақидаги хабар гарчи аввалда сир тутилсада, аммо кўп вақт ўтмай бу нохуш хабар мамлакат бўйлаб тарқалиб кетади. Амир Темурнинг жасади Самарқандга олиб келиниб дафн қилинади.
Амир Темур — буюк давлат асосчиси. У Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни қамраб олган марказлашган улкан салтанатга асос солди. Бундан ташқари Амир Темур давлатига Кичик Осиё, Сурия, Миср ва шимоли-ғарбда Қуйи Волга, Дон буйлари; шимоли-шарқда Балхаш кўли ва Или дарёсигача; жануби-шарқда эса Шимолий Ҳиндистонгача булган мамлакатлар буйсундирилди. Амир Темур давлатни ақл-заковат ва ҳуқуқий асос билан идора этган. Унинг «…давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим», деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир.
Амир Темур ҳаётлиги чоғидаёқ салтанатни асосан тўрт қисм (улус)га бўлиб, ўғил, набираларига тақсимлаб берган: Хуросон, Журжон, Мозандарон ва Сейистон (маркази Ҳирот) Шоҳрухга, Ғарбий Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Арманистон (маркази Табриз) Мироншоҳга, Форс, яъни Эроннинг жанубий қисми (маркази Шероз) Умаршайхга, Афғонистон ва Шимолий Ҳиндистон (маркази Ғазна, кейинчалик Балх) Пирмуҳаммадга суюрғол қилиб берилган. Амир Темур давлати ўзига хос тартиб-қоидаларга асосланган ҳолда идора этилган. Амир Темур асос солган бу давлат Хуросон ва Мовароуннаҳрда 16-аср бошигача мавжуд бўлиб, Шайбонийхон томонидан тугатилган.
vakillik.uz
Раҳимберди домла Раҳмонов
Тошкент шаҳар бош имом хатиби